Kinofestival
Кинофестивал (кино… ва франс. фестивал — байрам) — кино санъати асарларининг турли шаклда ўтказиладиган кўриги. Кинематографияси ривожланган кўпгина давлатлар миллий кино санъатининг энг яхши ютуқларини намойиш этиш, кейинги ривожланиш йўналишини белгилаб олиш, халқларнинг ўзаро яқинлашуви, санъат ривожига ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида кинофестиваллар уюштиради.
Кинофестивалнинг анъанавий тури — халқаро кинофестиваллардир. Улар конкурсли ёки конкурссиз, ихтисослашган ва ихтисослашмаган бўлади. Конкурсли халқаро кинофестивалларда ҳакамлар ҳайъати филм яратувчилари (режиссёр, актёр, оператор, рассом ва бошқалар)ни мукофот, соврин, диплом ва бошқа билан такдирлайдилар. Конкурссиз фестивалда кўрсатилган ҳар бир филм „фестивал катнашчиси“ деган диплом, шунингдек, турли ташкилотлар таъсис этган мукофот ва совринларга эга бўладилар.
Махсус халқаро кинофестиваллар жанрлар (ҳужжатли, мултипликацион, илмий-оммавий, реклама филмлар ва бошқалар), регионлараро (Осиё, Африка ва Лотин Америкаси, Болтиқ бўйи ва МДҲ, араб мамлакатлари ва бошқалар), бошқа ажратиб турувчи жиҳатлар (ёш режиссёрлар филми, фестиваллар фестивали, аёл режиссёр каби) асосида ўтказилади. Ҳар бир кинофестивалнинг аниқ белгиланган вақти („кун“, „декада“, „туркум“, „ойлик“, „ҳафталик“ каби) ҳамда кўрсатиладиган филмлар сони (конкурсга киритилган ёки информацион филмлар) олдиндан маълум бўлади. Регламентга асосан илгари бирор кинофестивалда мукофотланган филмлар конкурсга киритилмайди.
Жаҳонда ўтказиладиган энг йирик кинофестиваллардан қад.си Венеция (Италия) кинофестивалидир (1932). Бу фестивалнинг Бош. соврини „Авлиё Маркнинг олтин шери“ (энг яхши филмга, энг яхши дебютга, энг яхши аёл ва эркак ролига). Cаннес халқаро кинофестивали 1946-йил дан ҳар йили апрел—май ойларида ўтказилади. Бош соврини „Олтин палма шохи“, Катта махсус соврин „Олтин камера“ (энг яхши аёл ва эркак роли, энг яхши режиссура, энг яхши операторлик иши, энг яхши дебют учун).
Берлин халқаро кинофестивали 1951-йилдан мавжуд. Энг катта соврин „Олтин айиқ“, кейингиси „Кумуш айиқ“. Ҳар йили СанСебастян (Испания)да ўтказиладиган халқаро кинофестивал 1953-йилдан фаолият кўрсатади. Совринлари: „Катта олтин чиғаноқ“, „Олтин чиганоқ“, „Кумуш чиғаноқ“.
Москва халқаро кинофестивали 1959-йилдан ўтказилади. Бош соврини „Авлиё Георгий“.
Биринчи Тошкент халқаро кинофестивали 1968-йилда ўтказилган. Шундан буён Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари фестивали сифатида фаолият кўрсатади. Бош соврини: „Олтин семурғ“ (энг яхши филм учун), „Хўжа Насриддин“ (энг яхши режиссура учун), „Кумуш семурғ“ (энг яхши дебют учун), „Олтин арча“ (энг яхши эркак роли учун), „Олтин лола“ (энг яхши аёл роли учун) (яна қаранг Тошкент халқаро кинофестивали)[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |