Кўҳна арк – Хивадаги меъморий ёдгорлик (17—ХИХ асрлар). Арк ХВИИ асрдан ХИХ аср ўрталаригача бўлган давр оралиғида шаклланган[1]. Ичан қаланинг ғарбий қисмида жойлашган. Кўҳна Арк (тарҳи 130 х 93 м)даги бинолар, асосан, ХВИИ асрда Анўшахоннинг ўғли Арангхон даврида уста, шоир Мавлоно Вафоий томонидан қурилган. 1804—06 йилларда қайта тиклаб таъмир этилган. Кўҳна Арк тўрт ҳовлига бўлиниб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган. Шарқ томондаги дарвозадан ўнг томондаги йўлакка ўтилиб, у орқали сарой масжиди ва хоннинг зарбхонасига борилади. Ҳарамхона аркнинг шим.да, кўринишхона ғарбий қисмида, ўртасида Оқ шайх бобо кўшки жойлашган. Дарвозанинг чап томонида хоннинг хизматкорлари яшайдиган хоналар, омборхона ва отхоналар бўлган (сақланмаган).

Аркда Оқшайхбобо номли кўшкнинг қолдиқлари сақланиб қолган. Кўшк атрофида секин-аста шаҳар пайдо бўлган. Охирги Хива хонларининг саройлари ҳам шу ерга қурилган эди. Қал’анинг пайдо бўлиш тарихини Хива шаҳрининг ҳам тарихи деса бўлади. Хом ғиштдан қурилган қўрғон девоир билан ўраб олинган аркнинг ҳудудида ҳозир фақат ХИХ асрга оид бир неча бино сақланиб қолган, холос. Лекин қадимги арк шаҳар ичида ўзига хос шаҳардек эди. Аркда хон ва унинг оиласи, амалдорлари учун уй-жойлар бўлган.

Аркда кўринишхона (қабулхона), зарбхона, ёзги масжид ва ҳарамхона биноларидан ташқари илгари аслаҳахона, ўқ-дори тайёрлайдиган устахона ва ўқ-дори омбори, хон қариндошлари ва амалдорлари учун идоралар, ошхона, отхона, зиндон ва қўчқор уруштирадиган махсус майдон ҳам сақланиб қолган.

Кўҳна Арк атамаси шаҳарда 1832-1838-йилларда яна шундай бир сарой – Тошҳовли бунёд этилгач қўлланила бошланган[2].

Хоналар қатори бирлашиб, ўртада ҳовли ташкил этган. Ҳовлиларнинг биридан-бирига ўтиш учун махсус йўлаклар бор.

Кўҳна Аркда Муҳаммад Раҳимхон қабулхонасига кирган бир элчининг ма’лум қилишича, сарой дарвозасидан кўринишхонага боргунча ўртада уч ҳовли босиб ўтилган. Аркнинг дарвозаси шаҳардаги Полвон дарвозага ўхшаш экан. Дарвозанинг буржлари тепасида гумбазли фонус бўлган. Майда равоқчалар қатори ён томондаги қал’а деворига уланиб кетган эди.

Аркдаги бузилиб кетган хонанинг тузилиши ҳақида бирор фикр юритиш қийин. Лекин сақланиб қолган кўринишхона, ёзги ва қишки масжид, зарбхона (хазина) ва ҳарам бинолари қўнғирот сулоласидан чиққан дастлабки хонларнинг саройлари ҳақида қисман тасаввур беради.

Сарой иморатларининг ташқи кўриниши унчалик диққатни жалб этмайди. Чунки ўтмишда бу биноларга бошқа бинолар туташиб кетганидан фасади бекилиб кетган. Биноларнинг бадиий архитектура хусусияти ва афзалликларини ҳовлилардан кўриш мумкин. Айниқса, Хиванинг ажойиб айвонлари диққатга сазовор. Ҳар бир айвон тузилишида, ўз ўрнига қараб, функсия ва бадиий талаблар атрофлича ечилган.

Зарбхона (14,0 х 17,0 м) Муҳаммад Раҳимхон И ҳукмронлиги даврида (1806—25) бунёд этилган. Гумбазли учта хонадан иборат. Бу ерда ҳукмронлик қилаётган хоннинг муҳри босилган тилла, кумуш ва қарғапул чақалар зарб этилган.

Масжид (15,8х 12,8 м) ва айвони (7,4 х 13,0 м) ҳамда қатор хоналар (10,0 х 10,0 м) ҳовли атрофида жойлашган. Ҳовлининг жан.даги айвон шим.га қаратиб қурилган. Деворлари рангбаранг парчинлар билан безатилган. Шифтини икки қаторли 6 та устун кўтариб туради. Ус тун тепаси қошлар билан, поюстуни мармар курсилар билан безатилган. Жанубий деворининг ўртасида меҳроб бор. Жан.-ғарбий бурчагига эса минбар ўрнатилган. Айвоннинг ён томонидаги эшикдан хонақоҳга кирилади. Унинг девори чорси ғиштлардан терилган, безаксиз. Томи ёғоч тўсинли вассалар билан ёпилган. Зарбхонанинг хоналари пишиқ ғиштдан қурилган, томи балхи гумбаз билан ёпилган (1937-йилда гумбазлари қайта тикланган).

Кўринишхона – хон қабулхонаси, Арангхон ҳукмронлиги даврида (1686—88) қурилган. Ҳозирги кўриниши Элтузархон томонидан барпо этилган (1804—06)[3]. Кошинқори безаклари Оллоқулихон ҳукмронлиги даврига (1825—43) хос[4]. Умумий ўлчами 27,8 х 26,9 м. Ҳовли (13,5 х 17,5 м)нинг жан.да шимолга қаратиб қурилган баланд айвон ва икки ёнидаги гулдасталар кошин-парчинлар билан безатилган. Айвоннинг орқа томонида хон қабулхонаси – тахт турадиган хона жойлашган. Хона деворлари ганчкори нақшлар билан безатилган. Шарқий деворига косамонлар ишланган. Ғарбий девори муқарнасли, у ерда хоннинг тахти бўлган (ҳозир Москвадаги қурол-аслаҳа палатасида сақланмоқда). Хона шифтлари А. Болтаев ва Р. Машариповлар томонидан қайта таъмирланган (1934). Чап томонидаги эшикдан ҳовлига чиқилган. Омборхона, отхона ва хизматкорлар яшайдиган хоналарни (сақланмаган) кўринишхона билан боғлайдиган йўлак бор, унинг ўнг томонидаги кичик ҳужрадан зина орқали иккинчи қанатга чиқилган. Ҳовлининг ғарбий томонида қатор хоналар икки қанатли бўлган (1998—99 йилларда иккинчи қанати қайта тикланди). Шим.даги хоналар ХХ аср бошларида Европа услубида қурилган. Ҳовлининг ўртасида ғиштдан ишланган доира шаклидаги супага чодир тикилиб, у ерда хон элчиларни қабул қилган.

Кўринишхонанинг икки катта устунли баланд айвони алоҳида ажралиб туради. Бу айвонда тантанали расмий қабуллар ўтказилган, давлат ишлари ҳал этилган. Шунинг учун ҳам айвон кўринишли ва ҳашаматли қилиб солинган. Ҳарамдаги бир устунли айвонлар эса ихчамроқ, уй-жой архитектурасига хос содда ва хон қабулхонасидаги каби ҳашамдор эмас. Кўп сутунли кенг айвондаги меҳроб ва минбар бинонинг ёзги масжид эканлигини кўрсатиб турибди.

Айвон ва унга ёнма-ён залдан ташқари, ғарб томондан ҳовлига қатор хоналар ёндошган эди. Бу ярим қоронғи қўш қават хоналарда хазина, кутубхона ва хоннинг дам олиш жойи бўлган.

Айвоннинг шарқидаги кичик хона илгари ҳовлига ўтадиган йўлак хизматини ўтаган, ҳовли деворлари қисман қайта қисман қайта тикланган, бироқ деворларда илгари ҳам ҳозирдагидек ҳеч қандай безак бўлмаган. Шунинг учун ҳам кўримсиз ғишт деворлар фонида айвоннинг гиламдек ранг-баранг безаклари яққол кўзга ташланади, тезда э’тиборни жалб этади. Девор юзаси турли хил ўсимлик ва геометриc шаклларни тасвирловчи сиркор парчинлар билан қопланган. Деворнинг ложувард, оқ, зангори ранглардан ташкил топган сиркор безаклари айвон шипидаги шингарф зарҳали ёрқин бўёқ нақшларидан кескин фарқ этади. Кўҳна Аркдаги айвон ва ёзлик масжид Оллоқулихон даврида (1825 – 1842) янгидан қурилган экан. Айвондаги сиркор безакларни ҳам шу даврга тааллуқли дейдилар (айвон шипидаги нақшлар 1933 – 1934-йилларда та’мирланиб, қайта бўяб тикланди). Шунинг учун ҳам ёзги масжид ва кўринишхонадаги нақшлар сиркор парчинларни рангвор тузилиши бир-бирига ўхшайди.

Ҳарамхона Муҳаммад Раҳимхон ИИ ҳукмронлиги даврида қурилган (1865-1910). Умумий ҳажми 62,0 х 32,6 м бўлиб, катта ҳовли (50,0 х 14,5 м)нинг шим. ва шарқий томонида икки қанатли қатор хона ва айвонлар бор. Шим.даги икки қанатли хоналарнинг биринчи қавати Европа услубида қурилган, ҳар бири билан дахлиз орқали боғланган. Иккинчи қанатда қатор устунли айвончалар бор. Фапбий қисмидаги айвон баланд қурилган бўлиб, икки ёнидаги гулдасталари билан ажралиб туради. Гулдасталар гумбази рангли кошинлар билан қопланган. Айвон тўсинлари ва устунлари, панжаралар Хива меъморлигига хос услубда безатилган. Айвон ва хоналар шифти турли рангдаги бўёкли нақшлар билан безатилган. Ганчдан косамонлар ва турли нақшлар ишланган. Ҳозир ҳарамхонанинг бир қисмида музей-қўриқхона идораси жойлашган.

Тахтхонанинг деворларида маҳаллий ганчкорлик сан’атини кўрамиз. Бу ўймакорлик бадиийлик жиҳатдан айвондаги сиркор парчин қопламалардан анча паст туради. Хон тахти чўзиқ залнинг энг тўридаги декоратив гумбаз остида турар эди. Шакли унча мураккаб бўлмаган бу тахт ёғочдан ясалган бўлиб, усти нақшкор кумуш билан қопланган.

Ёзги ва қишки масжидлар ҳамда зарбхона ягона бино сифатида бир вақтда қурилган. Масжиднинг ҳовлиси унча катта эмас. Атрофи гумбазли хоналар билан ўралган. Бу ерда тангалар зарб этилган.

Оқ шайх бобо кўшки нинг умумий ҳажми 60х40 м, баландлиги 11 м бўлиб, хом ғиштдан пирамида шаклида шарққа қаратиб қурилган икки қанатли айвон шаклидаги бино (тахминан 2—ИИИ асрлар). 16— ХВИИИ асрларда қайта қурилиб, ҳарбий мақсадлар учун мослаштирилган. Кўшкга икки минора ўртасидаги зиналар (1993—96 йилларда қайта тикланган) орқали чиқилган. Ҳозир Оқ шайх бобо кўшки ХИХ аср охиридаги фотосуратлар ва илмий тадқиқот асосида асл ҳолига келтирилиб, таъмирланган.

Абдусафий Раҳмонов.[5]

Манбалар

  1. ↑ Маньковская Л., Булатова В. Памятники зодчества Хорезма. – Т.: Издательство литературы и исскуства имени Гафура Гуляма, 1978. – С.86.. 
  2. ↑ Юнусов М. ва бошқалар. О’збекистоннинг архитектура ёдгорликлари тарихи. – Т.: Навро’з, 2011. – Б.204.. 
  3. ↑ Булатова В., Ноткин И. Хива обидалари. – Т.: Ўзбекистон, 1972. – Б.15.. 
  4. ↑ Маньковская Л., Булатова В. Памятники зодчества Хорезма. – Т.: Издательство литературы и исскуства имени Гафура Гуляма, 1978. – С.88.. 
  5. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил