Колхида пасттекислиги - Грузиядаги пасттекислик. Ғарбий Закавказеда, ғарбда Қора денгиз соҳили, шим.-шарқда Катта Кавказ ва жан. да Кичик Кавказ тоғлари оралиғида. Денгиз соҳили бўйлаб Сухуми шаҳридан Кобулети шаҳригача чўзилган. Колхида пасттекислиги — аллювиал текислик; антропоген аллювийсининг қалинлиги 700 м гача. Нефт-газ конлари, минерал булоқлар (Схалтубо) бор. Иқлими нам субтропик. Йил бўйи ёғин ёғади (йиллик ёғин 1500 мм). Январнинг ўртача температураси 4,5 дан 6° гача, августники 23—24°. Колхида пасттекислигини Риони, Ингури ва бошқа дарёлар кесиб ўтади. Денгиз бўйидаги Поти шаҳри яқинида Палеостоми кўли бор. Колхида пасттекислигининг ғарбида ботқоқлик ландшафтлари мавжуд. Ботқоқликларда қандағоч ўрмонлари катта майдонни эгаллайди. Баландроқ чекка қисмлари дуб, қора қайин, доим яшил бута ва чирмовуклар билан қопланган. Колхида пасттекислигида ғалла экинлари (асосан, маккажўхори) экилади; бог ва субтропик мевазорлар бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил