Коагулясия (лот. cоагулум — қуйқа, cоагулатио — ивиш, қуюқланиш) — дисперс, айниқса, коллоид системаларда заррачаларнинг ўзаро бирлашиб йириклашган агрегатлар ҳосил қилиши. К. охиригача борса, лойқа ҳосил бўлиб, агрегатлар чўкади ёки юқори қатлам ҳосил қилади. Коллоид система тиниклашади. Айрим ҳолда К. натижасида ғовак фазавий бутун система бўйича тарқалган коагулясион (гел) структура ҳосил қилади. К. натижасида системанинг ранги ўзгаради ёки у лойқаланади. К.га адсорбсион кучлар (минимумга интилиш) сабаб бўлади. Электростатик кучлар (бир хил зарядланган заррачаларнинг бирбиридан итарилиши) эса унга қаршилик қилади. К. дисперс системанинг термодинамик беқарорлигини намойиш этишидир. К. 2 босқичда содир бўлади: 1) агрегатив барқарорликнинг йўқолиши ва заррачаларнинг бирлашиши (я ш и р и н К.); 2) ҳосил бўлган заррачалар агрегатларининг чўкиши (ёки қалқиб юзага чиқиши) — о ч и қ К. Агар К. ўз-ўзидан содир бўлса, автокоагулясия дейилади. Одатда, К. физик ёки кимёвий таъсир натижасида рўй беради: электролитлар ва ноэлектролитлар электр майдони, ҳарорат, ёруғлик, юқори частотали электромагнит тебранишлари, кескин силжитиш ёки аралаштириш, дисперс муҳитнинг ўзгариши ва бошқа К.га сабаб бўлиши мумкин. Электролитлар таъсирида К. содир бўлиши борасида бир нечта қоидалар мавжуд; 1) электролитнинг К.га сабаб бўладиган минимал консентрацияси — К. чегараси. У лойқаланишнинг чўкма ҳосил бўлиши ёки ранг ўзгаришининг бошланиши билан аниқланади; 2) коллоид заррача зарядига қарама-қарши заряд сақловчи электролит иони К.га сабаб бўлиши мумкин; заряди қанча юқори бўлса, унинг коагулясион қобилияти шунча кўп бўлади (Шулсе — Гарди қонуни); 3) органик ионларда уларнинг адсорбсияланиш қобилияти ортиши билан К. ҳодисаси кучаяди.

К. ҳодисаси табиатда ва турмушда кенг тарқалган. Тупроқ заррачаларининг катта-кичиклиги, оқар сувларнинг тиниқ ёки лойқа бўлиши ҳам К.га боғлиқ. К. озиқ-овқат, доришунослик, кимё, локбўёқ саноатида кенг қўлланади. К. табиатда ҳам кенг тарқалган, мас, қоннинг ивиши, оқсиллар К.си ва бошқа[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил