Kompozitsiya
Композиция (лотинча: cомпоситио — тузилиш, бирлашиш, боғланиш) — бадиий асарнинг мазмунан, характери ва мақсади жиҳатидан боғланган қисмларининг жойлашиши.
Тасвирий санъатда—рассом (ҳайкалтарош ва бошқа) ғоясини аниқ ифода этиш воситаси бўлиб, унда ижодкорнинг маҳорати ёрқин намоён бўлади. Композиция орқали муаллиф чизиқ, шакл, ранг ва образларни тартибга келтиради, фазовий кенгликни ўзлаштиради ва бадиий муҳит яратади. Композиция асосини мантиқийлик, шакл аниқлиги ва уларнинг ўзаро уйғунлиги ташкил қилади. Ижодкор яратган ҳар бир асарининг асосида композиция ётади, унда борлиқни идрок этиш жараёнида ҳосил бўладиган фикр, ҳис-туйғулар ўз аксини топади. Композициянинг „турғун“ ва „динамик“, „очиқ“ ва „ёпиқ“ хиллари мавжуд. Композиция тузиш маълум „қонун“ (канон)лар билан белгиланган ва чегараланган. Бу эса композиция ифода воситаларининг торайишига олиб келган. Уйғониш даврида „турғун“ ва „ёпиқ“ композиция, барокко санъатида „динамик“ ва „очиқ“ К. устуворлик қилган. Санъат тарихида қонунларга бўйсуниб яратилган композициялар ва эркин композицион усулларга асосланиб композиция яратиш ҳаракатлари бирдай муҳим рол ўйнаган. Уйғониш даврида композицияни илмий асослашга интилиш кузатилади.
Тасвирий санъатнинг ҳар бир тури ўзига хос композицион услубларга эга. Масалан, китоб безаги (расм) маҳобатли деворий рассомлик композициясидан фарқ қилади. Шунингдек, композицияни идрок қилиш ҳам турлича бўлиши мумкин. Масалан, ҳайкалтарошлик асарларидан релефни фақат олд томондан кўриш мумкин. Аксинча, маҳобатли ёдгорликларни эса айланиб томоша қилиш лозим. Ҳайкалтарош асар яратаётганда композиция қонунларини эътиборга олиши керак. Тасвирий санъатда кўп шакл (фигура)ли картина ва ҳайкаллар ҳам композиция деб аталади.
Меъморликда — композиция (мужассамот) бино (иншоот ва уларнинг мажмуалари)нинг тузилиши, вазифаси ва ғоявий бадиий жиҳатлари бирлиги ва шаҳарсозликдаги ўрнини таъминлашдан иборат; композиция бутун бир шаҳар ёки меъморий ансамбл, алоҳида бино ёки иншоотнинг ташқи қиёфаси билан ички хоналари, тузилиши билан безаклари, ранги, лойиҳаси ва қурилишини аниқлайди, атроф муҳит билан уйғунлашиши меъморий композицияга киради. Бу эса меъмордан катта маҳорат талаб этади.
Адабиётда композиция — асарни бадиий шакллантиришга хизмат қиладиган турли қисмларнинг ҳолати, ўзаро боғлиқлиги, воқеа, характер-образлар, лирик чекинишлар, тафсилотлар баёни ва шу каби маълум мақсадга бўйсундирилади. Асар композициясининг яхлитлиги унинг асосий шартидир. Ортиқча персонаж, эпизод ва деталлар асар қимматини пасайтиради. Шунинг учун ҳам бадиий асарда ҳеч қандай етишмовчилик ҳам, ортиқчалик ҳам бўлмаслиги керак. композициянинг ўзига хослиги сюжет унсурларининг қандай тартиб билан жойлаштирилишига, сюжетдан ташқари унсурлар (лирик, фалсафий-публицистик чекинишлар, қўшимча эпизодлар) нинг бор-йўқлигига, пейзаж, портрет, психологик тасвир, муаллиф тавсифи каби воситаларнинг меъёри ва тартибига боғлиқ. композиция яратиш усули ва услублари турли-туман. Қадимдан композицияни асар ғояси билан узвий боғлиқ ҳолда тушуниб келинган. композиция асарнинг шунчаки тузилиши эмас, балки шу тузилишнинг мақсади, унинг нима асосида тузилганлигидир. композиция асар ғоясига боғлиқ. Танланган образ ёки воқеа асарга киритиш учун мувофиқми ёки йўқми — буни фақат ёзувчи айтмоқчи бўлган гапга нисбатан аниқлаш мумкин. Бу ҳам композициянинг муҳим бир томони. композиция шу жиҳати билан асарда мазмуннинг қай даражада мазмундорлигини кўрсатувчи муҳим омиллардан.
Мусиқада — 1) мусиқа асарининг тузилиши (қаранг: Мусиқа шакли); 2) композитор ижодининг маҳсули, тугал мусиқа асари; 3) кўп овозли мусиқа асарларини яратиш жараёни, бадиий ижод тури; 4) консерватория ва бошқа мусиқа ўқув юртларида ўқитиладиган тарихий-назарий ва амалий фан. Мусиқий мавзуларни яратиш тамойиллари, уларни ривожлантиришда кўп овозли мусиқа воситаларидан унумли фойдаланиш йўллари, муайян мусиқа жанри, тур ва услубларнинг хусусиятлари, асарлар тузилиши ва тугал шаклга келтирилиши қонун-қоидалари каби маълумотлардан иборат.[1]
Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |