Коллоид кимё — кимёнинг дисперс системалар хоссалари, фазалараро чегара сиртларида содир бўладиган ҳодиса ва жараёнларни ўрганадиган бўлими. 19-асрнинг 60-йилларида мустақил фан сифатида шаклланди. Физик-кимёнинг махсус тадқиқот усуллари: ултрамикроскопия, ултрафилтрлаш, ултрацентрифугалаш, диализ, электродиализ, электроосмос, электрофорез, дисперсион анализ; нефелометрия, реология, электрон микроскопия, хроматоғрафия ва бошқа Коллоид кимё та-раққиётида муҳим рол ўйнади. Коллоид кимё кимё саноати ва кимё-технологияда катта аҳамиятга эга. Хом ашёни майдалаш, бойитиш (флотация), тиндириш, чўктириш, брикетлаш ва доналаш каби жараенлар дисперс системаларда содир бўлади ва бу жараёнлардаги ҳўлланиш, капиллярлик, адсорбсия, седиментация, коагулясия, флокулясия каби ҳодисаларни ҳам Коллоид кимё ўрганади. Ўзбекистонда Коллоид кимёнингривожланишидаакад. К. С. Ахмедов раҳбарлигидаги илмий мактабнинг хизмати катта. Олим ва унинг шогирдлари томонидан минерал дисперс системалар (тупроқ, табиий минерал сорбентлар, семент, керамик қоришмалар, бурғулаш эритмалари ва эмулсиялари ва бошқалар)нинг хоссаларини бошқаришда сирт фаол моддалар ва полиэлектролитлардан рационал фойдаланиш усуллари ишлаб чиқилди. К-4, К-9, "Унифлок", ОГС каби янги полиэлектролитлар сувни флокулясия йўли билан қайта тозалашда, ювинди ва оқова сувлардан олтин ажратиб олишда, тупроқ структурасини яхшилашда, тупроқ сувини тежашда, тупроқ эррозиясига қарши курашда, ернинг шўрини ювишда, рангли металларни ажратиб олишда, кўчма қум ва шўр тупроқ-грунтларнинг ҳаракатини (Орол денгизи атрофида) тўхтатишда ва бошқаларда қўлланади. Коллоид кимё соҳасидаги илмий ишлар Ўзбекистонда Фанлар академияси умумий ва ноорганик кимё институтида, Тошкент кимётехнология институтида ҳамда Ўзбекистон миллий университети нинг коллоид кимё кафедрасида олиб борилади. Айни вақтда табиий газ, газ конденсатлари ва бошқа хом ашёлардан сирт фаол моддалар, сувда эрувчан полимерлар ва полиэлектролитлар олиш, уларни амалиётга татбиқ қилиш борасида Ўзбекистон етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Адабиёт

  • Аҳмедов К. С, Раҳимов Ҳ. Р., Коллоид химия, Т., 1984; Фролов Ю. Г., Курс коллоидной химии, 2 изд. М., 1989.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил