Kongo Respublikasi
Конго Республикаси (франсузча: Рéпублиқуэ ду Cонго) – Марказий Африкадаги давлат. Майдони - 342 минг км². Аҳолиси - 2,9 млн. кишига яқин (2001). Маъмурий жиҳатдан 10 вилоят (регион)ра бўлинади. Пойтахти – Браззавил шаҳри.
Конго Республикаси Рéпублиқуэ ду Cонго
| |
|---|---|
|
Шиор: Унитé, Траваил, Прогрèс (Франсузча: Унитй, Wорк, Прогресс) | |
| Мадҳия: Ла Cонголаисе | |
|
| |
| Пойтахт | Браззавил |
| Расмий тил(лар) | Франсуз тили |
| Ҳукумат | Президентлик Республика |
| Денис Сассоу-Нгуэссо | |
| Мустақиллик (Франсиядан) | |
• Сана |
15-август 1960 |
| Майдон | |
• Бутун |
11,437 км2 (164-ўрин) |
| Аҳоли | |
• 2002-йилги рўйхат |
863,051 (158-ўрин) |
| • Зичлик | 75/км2 |
| ЙИМ (ХҚТ) | 2005-йил рўйхати |
• Бутун |
АҚШ$2,616 мил. (174-ўрин) |
• Жон бошига |
АҚШ$3,031 |
| Пул бирлиги | CФА Франc (ХАФ) |
| Қисқартма | CФ |
| Телефон префикси | 242 |
| Интернет домени | .cг |
|
| |
Давлат тузуми
Давлат бошлиғи – президент (1997-йилдан Дени Сассу-Нгессо). Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент (Миллий ўтиш кенгаши). Ижроия ҳокимият – ҳукуматга президент бошчилик қилади.
Табиати
Конго Республикаси ҳудуди, асосан, Конго ботиғида жойлашган. Маёмбе тоғлари (баландлиги 930 м гача) камбар (эни 40– 50 км) денгиз бўйи пасттекислигига параллел ётади. Мамлакатнинг шимоли-ғарби текислик бўлиб, унда айрим тоғлар қад кўтарган (Набемба чўққиси – 1000 м). Конго Республикасининг қолган қисми ботқоқлашган аллювиал текисликлардан иборат.
Иқлими иссиқ; шимолий сернам экваториал, жанубий қуруқ субекваториал иқлим. Энг иссиқ ойи (апрел)нинг ўртача температураси 24—27°, энг салқин ойи (июл)ники 20—25°. Йиллик ёғин 1500–2000 мм, жанубий чеккасида 1200–1400 мм. Дарё кўп, ҳаммаси серсув. Йириклари Конго.ва унинг ўнг ирмоқлари – Убанги, Санга, Ликвала, Алима. Кема катнайди. Қизил-сариқ ферралитли тупроқларда қимматбаҳо ёғоч берадиган (лимба, окуме ва бошқалар) ўрмонлар, жанубида саванналар мавжуд. Ҳайвонлардан маймун, фил, бегемот, қоплон яшайди; парранда турлари кўп. Тимсоҳ, илон, ҳашаротлар (жумладан, сеце пашша ва ҳоказо) учрайди. Конго Республикасида Лефини қўриқхонаси ва Одзала миллий боғи бор.
Аҳолиси банту тили оиласига мансуб халқлар (конго, теке, мбоши, санга, бобангилар)дан иборат. Тропик ўрмонларда пигмей қабилалари яшайди. Расмий тил – франсуз тили. Аҳолининг 46% шаҳарларда яшайди. Диндорлар – католиклар, протестантлар, бир қисми анъанавий динларга эътиқод қилади, мусулмонлар ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Браззавил, Нкайи, Лубомо, Мосенжо.
Тарихи
Археология топилмаларининг далолат беришича, Конго Республикаси ҳудудида палеолит ва мезолит даврларида Ниари дарёси водийсида одамлар яшаган, Мпила ва Мпиака деган манзилгохлар бўлган. тахминан милоднинг дастлабки асрларида бантулар Конго дарёси хавзасига кўчиб келган ва бу жойда яшовчи пигмейларни суриб чиқарган. Шу даврга оид темир анжомлар топилган. 1482-йилда португал денгизчиси Диогу Кан бу ерга келиб тушганида мажусий банту халқларидан конго, вили, ёмбелар (Конго дарёсининг қуйи оқимида), текелар (Малебодан шим.рокда) ва бошқа яшаган. Улар ўрмондан ер очиб, деҳқончилик қилар (супурги, дуккакли экинлар, ямс экишган), аҳолининг бир қисми балиқчилик билан шуғулланар, ҳунармандчилик (тўқувчилик, кулоллик, темир ва мис эритиб, турли идиш ва асбоблар ясаш) ривожланган эди.
Конго Республикаси ҳудудида вилилар яшайдиган соҳилда Лоанго, текелар яшайдиган Малебо атрофида Теке (Тио) давлатлари вужудга келган. Улар билан европаликлар ўртасида алоқа ўрнатила борган, қул савдосида ҳамкорлик қилинган. ХИХ аср охирида Конго дарёси ҳавзасида франсузлар пайдо бўлган. Экспедиция қўмондони П. Саворнян де Бразза 1880-йилда Нкуна манзили (ҳозирги Браззавил шаҳри)га асос солди. 1880-йилдан Конго Республикаси Франсия протекторати, 1886-йилдан мустамлакасига айлантирилди. 1903-йилдан Ўрта Конго Республикаси деб номланди.
Конго Республикаси 1960-йил 15-августда мустақилликка эришди. Шу йилнинг 20-сентабрдан БМТ аъзоси, 1969-йил 30-декабрда Халқ республикаси деб эълон қилинди. 1991-йилдан мамлакат Конго Республикаси Республикаси деб атала бошлади. Миллий байрами —15-август – Мустақиллик куни (1960).
Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари
Конго Республикаси меҳнат партияси, 1969-йилда тузилган; Конго Республикаси демократия ва муштарак ривожланиш ҳаракати, 1990-йилда асос солинган; Демократия ва ривожланиш учун бирлашма, 1990-йилда ташкил этилган; Демократия ва ижтимоий тараққиёт учун бирлашма, 1990-йилда тузилган; Бирлашган демократик кучлар, 1994-йилда асос солинган; Ижтимоий демократия учун Африкааро иттифоқ партияси. Конго Республикаси касаба уюшмалари конфедерацияси, 1964-йилда тузилган, Африка касаба уюшма бирлиги ташкилотига ва Жаҳон касаба уюшмалари федерациясига киради.
Иқтисодиёти
Конго Республикаси – аграр мамлакат. Иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги, кончилик ва ўрмончилик ташкил этади. Фаол аҳолининг 60% қишлоқ хўжалигида банд. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқчиликнинг улуши – 14%, саноат ва қурилишнинг улуши – 37%. Нефт ва ёғоч асосий табиий бойликларидир. Нефт қазиб чиқариш, ёғочсозлик ва озиқ-овқат тармоқларида 300 дан кўпроқ йирик ва ўрта корхона бор. Бундан ташқари, газ, қўрғошин, пйх, мис, қалай, олмос, олтин, калий тузи қазиб олинади. Дарёлар бўйига қурилган ГЕСлар электр энергиянинг асосий қисмини ҳосил қилиб беради (1 йилда 482 млн. кВт-соат).
Ер фондининг жуда оз қисмини экинзор ва яйловлар ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги камҳосил бўлиб, аҳолининг озиқовқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Ички эҳтиёж учун маниок, батат, ямс, таро, тариқ, маккажўхори, шоли, сабзавот етиштирилади. Экспорт учун мойли палма, банан, кофе, какао, ситрус ўсимликлар, гевея ўстирилади, шакарқамиш, ер енғоқ, тамаки экилади.
Конго Республикасида 802 км темир йўл, 15 минг км автомобил йўли бор (1,5 минг км қаттиқ қопламали). Ягона денгиз порти – Пуэнт-Нуар, дарё порти – Браззавил, халқаро аэропортлари – Браззавил ва Пуэнт-Нуарда.
Конго Республикаси четга нефт, ёғоч, қурилиш материаллари, олмос, палма мағзи ва ёғи, кофе, какао, тамаки, қанд-шакар, рангли металл рудалари чиқаради. Четдан машина, транспорт восита ва жиҳозлари, кенг истеъмол моллари, озиқ-овқат келтиради. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: АҚСҲ, Франсия, Испания ва бошқа Пул бирлиги— Африка франки.
Тиббий хизмат. Тиббий хизмат тизими давлат тасарруфида. Ҳар бир туманда касалхона, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази, тиббиёт маркази бор. Безгак, ошқозон-ичак ва сил касалликлари тарқалган. Врачлар, асосан, Франсия ва Сенегалда тайёрланади.
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари
Мамлакатда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий этилган, ҳамма турдаги ўқиш бепул. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 6 йил, ўрта мактабда 7 и. Браззавилда миллий университет бор. Илмий муассасалари: Илмий техника тадқиқотлари миллий кенгаши, Конго Республикаси маҳсулдорлигини ошириш бюроси, Тропик ўрмонни ўрганиш маркази ва бошқа Браззавилда университет кутубхонаси, миллий музей ҳамда унинг архиви ва кутубхонаси бор.
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви
Конго Республикасида бир қанча газ. нашр этилади. Йириклари: „Мвети“ („Юлдуз“ франсуз тилидаги кундалик газ., 1977-йилдан), „Бакенто я Конго“ („Конго хотинқизлари“, франсуз тилида 3 ойда 1-марта чиқадиган газ.), „Вуа де ла класс увриер“ („Ишчилар синфи овози“, франсуз тилида 1 йилда 6-марта чиқадиган газ.), „Женес э революсон“ („Ёшлар ва инқилоб“, франсуз тилидаги ҳафталик газ., 1977-йилдан), „Комбаттан руж“ („Қизил жангчи“, франсуз тилидаги ойлик газ.), „Смен африкен“ („Африка ҳафтаси“, франсуз тилидаги газ., 1952-йилдан). Конго Республикаси ахборот агентлиги 1962-йилда тузилган. Конго Республикаси миллий радиоэшиттириш ва телекўрсатувига 1962-йилда асос солинган.
Адабиёти
Конго Республикасида кадимдан бой халқ оғзаки ижодиёти мавжуд. Ёзма адабиёт Иккинчи жаҳон урушидан кейин франсуз ва лингал тилларида пайдо бўлди. Шеърият, айниқса, гуркираб ривожланди. Ж. Б. Тати-Лутарнинг лирик шеърлари ватанга муҳаббат руҳи билан суғорилган. Шоир Ж. Ф. Чикайя ёзма шеъриятни юксак даражага кўтарди. Унинг „Қора қон“, „Қорин“, „Африка эртаклари“ ва бошқа шеърий китобларида халқнинг озодлик ва тенглик учун кураши – Африка такдири ҳақида ўйлар, халқ туйғулари акс эттирилган. М. Синданинг шеърий асарларида ҳам мустамлакачиликка қарши кураш мавзуи янгради. Айни вақтда насрий асарлар ҳам кенг ривожланди. Ж.Малонганинг қуллар ҳаётига бағишланган „Мпфуму Ма Мазоно афсонаси“ ва тенгсизликка қарши кураш мавзуини ифода этган „Юракдаги армон“ романлари Конго Республикаси насрининг ютуғи ҳисобланади. Драматургия соҳасида С.Бемба, П.Лони, Ф.Муангасса, Л.Амбили ва бошқа ижод қиладилар.
Меъморлиги ва тасвирий санъати
Халқ турар жойлари, асосан, тўғри бурчакли, томи икки нишабли кулбалардан иборат. Маросим ўтказиладиган бинолар нақш солинган ёғоч тахталар билан безатилган. ХИХ аср 2-ярмидан шаҳарларда европача бинолар қурила бошлади. Браззавил, Пуэнт-Нуар ва бошқа шаҳарларда муҳташам ибодатхона, меҳмонхона ва маъмурий бинолар қад кўтарди.
Ёғочдан ҳайкалчалар ясаш, ўймакорлик, қовоқ ва сопол идишлар ишлаш, уларни нақш билан безаш ривожланган. Ҳозирги замон санъатида „ПотоПото“ рассомлик мактаб-устахонаси муҳим рол ўйнайди (1951-йил франсуз рассоми ва этнографи П.Лодс ташкил этган). Бу мактаб-устахона маҳаллий анъаналарга асосланган; манзараларни аниқ тасвирловчи, ранглардан жозибадор кўринишлар ҳосил қилувчи ноёб услубдаги картиналар (гуаш, акварел) яратилган. Халқ ҳунармандчилиги ривож топган.
Мусиқаси қадимдан мавжуд. Конго Республикасида яшайдиган халқларнинг мусиқа маданияти кўпроқ фолклор билан боғлиқ.
Бака, бабинга ва бошқа қабилаларнинг мусиқаси овчилик, деҳқончилик мавзуини ифодалайди. Қўшиқ ва рақслар ҳам кўпинча қишлоқ хўжалиги ишлари ёки ов вақтида ижро этилади. Барабан, флейта, чанг воситасида хабар ва янгиликлар тарқатилади. Мустақиллик йилларида Африка халқлари ва фолклори мусиқасига қизиқиш кучайди. Куй ва қўшиқлар, асосан, барабанда (току, локука, лўнгўнгу ва бошқалар) оркестр жўрлигида ижро этилади. Кейинги йилларда замонавий мусиқа ривожланди. 1966-йилда ташкил этилган Конго Республикаси миллий балети, асосан, халқ рақсларини ижро этади.
Театри
Конго Республикасида яшаган қад. халқларнинг овчилик, балиқчилик ва турмуш мавзуидаги анъанавий рақслари ва маросимларида театр санъати унсурлари бўлган. Шу асосда ва Ев ропа замонавий театр санъати услубидан фойдаланиб, 1965-йил Браззавилда Конго миллий театри барпо этилди, унда саҳналаштирилган Г. Оёно-Мбианинг „Уч ошиқ – бир қайлиқ“, Ги Менганинг „Коко Мбаленинг декчаси“, „Оракул“, Л.Амбилининг „Ватанпарвар“ песалари шуҳрат қозонди.
Киноси
70-йилларнинг бошида ҳужжатли филмлар чиқарилди. 1974-йил биринчи тўлиқ метражли бадиий филм – „Қалин пули“ (режиссёр С.Комиба) яратилди; филм Конго Республикаси ёзувчиси Ж.Малонганинг „Мпфуму Ма Мазоно афсонаси“ романи асосида экранлаштирилди. 1977-йил Конго Республикасида кинематография миллий бошқармаси ташкил этилди. Унинг „Ибодатхона“, „Жангчилар“ (режиссёр Ж. М. Чиссуку) филмлари яхши кўтиб олинди. 1980—90-йилларда ҳам бир қанча бадиий филмлар яратилди.[1]
Маъмурий-ҳудудий бўлиниши
Конго Республикаси 12 департаментга бўлинади, 2 пойтахт шаҳари мавжуд улар Бараззавил ва Пуэнт-Нуар шаҳри.
| № | Департамент | Департамент (франсузча: ') | Маркази | Майдони, км²$4 | Аҳолиси (2004), киши. |
|---|---|---|---|---|---|
| 1 | Браззавил | Браззавилле | Браззавил | 100 | 1 243 523 |
| 2 | Буэнза | Боуэнза | Мадингу | 12 265 | 282 666 |
| 3 | Гарбий Кювет | Cуветте-Оуэст | Эво | 28 790 | 49 883 |
| 4 | Куилу | Коуилоу | Лоанго | 13 694 | 878 846 |
| 5 | Кювет | Cуветте | Овандо | 46 060 | 174 976 |
| 6 | Лекуму | Лéкоумоу | Сибити | 20 950 | 78 023 |
| 7 | Ликуала | Ликоуала | Импфондо | 66 044 | 85 646 |
| 8 | Ниари | Ниари | Лубомо | 25 942 | 244 706 |
| 9 | Плато | Платеаух | Жамбала | 38 400 | 140 184 |
| 10 | Пул | Поол | Кинкала | 33 955 | 235 313 |
| 11 | Пуэнт-Нуар | Поинте-Ноире | Пуэнт-Нуар | 50 | 663 400 (2005) |
| 11 | Санга | Сангҳа | Весо | 55 800 | 61 892 |
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |