Кимёгарлар — Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилоятидаги шаҳарча (1952-йилдан). Самарқанд шаҳар ҳокимиятига бўйсунади. Транспорт йўли стансияси (Суперфосфат). Самарқанд шаҳригача 12 км. Аҳолиси 15 минг кишидан зиёд (2005). Кимёгарлар шаҳарчасида кимё, керамзит, асфалт заводлари, саноат буғилаш корхонаси, тамаки ферментациялаш ҳамда сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган "Самарқанд—Алекс" Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси мавжуд. Шунингдек, гемир-бетон конструксиялари ишлаб чиқариш корхонаси, газ таъминоти автокорхонаси, автомобил таъмирлаш устахоналари фаолият кўрсатади. Савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, бозор бор. 2 та умумий таълим, интернат мактаби, болалар мусиқа мактаби, Боғишамол касб-ҳунар мактаби, республика ҳарбий лицейи мавжуд. Кутубхона, "Кимёгарлар саройи", маданият уйи, стадион, спорт зали бор. Касалхона поликлиникалардан ташкил топган шаҳар тиббиёт бирлашмаси, вилоят руҳий касалликлар маркази аҳолига хизмат кўрсатади.