Komiljon Jabborov
Комилжон Жабборов (1914-йил, Андижон – 1975-йил 4-сентябр, Тошкент) – созанда (гижжак, дутор, танбур), бастакор. Ўзбекистон ССР халқ артисти (1973)[1].
| Комилжон Жабборов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1914-йил 15-апрел |
| Вафоти |
4-сентябр 1975-йил Тошкент |
| Касби | Бастакор |
| Унвони |
|
Биографияси
Комилжон Жабборов 1914-йили Андижон шаҳрида Жумҳурият маҳалласида дурадгор оиласида дунёга келган. Ўн олти ёшида санъат билан шуғуллана бошлаган. Санъатга бўлган қизиқишини пайқаган акаси Мўминжон Жабборов уни ўзи раҳбарлик қилаётган ёшлар қўмитаси қошидаги мусиқа тўгарагига олиб келган. Шундай қилиб, Комилжон 1942—1947-йилларда Андижон миллий мусиқий тўгарагида қатнашган[2].
Комилжон Жабборов 1924-йили тўгарак жамоаси билан бирга Бухорога ўзининг илк консертига борган. Ўша йили акаси Мўминжон Жабборов вафот этади ва тўғаракка янги раҳбар сифатида созанда уста Рўзиматхон Исабоев сайланади. Рўзиматхон Исабоев Комилжон Жабборовга чанг ва танбур чалиш сабоқларини берган.
Ижодий ва касбий фаолияти
Комилжон Жабборов 1929-йили Тошкентга Ҳамза театрига чангчи-созанда сифатида ишга таклиф қилинган. Ўша даврда Комилжон театрда қўйиладиган „Пахта шумғиялари“, „Ҳалима“, „Қосимовичлар“ мусиқали драмаларида оркестрнинг бир бўлаги бўлиб иштирок этган.
Комилжон Жабборов ўзбек миллий чолғу асбобларидан дутор, танбур, чангни ҳамда скрипка ва ғижжакда классик куйларни ижро этган.
Комилжон Жабборов 17 ёшида миринчи марта шоир Собир Абдулланинг „Кўзларинг“ номли шеърига куй басталаган.
Шундай қилиб, Комилжон Жабборов созандаликни Р. Исабоев, (ғижжак чалишни) С. Сиддиқовдан, бастакорликни эса Т. Жалиловдан ўрганган. 1930—1931-йилларда Ҳамза номидаги Тошкент, 1931—1942-йилларда Андижон ва 1942—1947-йилларда Янгийўл театрларида, 1947—1975-йилларда эса Ўзбекистон радиоси ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестрида созанда бўлиб фаолият юритган. „Дугоҳи Ҳусайний“, „Ироқ“, „Наво“ ва б. куйларни ғижжакда, „Нолиш“, „Нимчўпоний“, „Курд“ ва бошқа асарларни дуторда, „Самарқанд Ушшоғи“, „Гулёр“ ва „Шаҳноз“дек ашула йўлларини танбурда катта маҳорат билан ижро этган[1]. „Гулсара“ (Комил Яшин, 1936), „Лайли ва Мажнун“ (Хуршид, Н. Салахов билан биргаликда, 1938) спектаклларини мусиқалаштиришда қатнашган ҳамда „Ғулжа устида нур“ (С. Тилла, А. Исматулла, 1950, П. Раҳимов билан ҳамкорликда), „Нодира“ (Ҳ. Раззоқов, 1962, С. Ҳайитбоев билан), „Менинг Жаннатим“ (С. Абдулла, 1971, Д. Зокиров билан) мусиқали драмаларини яратган. 100 дан ортиқ – „Диёримсан“, „Наззора қил“, „Мубтало бўлдим сенга“, „Эй, пари“, „Сенга“, „Тошкент пиёласи“, „Шифокорлар“, „Обод ўлкам“ каби ашула, қўшиқ ва қатор чолғу куйлар муаллифи. Буларнинг сўнгги учтаси кўп йиллар давомида Ўзбекистон телерадиосининг туркум дастурларининг бошлангич садолари эди. Умрининг охирида „Чўлпонойнинг алласи“, „Чоргоҳ“, „Машъал“, „Зебуннисо“ сингари телепостановкаларнинг мусиқасини яратган. Жабборов ижодий услуби тез ёдда қолувчи жозибали оҳангларга бойлиги, анъанавий пешрав, ашула ва қўшиқ шаклларининг эркин уйғунлашишига асосланган[1]. Шоир Ҳабибийнинг „Диёримсан“ қўшиғи Ўбекистон халқ артисти Фароғатхоним Раҳматова томонидан эллик йилдан ортиқ куйланиб келинган.
Комилжон Жабборов 1964-йили Ҳамид Ғуломнинг ссенарийсига асосланган „Қўшиқ“ телепостоновкасига басталанган Лутфий ғазали билан айтилувчи „Бу кўнгул“ ва Фузулий ғазалига басталанган „Этмасмидим“ қўшиқларида дутор чалган.
Комилжон Жабборов Алишер Навоий ғазаллари билан куйланувчи „Муҳаббатдан“, „Наззора қил“, „Тоза лутф“ ҳамда Увайсийнинг „Токай“ ғазалига куй басталаган[2].
Вафоти
Комилжон Жабборов оғир хасталикдан сўнг 1975-йили Тошкен вилоятитда вафот этган.
Мукофотлари
Комилжон Жабборов 1950-йили Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист, 1973-йили Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонини билан тақдирланган[2].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Маҳмудов, Авазбек. Андижон сан'ати фидоийлари, Тўлдирилган 2-нашр, Академнашр, 2018 — 14-бет. ИСБН 978-9943-5226-4-0. Қаралди: 11-июн 2023-йил.
Адабиётлар
- Ғофурбекова Х., Бастакор Комилжон Жабборов (Мусиқа ижодиёти масалала-ри), Т. 1997.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |