Кўл.

Кўл — чуқур жойларда тўпланган табиий сув ҳавзаси. Ернинг барча иқлим ва ландшафт зоналари — иссиқ, мўтадил ва совуқ, кўп ёғинли ёки қурғоқчил раёнларида мавжуд. Кўпчилик Кўллар денгизга муайян дарё орқали ўтиб тушади. Қурғоқчил жойларда оқмас кўл ҳам кўп. Энг катта оқмас кўллар — Каспий денгизи ва Орол денгизидир. Кўл ўрнининг пайдо бўлишига қараб бир неча турга бўлинади. Ернинг ички кучлари таъсирида пайдо бўлган тектоник кўл катта ва чуқур бўлади (Каспий, Юқори кўл, Виктория, Орол денгизи, Гурон, Мичиган, Танганика, Няса, Байкал, Иссиқкўл). Зилзила натижасида дарё ўзанига тоғ ён бағирларининг қулаб тушишидан юзага келган қулама (тўғонли) Кўл (Помирдаги Сарез кўли, Яшилкўл, Зарафшон, ҳавзасидаги Искандаркўл, Озарбайжондаги Гўккўл ва бошқалар) ҳам тектоник Кўл ҳисобланади; вулқонли Кўл сўнган вулқонлар кратерида, лана қопламаларининг чуқур, пастқам жойларида ҳосил бўлади; гид роге н Кўл дарё, денгиз ва ер ости сувлари фаолияти натижасида вужудга келади. Гидроген Кўл дарё кайирларининг пастқам жойларида ҳосил бўлган қайир Кўл, қолдиқ ўзан ўрнидаги Кўл, делтанинг пастқам жойларида вужудга келган делта Кўл, оҳактош ва гипс каби жинслардан таркиб топган жойларнинг чўкиши натижасида ҳосил бўладиган карст Кўл, абадий музлоқ ерлар чўккан жойлардаги термокарст Кўл, остки қат-ламлардаги жинсларни ер ости сувлари ювиб кетиши натижасида ташкил топган лагува Кўл, лиманларнинг денгиздан ажралиб келиши натижасида шаклланган лиман Кўлга бўлинади. Глясиоген Кўл музликларнинг эрозион ва аккумулятив фаолияти натижасида вужудга келади. Улар дарё водийларининг морена ётқизиқлари билан тўсилиб қолиши натижасида ёки морена ётқизиқлари орасидаги чуқурликларда ҳосил бўлган морена Кўл ва тоғ ён багирларидаги кар музликлари ўйиб кетган жойларида ҳосил бўлган кар Кўлга бўлинади. Сув омборлари ва ҳовўзлар сунъий Кўл дейилади.

Суви ташқарига оқиб чиқишчиқмаслигига кўра, оқар ва оқмас Кўл., шўрлигига кўра, чучук, шўртанг, шўр ва жуда шўр (аччиқ) Кўл, сув температурасига қараб илиқ (тропик), совуқ (қутбий) ва аралаш типдаги (мўтадил) Кўл, тузларнинг кимёвий таркибига кўра, гидрокарбонатли ва карбонатли (НСО3+СО4), сулфатли (СО4), хлоридли (CЛ) Кўл га бўлинади. Лойқа босиши, қирғоқларнинг шаклланиб туриши натижасида Кўлнинг шакли ва катталиги ўзгариб туради.

Кичик кўл атрофидаги дарахтлар

Кўлдан балиқчилик, сув транспорти, сув таъминоти, суғоришда, ҳар хил минерал тузлар, шифобахш балчиқлар олиш мақсадида фойдаланилади. Ер шаридаги барча Кўлларнинг умумий майдони 2,1 млн. км². Ўзбекистонда 250 га яқин Кўл бор. Улар, асосан, Сирдарё ва Амударё қайирларида, Хоразм воҳаси ва Амударё делтасида жойлашган (яна қаранг: Кўлшунослик). Таснифланишига кўра, Ўзбекистон ҳудудида 2 типдаги Кўл жойлашган: 1) тоғ Кўл, 2) текислик Кўл Кўлларнинг тоғли ҳудудларда кўпроқ жойлашиши иқлимий ва морфологик-гидрографик хусусиятларга боғлиқ, чунки тоғлар дарёлар окиб тушишини шакллантирувчи намлик аккумуляторлари сифатида хизмат қилади. Шунингдек, уларда қулай геоморфологик ва геотектоник шароитлар ҳам мавжуд. Тоғ Кўл дан: Ихвач, Бодак, Шаворкўл, Урунғоч, Кўксув ва бошқа маълум. Тоғ Кўл тоза, чучук ва ўта чучук сувларнинг потенсиал манбаидир. Кўлнинг Ўзбекистон ҳудудида нотекис тарқалиши, уларнинг шикастланишига таъсир қилувчи асосий табиий омиллар (иқлим, релеф, геологик тузилиш ва оқим)нинг ниҳоят даражада хилма-хиллигидан. Текислик ҳудудлардаги катта кўл майдонлари, кўп миқдордаги оқимли дарё сувлари шаклланадиган ҳамда намликка бойроқ тоғларга туташган текислик иқлимининг қуруқлиги натижасида пайдо бўлган.

Текислик Кўлнинг типик вакиллари: Арвасой кўл тизимси, Денгизкўл, Судоче, Зарафшон ва Қашқадарёнинг қуйи қисми. Текислик Кўл дарёларнинг қайирларида (қайирли) ва суғориладиган ҳудудларнинг атрофида жойлашган. Кейинги пайтларда текислик ҳудуддаги барча Кўл коллектор-дренаж сувларининг ифлослантириш таъсиридадир. Сув билан таъминланиши, асосан, суғориладиган далалардан оқиб тушган партов сувлар ҳисобига бўладиган айрим оқмас ирригацион-партов Кўл айниқса, ноқулай шароитга тушиб қолади. Баъзи оқмас Кўлнинг ўзани ва ўрни вақт-вақти билан силжиб туради (масалан, Лобнор кўли).

Кўллар табиат қолатига фаол таъсир кўрсатади. Улар устки оқимни бошқариш, яъни йилнинг намли келган даврларида сувни тўплаш ва уни қурғоқчил даврда дарёларга бериш, устки ва ер ости сувлар билан сув тўпланиш жойидан окиб келган лимник жараёнлар чоғида бир неча бор қайта ишланган минерал ва органик моддаларни тўплашлари мумкин.

Гидрологик кўрсаткичлар, сувнинг физик ва кимёвий хусусиятлари, ўз навбатида, ҳаёт фаолияти Кўл табиий комплексига муҳим таъсир курсатувчи сув ҳайвонлари ва ўсимлик организмларининг ривожланиш шароитларини белгилайди. Шундай ҳолатда Кўллар ўз жойлашиш хусусиятларини акс эттирувчи мураккаб экологик тизим сифатида намоён бўлади[1].

Адабиётлар

  • Богословский Б. Б., Озероведение, М., 1960; Берг Р. А., По озерам Сибири и Средней Азии. Путешествия Л. С. Берга (1893-1906 гг.) и П. Г. Игватова (1898— 1902), М, 1965; Никитин А. М., Озера Средней Азии, Л., 1987.

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Кўл“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (К-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.