Конфликтология — конфликтларнинг келиб чиқишини, сабаб ва оқибатларини ўрганувчи фан бўлиб, у лотинча „cонфлиcтус“ — тўқнашув, „логия“ — таълимот сўзларидан олинган. Конфликтология ҳар қандай даражадаги конфликтларнинг келиб чиқиши, пайдо бўлиши, ривожланиши, ҳал қилиниши ва якунланиши қонуниятларини ўрганадиган фанлараро соҳа. Конфликтология фалсафа, социология, психология, тарих, ҳуқуқ, этика, иқтисод, менежмент ва бошқа бир қатор фанлар билан яқин алоқада ривожланади. Тадқиқотнинг йўналишига қараб, конфликт ижтимоий диалектиканинг кўриниши, ижтимоий тизим ва ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши омили, ижтимоий қарама-қаршиликлар сифатида ўрганилади. Одамларнинг психикаси ва онгидаги келишмовчиликларни ўрганади[1].

Конфликтнинг пайдо бўлишига олиб келадиган муайян доирадаги муаммоларни ҳал қилиш конфликтнинг моҳиятини, конфликтология об’екти ва предметини аниқлаш билан боғлиқ ҳолда аллақачон пайдо бўлган қийинчиликларни бартараф этишга ёрдам беради. Конфликтология, ёки конфликтлар ечими соҳаси янги ривожланиб келаётган ва тараққий этаётган фан соҳаларидан бири ҳисобланади. Шу боис, конфликтология соҳасининг назарий асослари, унинг миллий хусусиятлари, ижтимоий ўзига хосликлари, конфликтларнинг жамият ҳаёти билан алоқадорлиги, шахслараро конфликтлар, конфликтларнинг ҳуқуқий аспектлари, меҳнат жамоасидаги конфликтлар масалалари кўпчилик тадқиқотчиларни қизиқтиради. Конфликтологик кайфият ва хусусиятларни ўрганиш жамиятдаги инқирозларнинг келиб чиқиши ва ижтимоий тўқнашувларнинг олдини олишга кўмак беради. Конфликтнинг ўзаро таъсир суб’екти — алоҳида одам, одамлар гуруҳи ва одамлар жамоаси ҳисобланади[1].

Конфликт

Конфликт бу — одамларнинг уришиши, жанжаллашиши, куч ишлатиб, бир-бири билан тўқнашиши, сўз айтишиш, бировларни айблаш, сўкиниш, ғазабланиш, жаҳл билан гаплашиш, кесатиш, бировларни уриб-туртиш, дўқ қилиш, қўрқитишга уриниш, у қиламан, бу қиламан деб, уларга таҳдид қилиш, пичинг билан гапириш, тўғри сўзлар мазмунини бузиб талқин қилиш, бировларнинг орқасидан гапириш, қасд қилиш, бировларга жисмоний зўравонлик ўтказиш, зўрлаш, шантаж, бировларни оёғидан чалиш, камситиш, одамлар устидан кулиш, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бировларни яккалаб қўйиш, дилсиёҳлик, ҳафагарчилик, нафрат ва қасос, бировларни менсимаслик, кибрли муносабат билдириш, ўзини бошқалардан устун қўйиш, кек сақлаш, нафсониятга тегадиган амаллар ва сўзлар ишлатиш, бировнинг ҳар бир сўзи ва амалидан ёмонлик қидириш ва бошқа шунга ўхшаш вазиятларни таъкидлаб айтишади. Мана шу инсонлараро муносабатларда учраб турадиган барча салбий ҳолатлар аслида конфликтларнинг турли кўринишлари, одамлар ўртасидаги зиддиятларнинг турли намоён бўлиш ҳолатларига киради[2].

Ижтимоий ёки социал конфликт

Ижтимоий ёки социал конфликт — бу:

1) Очиқ қарама-қаршилик, икки ё ундан ортиқ суб’ектлар — социал ўзаро таъсир иштирокчиларининг тўқнашуви бўлиб, бунинг сабаблари социал конфликт иштирокчиларининг ўзаро зид манфаатлари ва қадриятларидир;

2) Социал зиддиятларнинг ўта кескинлашган ҳолати, турли социал бирликлар — синфлар, миллатлар, давлатлар, турли социал гуруҳлар, социал институт кабилар манфаатлари, мақсадлари, тараққиёт тенденсияларининг қарама-қаршилиги ёки жиддий фарқ қилиши туфайли келиб чиқади;

3) Социал суб’эктларнинг об’эктив равишда фарқланган манфаатлари, мақсадлари, тараққиёт тенденсияларининг очиқ-ойдин ёки яширин курашлари тўқнаш келиши, социал кучларнинг мавжуд ижтимоий тартибга қаршилик кўрсатиш асносида бевосита ёки билвосита тўқнашуви;

4) Конфликтнинг ўзаро таъсир суб’ектлари ўзаро зид бўлган ёки бир-бирини истисно этадиган қандайдир ўз мақсадларини кўзлаган вазият. Ижтимоий конфликтлар конфликтологиянинг марказий об’екти яъни ядроси ҳисобланиб, у эса шахслараро конфликтлар ҳисобланади[3].

Ижтимоий ёки социал конфликт сабаблари:

1) моддий ресурслар;

2) ўта муҳим ҳаётий кўрсатмалар;

3) ҳокимият ваколатлари;

4) ижтимоий ёки социал тузилмадаги мақом-вазифага оид фарқлар;

5) шахсга доир (эмоционал-психологик) фарқлар ва ҳ.к[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 Конфлекталогия. Қаралди: 2024-йил 19-май. 
  2. ↑ „Конфликт ҳақида“. Қомус.инфо. 2024-йил 19-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 19-май.
  3. ↑ „Конфликт ҳақида“. Қомус.инфо. 2024-йил 19-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 19-май.

Ҳаволалар

Конфликталогия