Колматаж (итал. cолмата — тўлдириш) — агроирригацион оқизиқларнинг шағалли ва қумли тупроқ қатламлари устида тўпланиб қатлам ҳосил қилиши. К. табиий ва сунъий бўлади. Табиий К. қорларнинг эриши, кучли ёмғир ва тошқинлардан кейин дарё сувларида лойқа ва оқизиқлар кўпайганда юз беради. Суғориладиган зоналарда лойқа ва оқизиқлар сув билан бирга далаларга оқиб келади ва чўкиб, муайян қалинликда қатлам ҳосил қилади. Ўрта Осиёда сунъий К. — лойқадан фойдаланиш қадимдан кенг қўлланган. Пол олинган майдонларга лойқа сувни кўллатиб қуйиб, лойқа чўкканидан кейин сувни чиқариб юбориш йўли билан ер унумдорлиги оширилган. Шунингдек, ариқва зовурларни тозалашда чиқадиган оқизиқлар (лойқа), эски пахса деворлар ва бошқаларлардан ўғит сифатида фойдаланилган. К. натижасида кўпинча шагал ва қумлар юзасида енгил ва ўрта қумоқли ёки қумлоқи тупроқлар ҳосил бўлади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил