Киста (юнонча: кистис — пуфак) — турли аъзо ва тўқималарда вужудга келадиган, қалин девор билан ўралган ва ичида суюқ ёки бўтқасимон массаси бўлган патологик бўшлиқ. К., кўпинча, тухумдонда, турли қаватларда, жигар, буйрак, ўпка, ҳатто бош мияда учраши мумкин. Безли аъзолар секрет чиқарув йўлларининг беркилиб қолиши натижасида келиб чиқадиган димланиш К.си (ретенсион К.); тўқималар шаклланишининг бузилиши оқибатида пайдо бўладиган туғма К. (ўпка, жигар, буйрак ва бошқаларда); томир ёки без ўсмасидан иборат бўлиб, ичига сув тўпланиши туфайли К.га айланадиган ўсмасимон К. (каверноз ангиома); шикастланиш натижасида эпителий силжиши ва тагидаги тўқимага киришидан ҳосил бўладиган травматик К. (мас, кўз рангдор пардаси К.си), шунингдек, гижжалар (эхионококк систицерк)нинг тўқима ва аъзоларга жойлашиб олишидан вужудга келадиган паразитар К. ва бошқа хил К.лар бор.

Тухумдон К.си кўп учрайди. У хавфсиз ўсма бўлиб, Грааф пуфакчалари ёрилмай қолиши сабабли фолликул деворлари секин-аста кенгайиб, унда суюқлик тўпланиши натижасида вужудга келади. Пуфакчаларда банд (оёқча) бўлиб, агар у буралиб қолса, қорин тўсатдан қаттиқ оғрийди. К. ёнғоқдек, баъзан олмадай бўлиши мумкин. К.си бор аёл мунтазам врач назоратида туриши лозим. К. йиринглаши, атрофидаги тўқималарни сиқиб қўйиши ёки хавфли ўсмага айланиши мумкин. Дори-дармонлар билан К.ни йўқотиб бўлмаса, операция қилиб олиб ташланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил