Коммуна Исмоилова (1927-йил 15-декабр, Хива) – хонанда, Ўзбекистон халқ артисти (1964). Урганч педагогика институтининг ҳаваскорлик тўгарагида Хоразм термаларини ижро этиб танилган. Иккинчи жаҳон уруши йиллари Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар консерт бригадасида иштирок этган. Хоразм мусиқали драма театрида (1946), Ўзбек ашула ва рақс ансамблида (1947), Ўзбек давлат эстрадасида (1948—1951), Ўзбек давлат филармониясида (1952—1959), Ўзбекистон телевидение ва радиоси ўзбек халқ чолғулари оркестри ҳамда мақом ансамблида (1959—1988) яккахон хонанда. 1985-йилдан З. Ғаниева номидаги Ветеран аёллар ансамбли қатнашчиси. Коммунна Исмоилова Наво мақомидан Чапандози Наво ва унинг Қашқарчасини, Рост мақомидан Савти Ушшоқ Қашқарчасини, Сарахборлар тароналарини, Насри Бает тароналарини ва хоразмча Рост мақомининг Насри Ушшоқ шўбасини (ʻʻШитоб айлаб’’) ва бошқа мақом парчаларини ижро этган. Ўзбек халқ қўшиқлари ва замонавий ашулалардан „Уйланма“, „Ёшлик чоғимда“, „Шифокорлар“ ва бошқалар, бастакорлардан Й.Ражабий, Ф. Содиқов, К. Отаниёзов, М. Мирзаев асарлари, турли халқлар (рус, украин туркман, қозоқ) қўшиқлари Исмоилова репертуаридан ўрин олган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил