Клеёнка (рус.) — нам ўтказмайдиган модда қопланган махсус мато. Қоплама материалига қараб, мойли (ўсимлик мойларидан тайёрланган қопламали), латекли (консентрланган синтетик латексдан тайёрланган қопламали) ва поливинилхлоридли К.лар бўлади. Клеёнкач.да хом сурп, саржа, виктория, диагонал, белтинг ва бошқа газламалардан фойдаланилади. Мойли К. тайёрлашда, олиф қайнатилади ва унинг асосида каолинли (каолиннинг сувдаги суспензияси эмулгатор ва олифдан иборат) ҳамда бўёқли (пигментдан иборат) грунтлар тайёрланади. Сўнгра бу грунтлар олдиндан тозаланган ва дазмолланган матога бир неча қатламда суркалиб, каландрдан ўтказилади ва ҳар қайси қатлам қуритилади. Кейин керакли расмлар чизилиб локланади. Латекс К. тайёрлашда латекс грунтлар тайёрланади, матога тайёрланган грунтлар билан 4—6-марта ишлов берилади; бунда ҳар қайси ишлов беришда мато қуритиб олинади. Босма бўёқ, берилади, локланади, босма гул солинади ва вулканизацияланади. Поливинилхлоридли К. поливинилхлориднинг эмулсияли ва суспензияли турларидан ишлаб чиқарилади. Бундай тайёрланган қоришма мато сиртига суркалиб термик ишлов бериб олинади. К. техника, тиббиёт, уй-рўзғор, маиший корхоналар, матбаа ва бошқа кўп соҳаларда ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил