Kinoshunoslik
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Киношунослик – кино санъати ҳақидаги фан, санъацҳунослик соҳаси; кино санъати назарияси ва амалиётини, тарихи, унинг тараққиёт йўлларини, шунингдек, актёр ижоди, режиссура, кинодраматургия муаммолари, киномусиқа, операторлик санъати ва бошқаларни ўрганади ва тадқиқ этади. Киношунослик соҳасига кино назарияси ва тарихи, кино танқидчилиги ва қўшимча бўлим сифатида кинобиблиография ва филмография киради.
Ўзбекистонда киношунослик ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланган. Унда ёзувчи, журналист, муҳаррир ва бошқа томонидан кино ҳақида кўплаб мақола ва тақризлар ёзилган. 1930-йилларда ўзбек киносининг бошловчилари Наби Ғаниев, Сулаймон Хўжаевлар ҳам кино ҳақида рисола ва мақолалар эълон қилганлар. 1949-йилда Зикрилла Калоновнинг „Совет Ўзбекистони кинематографияси“ номли биринчи китоби ўзбек ва рус тилларида чоп этилди.
1950-йилларда адабиёт соҳасида ишлайдиган кинотанқидчилар ва илмий ходимларнинг бир гуруҳи миллий экран санъатининг ривожланиш жараёнини ўрганишга киришдилар. Бунга ўша даврда ишлаб чиқарилган филмлар доирасининг кенгайиши, йирик кино усталари гуруҳининг шаклланиб бораётганлиги туртки бўлди. С. Муҳамедов, Р. Пирмуҳамедов, М. Мелкумов, А. Абдуллаев каби киночиларнинг ўзлари ҳам киношунослик билан шуғулланганлар.
Ўзбек киношунослигининг расмий ривожи 1960-йилларнинг бошларидан бошланган. Бу Санъацҳунослик институтига ишга келган бир гуруҳ киношунослар фаолияти билан боғлиқ. Жўра Тешабоев, Х. Абулқосимова, Ҳ. Акбаров, Б. Ҳасановлар шулар жумласидан. Кейинчалик бу бўлимга М. Мирзамуҳамедова, С. Хўжаева, В. Кошелева, М. Зоҳидов, С. Ҳайитметова қабилар келиб қўшилдилар. Бу даврда М. Алиев („Комил Ёрматов“, 1960), Ж. Тешабоев („Комил Ёрматов“, 1964; „Совет Ўзбекистони кино санъати“, 1968; „Шукур Бурҳонов“, 1968; „Асад Исматов“, 1968), Х. Абулқосимова („Наби Ғаниев“, 1965; „Ўзбек киносининг туғилиши“, 1967)ларнинг кино санъатининг ривожланиш жараёни, тараққиёт тарихи, ўзбек кино усталарининг ижоди ва бошқа масалаларга оид асарлари яратилди.
Асосий эътибор энди миллий кино назарияси масалаларига қаратилди, миллий кинодраматургия ва режиссура ривожи, театр актёрларининг кино санъати ривожига қўшаётган ҳиссаси, кинонинг бошқа санъат турлари билан ўзаро боғлиқлиги каби масалаларга қаратилган асарлар яратилди. Ўзбек киносидаги анъана ва бунёдкорлик, миллийлик ва байналмилаллик, машҳур кино ижодкорларининг ҳаёт ва ижод йўлини ёритишга алоҳида эътибор қаратилди. Б. Ҳасановнинг „Малик Қаюмов“ (1970), „Ўзбек ҳужжатли киноси“ (1972), Ҳ. Акбаровнинг „Етуклик“ (1971), „Сеҳрли нур“ (1977), Х. Абулқосимованинг „Таниқли режиссёр“ (1971), „Йўлдош Аъзамов“ (1972), „Шуҳрат Аббосов“ (1976), Ж. Тешабоевнинг „Қаҳрамон – йирик планда“ (1972), „Тараққиёт йўли ва изланишлар“ (1973), „Устанинг бахти“ (1975), „Ўзбек киноси: анъана ва ижодкорлик“ (1979) каби асарлари нашрдан чиқди. Болалар киноси ва ривожига бағишланган, „Ўзбекфилм“да яратилган болалар ва мултипликацион филмлар тавсифланган М. Мирзамуҳамедованинг „Ўзбекистонда болалар киноси“ (1976) китоби нашр этилди.
1*80-йилларда янги китоблар билан бир қаторда кино соҳасидаги муҳим муаммоларга бағишланган тадқиқотлар амалга оширилди. Уларда кўпроқ республика кино санъатининг турли жабҳалари, миллий санъатда ўзбек киносининг тутган ўрни ва роли, телевидение ва телевизион филмлар муаммоларига эътибор берилди. Ҳ. Акбаровнинг „Зоҳид Собитов“ (1980), „Адабиёт ва кино“ (1981), „Латиф Файзиев“ (1985), „Ўзбекистон кино ва телевидениеси“ (1989), М. Мирзамуҳамедованинг „Ўзбекистон болалар киноси“ (рус тилида, 1982), С. Хўжаеванинг „60—70-йиллар Осиё ва Африка мамлакатлари кино санъатидаги илғор ғоялар“ (1982), Ж. Тешабоевнинг „Ўзбек киноси: изланишлар ва ишончлар“ (1984), Х. Абулкрсимова, Ж. Тешабоев, М. Мирзамуҳамедоваларнинг „Ўзбекистон киноси“ (1985) каби асарлари шулар жумласидан.
Мустақиллик йилларида киночилик муаммоларини янгича, янги давр нуқтайи назаридан ҳал этиш йўлларини излаш кўзга ташланади. Бу йилларда нафақат ўзбек киносига балки ҳинд, турк, араб мамлакатлари, қўшни давлатлар кинематографиясига оид илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Шунингдек, ўзбек киносининг жанр ва турлари (мултипликация, ҳужжатли кино, комедия, телесериаллар ва бошқалар)га бағишланган тадқиқий ишлар ҳам пайдо бўлди. Киношунослик бўлими аспирант ва илмий ходимлар билан тўлдирилди.
Ўзбекистонда киношунослик масалалари Санъацҳунослик илмий тадқиқот институтининг кино бўлимида ўрганилади. Киношуносликка оид мақолалар „Санъат“ журнали, „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетаси ва бошқа нашрлар саҳифаларида ёритиб борилади.
Яна қаранг
Адабиётлар
- Тешабоев, Жўра. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.