Koʻmak
“Кўмак” ташкилоти – ХХ аср бошларида туркистонлик ёшларнинг хорижда таҳсил олишига кўмаклашиш, маҳаллий мактабларда, мадрасаларда таҳсил олаётган ёшларни хориждаги олий ўқув юртларига ўқишга жўнатиш, ички Россияда таҳсил олаётган ёшларга ёрдамлашиш мақсадида жадид тараққийпарварлари томонидан ташкил этилган.
| Тури | Фонд |
|---|---|
| Мақоми | Нодавлат нотижорат ташкилоти |
| Ишга тушган санаси | 1922-йил 2-май |
| Жойлашуви | Манзилсиз |
| Ҳудудий хизмати |
|
| Раис | Салимхон Тиллахонов |
| Бош маҳкамаси | Ташкилот йиғини |
| Аъзолари | 10 кишидан иборат |
| Тил(лар)и | Ўзбек |
Ташкилот ҳақида
Ташкилотнинг юзага келиши хусусида Салимхон Тиллахонов Туркистон газетасининг 1923-йил 29-июлдаги сонида қуйидагича изоҳлайди: “Тошкент дорулфунуни ва бошқа мактабларда ўқувчилар ўқишда давом этиб турган чоғларидаги кўрган қийинлиқларни тажрибадан кечирганларидан кейин ва келгусида ўқушларини ва юқори таҳсилларини тамом қилмоқлари учун ташкил этилди”, - дейди. “Кўмак” ташкилоти қуйидаги тараққийпарварлар томонидан 1922-йил 2-май куни тузилган:
1. Саййидалихўжа
2. Иброҳим Орифхонов
3. Камол Додахўжа ўғли
4. Ризқи Раҳимий
5. Абдувоҳид Жаҳонгир
6. Тўлаган Мўмин ўғли
7. Очил Хўжа
8. Аҳмад Шукурий
9. Тоҳир Шокирий
10. Салимхон Тиллахонов[1]
“Кўмак” ташкилотига ғоявий раҳбарликни Фитрат ва Чўлпонлар амалга оширган бўлса, ташкилий жиҳатдан Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Элбек, Қаюм Рамазон ва Ботулар ёрдам бердилар[2].
Ташкилот тузилгунга қадар 1918-йил 21-апрелда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида А.В.Попов раҳбарлигида Туркистон давлат университети, 1918-йил 12-май куни Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбаригида Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Туркистон мусулмон халқ дорулфунуни очилди. 1920-21-йилларда маҳаллий олийгоҳларда туркистонлик ёшлар сони Москвадаги туркистонлик талабалар сонидан ҳам кам эди[3]. Туркистон давлат университетининг 2500 талабасидан атиги 2 нафари, Дорул илми Шарқиянинг 200 талабасидан 3 нафари туркистонлик бўлиб, Тошкент темир йўл ишчилари факултетининг бирорта талабаси маҳаллий ёшлардан эмасди. Туркистонликларнинг олийгоҳда таҳсил олиши учун совет ҳокимияти томонидан турли хил сун’ий тўсиқлар ўрнатилган эди[4].
Ташкилот тузилгач 1922-23 ўқув йили бошланиши билан юзлаб туркистонлик иқтидорли талабалар Берлин, Москва, Петербург, Боку, Ганжа шаҳарларига таҳсил олишга жўнатилди. Улар асосан Фитрат ва Файзулла Хўжаев ажратган Бухоро Халқ Республикаси давлат гранди, “Кўмак” ташкилоти томонидан йиғилган пуллар ва айрим талабаларнинг ота-оналарининг ҳисобидан ўқитилди[5].
“Кўмак” уюшмасининг сўрови билан Бухоро Халқ Республикаси раҳбарияти хорижда таҳсил олаётган икки талаба Саййидалихўжа ва Аҳмад Шукурийнинг ўқиш пулларини тўлаб берган. Саттор Жаббор ҳамда Вали Қаюмхоннинг ўқишига ёрдам беришга вада берган[6].
Ташкилот а’золари талабаларнинг хорижда таҳсил олиши учун турли хил йўллардан фойдаланишган. Масалан, адабий кечалар ўтказиш йўли билан келган маблағлар ҳам талабалар учун йўналтирилган. 1922-йил 6-декабр куни Мунавварқори бошчилигида ўтказилган адабий кечадан тушган 75 минг сўм соф фойда ва жами 139 минг 700 сўм пул тегишли йўллар билан Германияда таҳсил олаётган талаба Абдуваҳҳобга жўнатилган[7].
Салимхон Тиллахон ташкилотнинг ўша даврдаги фаолияти ва келажакдаги ишлари хусусида гапириб, 1923-йил Германияда туркистонлик талабалар сони 70 га яқин эканлигини айтади. Ташкилот келажакда Европанинг бошқа шаҳарларига 70 минглаб талабалар жўнатишни мақсад қилганлигини та’кидлайди[8].
“Кўмак” ташкилотининг ёрдами билан Бокуда 50 нафар, Москва ва Петербургда 150 нафар, Берлинда 70 га яқин жами 270 га яқин туркистонлик талабалар хорижга таҳсил олишга жўнатилган.
Ташкилотни янада ривожлантириш учун Берлинга жўнаб кетган ташкилот а’зоси А.Иброҳимов “Кўмак”ни ривожлантириш учун барча вилоятларда ташкилот бўлимларини очиш, ташкилотни тарғиб этиш учун газета ва журналлар очиш, мақолалар чоп этиш, Рамазон ойида ҳар бир шаҳар ва қишлоқлардан маблағ тўплаш, ҳайит кунида “Кўмак” ташкилоти аҳамиятини тушунтириш учун бир сонли газета чиқариб масжидларда тарқатиш, туркистонлик ёшларга Россия, Евопа ва Америка олийгоҳлари ва ўқитиш тизими ҳақида тарғиботлар олиб бориш зарурлигини айтади[9].
Ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари
Ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари 1923-йилга келиб анча фаоллашиб қолган эди. Хусусан, Самарқанд бўлимида фаолият юритган Муаллим Исматулла Раҳматуллазода Жиззах ва Ўратепа шаҳарларига бориб, жами 9571 сўм тўплаб ташкилотга топширган[10]. 1923-йил 29-апрелда Самарқанд зиёлилари томонидан адабий кеча ташкил этилган ва ташкилот фойдасига жами 7000 сўм маблағ йиғилди. Ташкилотнинг Самарқанд бўлими Рамазон ҳайити муносабати билан махсус газета чиқарди, Бокуда таҳсил олаётган 3 нафар самарқандлик ва 2 нафар хўжандлик, Ганжада таҳсил олаётган 2 нафар хўжандлик талабага 400 сўмдан ёрдам пули жўнатди[11].
Туркистонлик талабалар учун қўйилган тақиқлар
Советлар ҳукумати 1923/24 ўқув йилидан бошлаб Москва ва Петербургдаги олий мактабларга Туркистондан талаба олишга янги тақсимот белгилади. Унга кўра Россиядаги олий ўқув юртларига фақатгина минтақавий Комсомол ташкилоти томонидан тавсия этилганларгина ўқиш ҳуқуқига эга деб кўрсатилди. Туркистондан жўнатиладиган талабаларга ташкилотлар томонидан қуйидагича квота ажратилди: партия 18%, Комсомол 17%, деҳқонлар 20%, касаба уюшмалари 45%. Партия ёки ишчилар квотасидан ўқишга йўлланма олиш учун 3 йиллик иш стажи кераклиги белгиланди. Янги ўқув йилидан рабфак (ишчилар факултети) учун 4 та, Туркистонда мавжуд бўлмаган олий мактабларга 10 та квота ажратилган эди[12].
1923-йил Россиянинг марказий шаҳарларида туркистонлик талабалар ўқиши учун 10-12 та ўрин ажратилган бўлишига қарамай, Москва ва Петербургда таҳсил олаётган туркистонликлар сони 60-70 нафардан ортиб кетди. Советлар ҳукумати бу ёшлар учун стипендия беришни ўз зиммасига олмади.
1920-йилда Туркистонда илк доялар (акушер) мактаби очилганда квота 50 кишилик эди. Мактабда барча дарслар фақатгина рус тилида олиб борилган. 1922/23-ўқув йилида 2 гуруҳда жами 35 нафар қиз ўқиган бўлса, улардан атиги 1 нафари туркистонлик эди. Мактабга ўқишга кирган ўзбек ва қозоқ қизлари рус тилини билмаганликлари учун лексияларни тушунмаган ва ўқишни ташлашга мажбур бўлган[13].
Ташкилотнинг сўнги фаолияти
1923-йил апрел ойига келиб ташкилот фаолияти деярли тўхтаб қолди. Бу ҳақида дастлабки ма’лумотлар “Туркистон” газетасида Қосим Сорокин томонидан очиқланган. Кейинги сонларда Боис таҳаллусли тараққийпарвар ташкилотда фақатгина бир киши қолганлиги, уюшманинг аниқ манзили йўқлиги, ташкилотни уюштириш учун на пул ва на мас’уллар қолмаганлиги ҳақида ёзади[14].
Туркистонлик ёшларни хорижда ўқитиш мақсадида юзага келган “Кўмак” ташкилоти совет та’лим сиёсатининг ноҳақликларига қарши тараққийпарварларнинг ўзига хос норозилиги эди.
Дастлабки ўқув йилларида Германия 70 нафар, Москва ва Петербургга 150 нафар, Бокуга 50 нафар талабалар жўнатилган бўлса совет ҳокимияти турли йўллар билан бу талабаларни Туркистонга қайтариш йўлларини ахтарди. Ташкилот деярли 1 йил фаолият юритган бўлса ҳам жаҳон тараққиётига ҳисса қўшган кадрларни етиштириб чиқара олди. Хорижда ўқиган талабаларнинг аксарят қисми 1937-1938-йиллардаги сталинча қатағоннинг қурбонига айланишди.
“Кўмак” ташкилоти томонидан Россияга жўнатилган талабалар статистикаси
Россияда 1922-йилда таҳсил олган туркистонликлар:
Ўзбеклар – 31 нафар (2 нафари аёл)
Таранчилар – 16 нафар (1 нафари аёл)
Форсийлар – 11 нафар
Нўғойлар – 10 нафар
Арманлар – 8 нафар
Туркмалар – 4 нафар
Тожиклар – 1 нафар
Уйғурлар – 1 нафар
Бошқирдлар – 1 нафар
Туркистондан борган руслар – 15 нафар
Яҳудийлар – 28 нафар
Олийгоҳлар кесимида:
Шарқ дорулфунунида – 89 та
Свердлов университетида – 14 та (3 таси ўзбек)
Ҳукумат дорулфунунида – 15 та (1 таси ўзбек)
Олий уста техникумида – 11 та
Қишлоқ хўжалик академиясида – 8 та
Олий мусиқа мактаби – 10 та
Санои нафиса (Нафис сан’атлар) мактабида – 20 та
Шарқ дорул улумида – 2 та[15]
Германиядаги талабаларга 1922-йил жўнатилган маблағлар
Берлин олий зироат мактаби талабаси Абдулваҳҳоб учун жўнатилган маблағ:
Саййид Носир Миржалил – 20 000 сўм
Толибжон Мусабой – 10 сўм олтин
Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) – 7500 сўм
Нажмиддин Шераҳмедов – 5000 сўм
Ҳамидулло Орифжонов – 4000 сўм
Холмуҳаммад Охундий – 4000 сўм
Муҳиддин Усмоний – 3500 сўм
Мунавварқори – 3500 сўм
Зуфар Носирий – 3500 сўм
Шокиржон Раҳим – 2500 сўм
Абдунаби хожи ўғли – 2500 сўм
Тешабек Отабеков – 2500 сўм
Муҳаммаджон қори – 2500 сўм
Асадулла Хўжахонов – 2500 сўм
Салимхон Тиллахонов – 1200 сўм
Адабиёт кечасидан тушган маблағ – 75 000 сўм[16]
Германияга 1922-йил жўнатилган талабалар
Туркистондан – 11 нафар
Бухородан – 47 нафар
Олийгоҳлар кесимида:
Техника академиясида – 4 та (ўзбек)
Қишлоқ хўжалик академиясида – 2 та (қирғиз)
Кўнчилик мактаби – 2 та (қирғиз)
Гимназияда – 2 та (ўзбек, 1 таси қиз)
Тиббиёт дорулфунунида – 1 та (ўзбек)
Берлин университетида – 5 та
Хотин қизларни ўқитиш ва тарбия қилиш уйи – 1 та (қиз бола)
Кёслинг шаҳри давлат билим-тарбия муассаси – 16 та
Виттенгаузен қишлоқ хўжалик мактаби – 1 та
Гелмштат қишлоқ хўжалик мактаби – 4 та
Фрайнбург кўнчилик мактаби – 2 та
Лейпзиг матбуотчилик мактаби – 2 та
Бройншвег дорихона ишлари мактаби – 1 та
Машина фабрикларида – 6 та (тажриба орттиради)
Велобод педогогика мактаби – 2 та
Дрезден муаллимлар мактаби – 1 та (қиз)
Гимназия – 1 та (қиз)
Профессор Факкелман хусусий ўрта мактаби – 4 та
Хермсдорф шаҳри болалар уйи – 1 та[17]
Манбалар
- ↑ Салимхон Тиллахонов. Ко’макнинг жавоби. Туркистон газетаси. 1923-йил 29-июл
- ↑ Баҳром Ирзаев. Туркистонда жадидларининг “Ко’мак” ташкилоти. Тошкент. 2016. 7-бет
- ↑ Баҳром Ирзаев. Туркистонда жадидларининг “Ко’мак” ташкилоти. Тошкент. 2016. 4-бет
- ↑ Элбек. О’збек билим ҳай’ати ва унинг ҳоли. Қизил байроқ. 1921-йил 21-декабр
- ↑ Баҳром Ирзаев. Туркистонда жадидларининг “Ко’мак” ташкилоти. Тошкент. 2016. 9-бет
- ↑ Г’ози Юнус. Шарафлик “Ко’мак”. Қизил байроқ. 1922-йил 22-июл
- ↑ М.Усмоний. Берлиндаги талабаларга ко’мак (ҳисоб). Туркистон. 1922-йил 18-декабр
- ↑ Салимхон Тиллахонов. Четга ко’проқ о’қувчилар юбориш керак. Туркистон. 1923-йил 11-март
- ↑ Иброҳимов А. “Ко’мак” уюшмасидаги о’ртоқларимга. Туркистон. 1923-йил 14-март
- ↑ Очиқ хат. Зарафшон. 1923-йил 12-апрел
- ↑ Хабарлар. Зарафшон. 1923-йил 3-май
- ↑ Қамчинбек А. Москов мактабларига қабул тартиблари. Туркистон. 1923-йил 21-июл
- ↑ Баҳром Ирзаев. Туркистонда жадидларининг “Ко’мак” ташкилоти. Тошкент. 2016. 29-бет
- ↑ Боис. “Ко’мак” уюшмаси. Туркистон. 1923-йил 20-апрел
- ↑ Абдулла Айнуллин. Қизил байроқ. 1922-йил 1-май
- ↑ М.Усмоний. Туркистон. 1922-йил 18-декабр
- ↑ Турор Рисқулов. Туркистон. 1923-йил 19-декабр