Конрад Аденауэр (5-январ 1876, Кёлн — 19-апрел 1967, Бонн) — Ф Р нинг 1949 — 1963 йиллардаги федерал канслери. Конрад Аденауэр шаҳар судининг котиби оиласида дунёга келган. 1894-йил 5-мартда Конрад Кёлндаги Авлиё ҳаворийлари гимназиясини битирган, кейин эса Фрайбург, Мюнхен ва Бонн университетларининг юридик факултетларида таҳсил олган (1894 —1897). Давлат имтиҳонларини топширганидан кейин у Кёлн шаҳар прокуратурасида, сўнгра адвокат Каузенинг идорасида (1903 — 1905) ишлаган[1].

Конрад Аденауэр
Файл:Бундесарчив Б 145 Билд-Ф078072-0004, Конрад Аденауэр.жпг
Конрад Аденауэр сигнатуре транспарент.пнг
Германия Федератив Республикасининг Биринчи Канслери
Ҳукмронлигининг бошланиши: 8-март 1945
Ҳукмронлигининг тугаши: 15-октабр 1963
Ўтмишдош: Адолф Гитлер
Туғилган санаси: 5-январ 1876-йил
Туғилган жойи:Кёлн, Германия
Вафот санаси:19-апрел 1967-йил(1967-04-19)
(91 ёшда)
Вафот жойи:Бад-Хоннеф, Германия Федератив Республикаси

Ҳаёти ва фаолияти

Конрад Аденауэрнинг сиёсий фаолияти муваффақиятли бошланди. 1906-йилда у Кёлн бургомистрининг ўнинчи ёрдамчиси бўлди ва муниси­пал солиқлар ҳамда бошқа йиғимлар хизматини бошқарди (1910), Кёлннинг бургомистри (1917) бўлди. Кайзер Вилгелм ИИ унга обер-бургомистр унвонини тақдим этди. Муниципал маслаҳатчилар уни танлаб адашмаган эдилар. Кёлн тез ривожланаётган Рейннинг йирик саноат марказига айланди. Айнан ўша пайтларда ўзининг марҳума турмуш ўртогини эслаб К. Аденауэр шундай деб ёзган эди: „Мен ўзимнинг Эммамни жуда ҳам соғиндим, менга у етишмаяпти. Ёшлик йилларимда мен катта мавқе ҳақида бутун борлиғим билан орзу қилардим. Ҳозир мен ҳурматли одамман, аммо, э худо, мен қанчалар ёлгизман…“[2].

Лекин ёлғизлик узоқ чўзилмади. 1919-йили К. Аденауэр таниш врачи Августин Синссернинг ўзидан 20 ёш кичик бўлган қизига уйланди. Яна икки ўгил ва икки қиз туғилди. Улар биринчи хотинидан қолган болалар билан биргаликда тарбияландилар. Оила бошлиғи кўп вақтини фарзандларига бағишларди. Оилада ўзаро ҳурмат ва аҳиллик ҳукмрон эди.

К. Аденауэрнинг Кёлн шаҳри бургомистри лавозимини эгаллаб турган дастлабки йиллари Германиянинг Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учраши ва шармандали Версал шартномаси тузилиши даврига тўғри келди. У бир неча марта нима учун тинч ва тез ривожланаётган Германия бунчалар катта ва хавфли урушга киришганлигига ҳайратланганини айтган эди. Янги шароитда одамлар ҳаётини ташкиллаштирар экан, К. Адена­уэр бир кеча-кундузда ўн саккиз соатлаб ишларди. У Кёлнни Рейн вилоятининг йирик ва гўзал марказига айлантиришни орзу қиларди ва кўп нарсага эришди ҳам. Обербургомистр К. Аденауэр мамлакатдаги машҳур кишилардан бири бўлиб қолди. Уни Давлат кенгашининг — вилоят вакилларининг Берлиндаги маслаҳат органи президенти қилиб сайладилар. 1926-йили К. Аденауэрга канслер лавозимини таклиф кдлишди. У таклифни рад этди, чунки национал-социализм ғояларини маъқулламас эди.

1933-йили 13-ноябрда Гитлер ҳокимият тепасига келиши билан К. Аденауэр Кёлннинг бургомистри вазифасидан озод қилинди. Қамоққа олинишидан қўрқиб у шаҳардан шаҳарга кўчиб юрди. Ниҳоят Рейн дарёсининг қирғоғида жойлашган, Кёлндан унча узоқ бўлмаган Рендорф деб аталган манзилгоҳда оиласи билан ўрнашди. К. Аденауэр икки марта — 1934 ва 1944-йилларда — ҳукуматнинг ашаддий душмани сифатида гестапо томонидан қамоққа олинди. Иккинчи бор қамоққа олинганида қамоқхона бошлиғи унга шундай деган эди: „Илтимос, ўз жонингизга қасд қиилишга уринманг. Сизнинг ҳолатингизда бунинг энди ҳожати йўқ. Сиз 68 ёшдасиз ва энди сизнинг ҳаётингиз ҳар қанақасига ҳам тугалланган“[3].

Катта сиёсий майдонга келиш

Конрад Аденауэр 1896-йилда.

К. Аденауэрнинг сиёсий жиҳатдан машҳурлиги Учинчи рейхнинг ҳарбий мағлубиятидан кейингина бошланди. 1945-йилнинг 8-мартида Кёлн­нинг америкалик коменданти К. Аденауэрга бургомистр вазифасини бажаришни таклиф қилди. У рози бўлди. 1945-йилнинг майида Германиянинг таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжат имзоланиши биланоқ, иттифоқчиларнинг оккупацион маъмурияти томонидан Германиянинг келажаги учун энг муҳим бўлган сиёсатчилар рўйхати тузилди. Рўйхатдаги биринчи ўринда Конрад Аденауэрнинг исми турарди. Аммо иттифоқчиларнинг ишончига сазовор бўлган бўлғуси канслер Вашингтон, Лондон ва Парижлик режисёрлар „бошқарадиган“ итоаткор сиёсий қўғирчоққа айланмоқчи эмас эди[4].

ИИ Жаҳон урушидан сўнг Германия

Қатъий ва мустақил характерга эга бўлган К. Аденауэр нацизм вайроналари устида янги, демократик, ўз миллий манфаатларини ҳимоя қила олишга қодир бўлган Германия қад кўтаришига ишонарди. Айнан ўша пайтларда унинг „Немис халқи эгилди, аммо у синдирилган эмас“ деган машҳур ибораси бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. 1945-йилдаги Германия ачинарли ҳолатда эди. Иттифоқчилар авиацияси ўз вазифаларини яхши бажарганди: Гамбург, Дрезден, Берлин, Мюн­хен, Нюрнберг, Кассел, Вуппертал ва Рур кўмир-металлургия базасининг шаҳарлари вайрон бўлиб ётарди. Бомбалар портлашларидан ҳосил бўлган ҳандақлар, Гитлер даврида қурилган улкан автомагистраллар мамлакатнинг шарқий қисмини эгаллаган Қизил Армия солдатларидан нажот излаётган миллионлаб оч қочоқларга ва Полша, Чехословакия, Югос­лавия ва Венгриядан қувилганларга тўлиб кетганди. „Наҳотки ҳаммаси тамом бўлган бўлса?“ — дея сўраганди ўша кунлари „Гамбургер Фолксцайтунг“ газетаси. Унинг саҳифаларида босилган расмлар ҳамма нарсани ўз-ўзидан изоҳлаб турарди: вайроналардан егулик излаб тимирскиланиб юрган, фақат қоқ суяклари қолган болалар, бир парча кўмир учун кўчада муштлашаётганлар, очиқ заводда ухлаётган немис асирлари. Ақлдан озаёзган немислар иттифоқчиларнинг солдатлари сафларини ёриб ўтардилар ва ўқ ейиши мумкинлигига қарамасдан паровозларнинг кўмирхоналарига ҳужум қилардилар. Ўша кунларда Германиянинг замонавий тарихидаги энг қайғули рекордлардан бири ўрнатилган эди: 1947-йилнинг 1-январ куни кўчаларда 50 нафар бошпанасиз киши совуқдан қотиб ўлган эди. Ҳалокат ёқасида турган Германияни қутқариб қолишга қодир бўлган тез ва қатъий чоралар кўриш лозим эди. Нацистлар билан ҳамкорлик қилиб ўз шаънини булғамаган ва айни пайтда оккупацион маъмуриятнинг хам, оддий немисларнинг хам ишончини қозонган йўлбошчи зарур эди. Конрад Аденауэр ана шундай киши эди. 1948-йили америкаликлар, британияликлар ва франсузлар эгаллаган Германия ҳудудида 11 та Ғарбий Германия ерлари ташкил қилинди. Боннда Парламент кенгаши иш бошлади ва унинг Президенти этиб Христиан-демократик итиифоқининг (ХДИ) раиси ва асосчиларидан бири сифатида К. Аденауэр сайланди. Христианча дунёқараш, Ғарбнинг маънавий бойликлари томон йўналтирилганлик турли хил ижтимоий қатламларни ўзига жалб қилди[5].

Канслер сифатида иш бошлаган дастлабки йиллари

Сайлов плакати, 1949: „Аденауэр билан Германиянинг тинчлиги, эркинлиги ва бирлиги учун, шунинг учун CДУ“
Аденауэр Бундестагда нутқ сўзламоқда , 1955-йил

К. Аденауэр бозор иқтисодиётини маъқуллади. Бавариялик иқтисодчи — профессор Л. Эрхарднинг маърузалари билан танишгач, у ва у билан бирга ХДИ хам бозор иқтисодиёти назарияси билан қуролландилар. Бироқ, „совуқ уруш“ бошланди ва Германиянинг бирлашиши номаълум вақтгача орқага сурилди. Сиёсий тараққиёт мантиғи Ғарбий Германия давлатининг шаклланишига олиб борди. 1949-йилнинг 23-май куни Германия Федератив Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. 1949-йил 15-сентабр куни Конрад Аденауэр эндигина ташкил қилинган Германия Федератив Республикасининг канслери этиб сайланди. Канс­лер қасамёд қабул қилганидан кейин дарҳол унг марказ коалицияни шакллантиришга киришади. Бир пайтнинг ўзида мамлакат конституциясини қайта ишлаш қизғин олиб борилди. Бироқ Конрад Аденауэрнинг асосий мақсади енгилган, ҳали яқиндагина, бир неча йил аввал аҳолисининг жуда катта қисми фашизмни қувватлаган мамлакатда демократик ҳукумат тизимини яратиш эди. Ҳар бир вояга етган немис „Учинчи рейх“ даврида нима билан шуғулланганлиги ҳақидаги махсус сўроқ варақасини тўлдириши шарт бўлганлигига қарамасдан, бу ҳали Германия нацизм ботғоғидан тозаланганлигини англатмасди. Иттифоқчилар хам, канслер хам жуда яхши тушунардиларки, агар барча нацистларни қамоқхоналарга ташласалар, мамлакат тез орада бўм-бўш бўлиб қоларди. Айнан анашунинг учун ҳам Конрад Аденауэр нацизмни фаол қоралаш билан бирга, айни пайтда „кечириш ва унутиш“ тамойилига ҳам риоя қиларди. Шунинг учун ҳам янги Германия ҳукуматида таржимаи ҳолларини фашистларга хизмат қилиш билан булғаган сиёсатчилар пайдо бўлиб қолдилар. Канслер, жамиятдан ажратиб қўйилган, оч ва чорасиз собиқ фашистлар шак-шубҳасиз неонацистлар лагерига борадилар, деб ҳисобларди. Ўзининг бутун мантиқсизлиги ва қарама-қаршиликларига қарамасдан, диалог йўли билан собиқ „нацистлар“ни „қўлга ўргатиш“ сиёсати тубсиз жарлик ёқасида турган миллатни жипслаштиришга эришган канслер К. Аденауэрнинг, шубҳасиз, муваффақияти эди[6].

Конрад Аденауэр даврида ташқи сиёсат

Парижда Шимолий Атлантика шартномасини имзолаш , 1954-йил (чапда Аденауэр)

Оккупацион маъмурият вакиллари янги канслер қиёфасида ўжар ва эътиқодли сиёсатчига дуч келганликларини тезда англаб олдилар. „Биз африкалик қабила эмасмиз, — дея такрорлашни ёқтирарди канслер,—— мағрур европалик миллатмиз. Дунё билиб қўйиши керакки, таслим бўлган немис халқи эмас, герман армияси эди“. К. Аденауэр канслерлик лавозимини Гитлердан кўра икки йилдан кўпрок эгаллаб турди. 1951-йилдан 1955-йилгача К. Аденауэр бир пайтнинг узида Ташқ ишлар вазири вазифасини ҳам бажарди. Халқаро ҳамжамиятга қайтиш сира ҳам осон эмасди. Герман фашизмидан жафо чеккан мамлакатларнинг ёцирашларини енгиб ўтиш керак бўларди. Бу ГФР биринчи канслери дипломатиясининг асосий мақсади бўлиб қолди. Мамлакат аста-секин оккупациядан қутилиб, мустақилликни қўлга кирита бошлади. 1951-йил 2-майда ГФР Кўмир ва пўлат Европа бирлашмаси — Европа Иттифоқи тимсолининг асосчиси бўлди. К. Аденауэр Парижга, Римга, Лондонга, икки йилдан кейин эса Вашингтонга дастлабки расмий ташрифларни амалга оширди. 1952-йилнинг 10-сентабрида Люксембургда у репарация тўловлар ҳақидаги шартномага қўл қўйди. Унда ёш Исроил давлатига ёрдам бериш кўзда тутилганди. Сиёсий рақибларининг қарама-қаршиликларини енгиб, ГФР 1955-йил 5-майда НАТОга аъзо бўлди. Ўша йили 1954-йил 23-октабрда имзоланган Париж шартномасининг кучга кириши туфайли ГФР учун оккупация даври тугади. Канслер Европа келажагини иқтисодиётнинг турли шакллари қўшиб олиб борилишида, маънавий ва маданий қадриятларнинг доимий алмашиниб туришида кўрарди[7].

Конрад Аденауэр даврида совуқ урушнинг ГФРга таъсири

Совет Иттифоқининг қуролларни қисқартириш ҳақидаги таклифларига ўз норозилигининг сабабларини тушунтирар ва Ғарбий Германияни демилитаризациялаштириш бўйича Париж шартномасида назарда тутилган чораларни ҳаётга тадбиқ этишдан воз кечиш ҳақидаги СДПГ фраксиясининг таклифини рад этишга даъват қиларди. Аденауэр Бундестагдаги нутқида шундай деган эди: „Мен, ГФР канслери, аввалгидек, мамлакатни демилитаризациялаштиришга қаршиман. Биз социал-демократлар, шу жумладан коммунистлар ҳам бошқа ҳеч қачон ҳокимият тепасига келмаслигининг чораларини кўрамиз“. Айни пайтда у Бонн ҳукумати ҳар қандай шароитда ҳам Париж аҳдномаларидан келиб чиқадиган ҳарбий мажбуриятларини бажаришини айтди. Урушдан кейинги дастлабки вақтларда К. Аденауэрда Ғарб мамлакатлари ва Совет Иттифоқи ўртасида тинч ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикрлар пайдо бўлди. Бироқ хомҳаёллар тезда қайтиб кетди. Дунё турли хил дунёқарашларга эга бўлган, этник қадриятлари ва сиёсий вазифалари бошқа-бошқа бўлган икки лагерга бўлинди. Икки тузумнинг қарама-қаршилиги кучайиб борарди. Унинг марказида эса иккига бўлинган Германия турарди.

Никита Хрушчев ва бошқа совет раҳбарлари 1955-йил сентябр ойида Москвада Аденауэр билан саломлашишди.
Йил одами: Аденауэр Тиме муқовасида (1954-йил 4 январ)

К. Аденауэр, бундай ҳолатда немисларнинг бетараф бўлиши мумкин эмас, деган қарорга келди. Германия Ғарб билан бўлади. У коммунистик мафкура билан ва хўжалик юритишнинг режали тақсимлаш тизими билан ҳар қандай келишувларга қарши чиқди. Бирлашган Германияни у фақат Ғарб дунёси билан иттфоқда кўрарди ва уни бетарафлаштиришнинг ҳар қандай режаларини рад қиларди. Совет Иттифоқининг дунёда тутган ўрнини ва унинг Гер­мания муаммосини ҳал этишга бўлган таъсирини тан олган К. Аденауэр СССР билан дипломатик алоқаларнинг, кейин эса савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳам ўрнаталишига рози бўлди. Москвада бўлган музокараларда у совет раҳбарларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлди ва бунда ўзаро тенг ҳуқуқлилик доираларидан чиқилишига ҳам йўл қўймади[8].

Конрад Аденауэр даврида ГФР ва Франсия муносабатлари

Аденауэр ва Шарл де Голл тасвирланган Германия ва Франсия ўртасидаги муносабатлар тикланганига бағишланган Берлин лавҳаси

Конрад Аденауэрнинг обрўйи тобора ортиб борарди. ХДИ 一 ХСИ қаторасига тўрт марта парламент сайловларида ғолиб чиқди. Ғарб мамлакатларининг раҳбарлари К. Аденауэрни тенг ва ҳурматли ҳамкор сифатида қабул қилардилар. Айниқса қизғин муносабатлар у билан Шарл де Голл ўртасида ўрнатилди. К. Аденауэрнинг дипломатияси мавқеида 1963-йил 22-январ алоҳида ўрин тутди, чунки ўша куни ГФР канслери ва Франсия президенти Елисей майдонида қучоқдашдилар. Икки миллат ўртасидаги юз йиллик миллатлараро нифоқ йўқотилди. Конрад Аденауэр билан Шарл де Голл дўстлик ҳақида шартнома имзоладилар. „Менинг, — деган эди ушанда К. Аденауэр, — энг аввалги ўринга Европа бирлигини қўйиб, фақат шундан кейингина ўз давлатининг манфаатини қўядиган ягона немис канс­лери эканлигимни унутманг“[9].

Конрад Аденауэр даврида иқтисодий ривожланиш

Аденауэр Франсия президенти Шарл де Голл билан 1961-йилда Кöлн Бонн аэропортида

Шарқдан кўчиб келаётганлар оқими ва канслер К. Аденауэрнинг ҳамда иқтисод министри Эрхарднинг қулай иқтисодий сиёсати Германия „Мар­шалл режаси“ доирасида олган салмоқли молиявий „дармон“ билан қўшилиб шунга олиб келдики, 1955-йилдаёқ мамлакат мисли кўрилмаган тараққиётга эришди. Германия энг қисқа тарихий муддатда уруш қолдирган яраларни тузатишга эришди. Мамлакат урушга қадар мавжуд бўлган ҳудудининг қарйиб ярмини ва аҳолисининг йигирма беш фоизини шарқий қисмида қолдирганига қарамасдан, 1950-йилдаёқ, реал ойлик иш ҳақининг урушдан олдинги даражасига етди. Ғарбий немислар ҳар йили Италия, Испания ва Португалия оромгоҳларига боришга одатланиб қолдилар. Қарйиб ҳар бир оила ўз автомобилига эга бўлди, телевизорлар, музлаткичлар ва кир ювиш машиналари сингари оддий нарсалар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади[10].

Конред Аденауэр даврида яҳудийларга нисбатан юритилган сиёсат

Ана шундай шароитларда канслер К. Аденауэр умуммиллий қадриятларни кескин қайта кўриб чиқишга олиб келувчи қадам қўяди. Бундес­тагда нутқ сўзлар экан, канслер биринчи марта миллионлаб европалик яҳудийларнинг йўқ қилинишида немисларнинг тарихий масъулиятини тан олди. Аденауэрнинг сўзлари фақат немисларнигина эмас, балки бошқаларни ҳам ҳайратга солди. Қизғин музокаралардан кейин 1952-йилнинг 10-сентабр куни Люксембургда товон тўлаш (репарация) ҳақида шарт­нома имзоланди. Унда ёш Исроил давлатига моддий ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилганди. Исроил билан ГФР ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгунга қадар Исроил фуқароларига Германияга бориш тавсия қилинмас эди. Вазият К. Аденауэр билан Исроил бош вазири Давид Бен Гурион ўртасидаги тўгридан-тўгри музокаралар натижасида икки томонлама муносабатлар нормаллашганидан сўнг ўзгарди. Лекин ана шу воқеалардан кўп йиллар кейин ҳам 1928-йилгача туғилган немислар Исроилга бориш учун ҳужжатларини берар эканлар, махсус анкетани тўлдиришга мажбур эдилар. 1960-йили Ню-Ёркда канслер К. Аденауэр билан Исроил бош министри Давид Бен Гурионнинг тарихий учрашуви бўлиб ўтди. К. Аденауэр яҳудийларнинг немис жамиятига интеграциялашувини соддалаштириш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берди. Канслер ўз ваъдасини аъло даражада бажарди. 1961-йилда К. Аде­науэр шундай деганди: „Бизнинг мақсадимиз, Европа келажакда барча европаликлар учун умумий хонадон бўлсин, у эркинлик макони бўлсин“[11].

Аденауэр Исроил Президенти Залман Шазар билан , 1966-йил

Умрининг сўнги йиллари

Герман давлатини ажратиб турувчи Берлин девори тикланишига қаршилик қилишнинг иложи бўлмаганлиги К. Аденауэрнинг ягона йирик омадсизлиги бўлди. 1963-йил 15-октабрда Аденауэр федерал канслер лавозимидан истеъфога чиқди. У мамлакатни 14 йил бошқарди. 1963-йил 15-октабрда у ўзининг федерал канслер сифатидаги сўнгги нутқини сўзлади. Ундан кейинги ҳаётининг тўрт йилини Рендорфда оиласи даврасида ўтказди, аммо яна уч йил ХДИга раҳбарлик қилди. Аденауэр мемуарлар ёзди ва боғига қарарди— у фақат сиёсатчигина эмас, қатор агрономик янгиликлар муаллифи ҳам эди.

Кöлн соборида Аденауэрнинг дафн маросими
Рондорфдаги Аденауэрнинг қабри

У барча соҳада меъёрни билиши, оиласига эътиборни ва ўз-ўзини қатъий назорат қилиши билан ажралиб турарди. Ҳар куни эрталаб соат 9 дан кечгача ўзининг Шаумбург саройидаги кабинетида ишларди. Сайловолди кампанияларида у мамлакат бўйлаб юрарди ва одамлар уни қизиқиш би­лан тингларди. Бу сиёсатчи муросага кела олар, баъзан айёрлик қилар, айтганини бажартирар ва ишонтирар, бошқаларга қулоқ сола олар, қарор қилгандан сўнг эса, унинг бажарилишини қатъият билан талаб қилар, айни пайтда уни диктаторликда, конституцияни ва демократик нормаларни бузганликда айблашлари учун сабаб бўладиган ишларни қилмас эди. Германияда „Миллат отаси“ ёки оддий қилиб, мағлуб мамлакатнинг қиёфасини ўзгартирган „Дер Алте“ („Қария“) дейишарди.

Конрад Аденауэр 1967-йил 19-апрел куни 91 ёшида вафот этди[12].

Манбалар

  1. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 6-бет
  2. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 7-бет
  3. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 8-бет
  4. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 9-бет
  5. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 9-бет
  6. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 10-бет
  7. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 10-бет
  8. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 11-бет
  9. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 11-бет
  10. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 11-бет
  11. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 11-бет
  12. ↑ ХХ аср: такдирларда акс этган тарих / Ш. Эргашев, Т. Бобоматов;— Тошкент: „Ўзбекистон“, 2015. 12-бет