Kiyev viloyati
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Киев вилояти — Украинадаги вилоят. 1932-йил 27 февралда ташкил этилган. Майдон 28,1 минг км2. Аҳолиси 4510 минг киши (1997), асосан, украинлар, шунингдек, рус, яҳудий, белорус, поляк ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 25 туманга бўлинган; 22 шаҳар, 29 шаҳарча бор. Маркази — Киев шаҳри.
Киев вилояти Полесе ва Днепр бўйи пасттекисликлари, жанубий ва жануби-ғарбда Днепр бўйи қирларида жойлашган. Ер юзаси, асосан текислик. Фойдали қазилмалари: минерал қурилиш материаллари, торф, қўнғир кўмир. Иқлими мўътадил континентал. Январнинг ўртача температураси шимолида −6,5° дан жануби-ғарбида −5,5° гача, июлники шимолида 17,5°, жануби-ғарбида 20°. Йилига 500-600 мм ёғин тушади. Асосий дарёси — Днепр. Тупроги шимолий қисмида чимли подзол, жанубида подзоллашган қоратупроқ.
Киев вилояти саноатида машинасозлик ва металлсозлик, кимё ва нефт кимёси, озиқовқат ва енгил саноат етакчи ўринда. Вилоят саноати Киев ГЕС, Киев гидроаккумулятив электрстансияси, Трипол ГРЕС, қисман Чернобил АЭС ва б.да ишлайди. Машинасозлик ва металлсозлик саноатида кимёвий жиҳозлар (Фастов), қишлоқ хўжалиги машиналари (Белая Серков), экскаваторлар (Бородянка), торф қазиш техникаси (Ирпен), озиқ-овқат саноати учун жиҳозлар (Бровари, Гребёнки), уй-рўзғор совуткичлари ва электр дазмоллар (Василков), электротехника (Фастов, Белая Серков), санитария техникаси жиҳозлари (Ржишчев) ва бошқалар ишлаб чиқарилади. Броварида кукун металлургияси заводи ишлаб турибди. Саноат мажмуасида озиқ-овқат саноати, қисман шакарқанд, сут, мой-сир, спирт (Трилеси, Красная Слободка, Стадница), гўшт, сабзавот консерва (Белая Серков) заводлари салмоқли ўрин тутади. Енгил саноатининг тикувчилик, трикотаж, тўқимачилик, кўн поябзал, зиғир тола каби тармоқлари, кимё ва нефт кимёси саноатида Белая Серков шина ва резина асбест буюмлари ишлаб чиқариш бирлашмаси, Бровари пластмасса заводи, Немешаевода биокимё препаратлари заводи бор. Ёғочсозлик, жумладан, мебел саноати анча ривожланган. Темир-бетон буюмлари (Белая Серков, Вишгород), ғишт (Стайки, Белая Серков, Буча), ойна-шиша (Бабинси, Буча ва бошқалар) ишлаб чиқарилади, гранитга ишлов берилади (Буча). Бадиий керамика, бадиий каштачилик ривож топган.
Қишлоқ хўжалигида, асосан, ғалла етиштиради. Техника экинлари, картошка ва сабзавот экилади. Чорвачилиги сут-гўшт етиштиришга ихтисослашган. Шаҳар атрофида сабзавот-сут хўжалиги кенг тараққий этган. Кузги буғдой, қанд лавлаги, картошка, толали зиғир, сабзавот экилади. Боғдорчилик ва резавор мевачилик ривожланган. Қорамолчилик, чўчқачилик, паррандачилик, шунингдек, асаларичилик, ипакчилик, балиқчилик ривожланмокда. Темир йўл ва автомобил транспорти йўллари, аэропорт бор. Киев вилоятида Белая Серков қишлоқ хўжалиги институти, бир неча илмий тадқиқот институтлари жойлашган.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |