Коксидиоз, эймериоз — сут эмизувчилар, қушлар, балиқлар, шунингдек, одамда коксидиялар қўзғатадиган инвазион касаллик.

Бу касалликни қорамол, қўй, эчки, қуён ва уй паррандалари (товуқ, курка, ўрдак, ғоз)да бир хўжайинда ривожланадиган Эимериа авлодига мансуб коксидиялар қўзғатади. Паррандачиликда ва қуёнчиликда касаллик оқибатида ёш ҳайвонларнинг ёппасига ўлиб кетиши катта иқтисодий зарар етказади. К. билан, асосан, ёш ҳайвонлар ооцисталар билан ифлосланган ем-хашак, сув, сут маҳсулотларининг алиментар йўл орқали зарарланишидан касалланилади. Ҳайвонларни ғуж жойлаштириш, биноларнинг зах бўлиши коксидиялар учун қулай шароитни вужудга келтиради. Ҳайвон К.и одамга юкмайди. Касаллик Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида учрайди.

Касаллик, одатда, ўткир турда кечади, кучсиз, такрорий зарарланишда сурункали кечиши мумкин. Яширин даври 3—4 кундан 2-ҳафтагача чўзилади. ҳайвон ҳолсизланади, иштаҳаси йўқолади, тез ориқлайди, шилимшиқ ва тез-тез қон аралаш ичи кетади, оғир ҳолларда тезда ўлади. Касалланган ҳайвонни соғайиши чўзилади, ичакда пайдо бўлган ооцисталар ахлат билан ташқарига чиқиб, ташқи муҳитни ифлослантиради. Ташхис хўжаликдаги эпизоотик ҳолатга, клиник белгилар, патологоанатомик ўзгаришлар, ахлат ва ички органларни микроскопик текшириш натижасига қараб қўйилади.

Даволаш: касал ҳайвон алоҳида ажратилади. Паррандалар, бузоқ ва қўзиларга коксидиостатик препаратлар (декокс, хойден, ампролиум ва бошқалар), тетрациклин қатори антибиотиклар, қуёнларга мономицин билан сулфаниламидлар, левомицитин, осарсол берилади.

Олдини олиш: ташқи муҳитдаги ооцисталарни дезинфексия қилиш, ҳайвонларни тўғри асраш ва тўлақонли озуқа билан боқиш, озуқага антикоксидли препаратлар қўшиб бериш. Ветеринариясанитария ҳамда зоогигиена қоидаларига риоя қилиш.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил