Komil Yashin
Комил Яшин, (тахаллуси; асл номи Комил Нуъмонов) (1909.25.12, Андижон — 1997.25.09, Тошкент) — шоир, драматург, публицист ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1969), Ўзбекистон фанлар академияси академик (1968), Меҳнат Қаҳрамони (1974). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1939). Ҳалима Носированинг турмуш ўртоғи. Ленинграддаги ўрмон хўжалиги институтида ўқиган (1925—28). Андижон мактабларида ўқитувчилик қилган (1928—30). Андижон вилоят ва Ўзбек мусиқали драма театрларида адабий эмакдош (1930—36), Санъат ишлари бош бошқармасида бошлиқ (1946—49), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис (1958—80), „Ўзбек тили ва адабиёти“ журналда бош муҳаррир (1969—80, жамоатчилик асосида). Адабий фаолияти 1925-йилдан бошланган. Унинг шу йиллардан бошлаб ёзган шеърлари „Қуёш“ (1930), „Кураш“ (1931) ва бошқалар тўпламларига киритилган. Айни пайтда театр санъати билан ҳам қизиқиб, „Кар қулоқ“ (1926), „Тенг тенги билан“, „Лолахон“ (1927), „Қуёш“ (1929) каби бир пардали песа ва инссенировкалар ёзган. „Лолахон“ песасининг Қори Ёқубов раҳбарлигидаги Этнографик ансамбл репертуарига киритилиши (1927), айрим песаларининг Андижон театрида саҳналаштирилиши (1929) Яшиндаги театр санъатига бўлган майлни кучайтирган. Унинг 30-йиллар воқелигида кечаётган мураккаб жараёнларни акс эттирувчи „Ўртоқлар“ (1930), „Ёндирамиз“ (1931), „Ичкарида“ (1933, 1935-йилда қайта ишланиб, „Гулсара“ номи билан саҳналаштирилган), шунингдек, „Номус ва муҳаббат“ (1935) песалари майдонга келган. Яшин драматургия соҳасидаги бу дастлабки асарлари билан шўро даври адабиётининг ғоявийлик тамойилига қатъий риоя қилувчи ёзувчи сифатида танилган.
Яшин тарихий-ижтимоий давр талаби билан „Нурхон“ (1940) песасини ёзган ва уни мусиқий драма театри саҳнасига олиб чиққан. Драматург бош қаҳрамоннинг ҳалокати билан якунланувчи ушбу асарида жамият ва шахс эркинлиги мавзусини адабиётнинг инсонпарварлик тамойили асосида ечишга уринган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмнинг босқинчилик моҳиятини очишга қаратилган „Ўлим босқинчиларга“ (1942), фронт орқасида қаҳрамонона меҳнат қилган фидойи кишилар ҳақидаги „Даврон ота“ (1942, Уйғун, Собир Абдулла, Чустий билан бирга), „Офтобхон“ (1944), урушдан кейинги йилларда эса „Генерал Раҳимов“ (1949) песаларини ёзган. Шахсга сиғиниш фожиалари фош этилиб, таниқли давлат, жамоат ва маданият арбобларининг ноҳақ қатағон этилгани ошкор бўлган даврда Файзулла Хўжаевга бағишланган „Инқилоб тонги“ (1974) песасини яратган.
Яшиннинг драматург сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатган омиллардан бири унинг Ҳамза билан ижодий ҳамкорлигидир. Яшин Ҳамзанинг кичик саҳна учун мўлжалланган „Бой ила хизматчи“ песасини 1939-йилда қайта ишлаган. Унинг саъйҳаракати билан Ҳамзанинг „Паранжи сирларидан бир лавҳа“ ва „Майсаранинг иши“ песалари ҳам топилиб, саҳналаштирилган. „Майсаранинг иши“ комедияси асосида опера спектакли ва кинофилм яратилган. Яшин ижодида Ҳамза образини яратиш масаласи ҳам марказий ўринлардан бирини ташкил этади ["Ҳамза" (1940, А. Умарий билан бирга) драмаси, „Ҳамза“ (Собир Муҳамедов билан бирга) филми (1960, режиссёрлар Зоҳид Собитов, Н.Радов) ссенарийси ва шу номдаги опера либреттоси (1961, композитор С. Бобоев), Б. Привалов ва Ш. Аббосов билан бирга „Оловли йўллар“ (1975—84, режиссёр Ш. Аббосов) 14 серияли телефилм ссенарийси]. Шўро ҳукумати буюртмаси билан яратилган „Оловли йўллар“ телесериалида Яшин Ҳамза образини ҳаддан зиёд советлаштириб, тарихий ҳақиқатнинг бузилишига йўл қўйган. Шундай нуқсон Яшиннинг „Ҳамза“ (1987) романида ҳам сезилади.
Ашрафий ва Сергей Василенконинг 1916-йил қўзғолонига бағишланган „Бўрон“ (1939) биринчи ўзбек операси, яна шу композиторларнинг Катта Фарғона канали қурилиши ҳақидаги „Улуғ канал“ (1940, Маҳмуд Раҳмон билан бирга), Навоий достони асосидаги „Дилором“ (1958, Музаффар Муҳамедов билан бирга) опера либреттоларини ёзган. Бундан ташқари, Яшин мусиқали драма театри учун Навоий достони асосида „Фарҳод ва Ширин“ (1944), Эргаш Жуманбулбул достони асосида эса „Равшан ва Зулхумор“ (1956) драмаларини яратган.
„Асал“ (1940, режиссёр М. Егоров, Б. Казачков), „Ҳамза“ (1960), „Генерал Раҳимов“ (1967, И. Луковский ва Зоҳид Собитов билан бирга, режиссёр Зоҳид Собитов), „Шиддат“ (1971, режиссёр Али Ҳамроев) каби бадиий ва „Салом, Баҳор“ (режиссёр Али Ҳамроев) ҳужжатли филмлари учун ссенарийлар ҳам ёзган.
Wиллиам Шакеспеаренинг „Антоний ва Клеопатра“, У. Гажибековнинг „Аршин мол олон“, И. Брусиловскийнинг „Эр Торғин“, Б. Кербобоевнинг „Махтумқули“, М. Ҳусайннинг „Олов“, И. Қосимовнинг „Инсон меҳри“, Л. Соболевнинг „Хўжайин“ песаларини таржима қилган.
Тошкент ва Андижон шаҳриларидаги кўчалардан бири Яшин номи билан аталади. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968).
Манбалар
- Танланган асарлар. 1—4ж.,Т.. 1970— 72; Ёднома, Т., 1989.
Адабиёт
Абдусаматов Ҳ. Саматов М.. Яшин, Т., 1964; Абдуса м атов Ҳ., Традипия ва новаторлик проблемаси. Т., 1974; Абдусаматов Ҳ., Эстетика ва ҳаёт, Т., 1976; ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи, Т., 1999. Наим Каримов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- Oʻzbekiston xalq yozuvchilari
- Alifbo boʻyicha shoirlar
- Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan sanʼat arboblari
- 1909-yilda tugʻilganlar
- 1997-yilda vafot etganlar
- 25-dekabrda tugʻilganlar
- 25-sentabrda vafot etganlar
- Sotsialistik Mehnat Qahramonlari
- Oʻzbekiston SSR Fanlar akademiyasi akademiklari
- Oʻzbekiston dramaturglari