Коллоид эритмалар, з о л л а р -заррачаларининг ўлчами 1 нм дан 100 нм гача бўлган юқори дисперс системалар. Коллоид эритмалар газсимон (тутун, булут, туман), суюқ (эмулсиялар) ва қаттиқ (аралашмалар, қаттиқ коллоид эритмалар, рангли шишалар) ҳолатда бўлади. Коллоид эритмалар моно- ва полидисперс ҳолатларда бўлади. Монодисперс ҳолатдаги Коллоид эритмалар фақат синтетик йўл билан олиниши мумкин. Полидисперс Коллоид эритмалар 2 усулда олинади: йирикроқ заррачаларни майдалаш (диспергация усули) ва молекула ёки ионлардан йирикроқ заррачалар ҳосил қилиш, яъни агрегатлаш (конденсация усули).

Диспергация усулида Коллоид эритмалар ҳосил қилиш учун қаттиқ жисм стабилизатор билан бирга кукун қилиб майдаланади ёки электр ёхуд ултратовуш ёрдамида суюқлик ичида кукунга айлантирилади. Коллоид эритмаларни кислота, асос ва тўзлардан тозалашда диализ, ултрафилтрлаш, электродиализ, ултрацентрифугалаш усулларидан фойдаланилади.

Коллоид эритмалар жуда кичик осмотик босим, сует диффузия ва Броун ҳаракатига эга. Заррачалар зарядли бўлганлиги туфайли, улар электрофорез жараёнида электрод томон ҳаракат қилади.

Ўта юқори дисперсликка эга бўлган Коллоид эритмалар зол деб аталади. Золларни номлашда дисперсион муҳитни ҳосил қилувчи модда асос қилиб олинади: дисперсион муҳит сув бўлса, гидрозол, органик модда бўлса, органзол, кейингилари кимёвий таркибига кўра бензозол, алкозол ва бошқа дейилади. Агар дисперсион муҳит газ бўлса, бундай зол аэрозол, суюқ дисперсион муҳитга эга бўлган золлар эса лиозоллар (юн. лиос – суюқлик) деб аталади. Дисперс фаза заррачалари билан дисперсион муҳит заррачалари орасидаги боғланишга қараб, Коллоид эритмалар лиофоб ва лиофил золларга бўлинади. Лиофоб золларга дисперс платина, кумуш, олтингугурт золлари мисол бўла олади. Лиофил золларда эса бу боғланиш кучли бўлади, уларга оқсил, желатина, пепсин ва юқори молекуляр моддаларнинг эритмалари киради.

Коллоид эритмалар саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда муҳим рол ўйнайди. Барча тирик организмлар тўқималари ва ҳужайраларининг асосини ташкил этувчи оқсил, нуклеин кислоталар, крахмал, гликоген каби моддалар Коллоид эритмалар ҳолида учрайди. Тупроқнинг унумдорлиги унинг Коллоид эритмалар хилидаги қисмининг физик-кимёвий хоссаларига, семент, чинни, керамика, сир ва бўёқлар сифати уларнинг дисперелик даражаси ҳамда Коллоид эритмаларнинг хоссаларига боғлиқ. Коллоид эритмалар чарм, қоғоз, газлама, сунъий ипак, озиқ-овқат ва бошқа саноат тармоқларида ҳам кенг қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил