Консерватория (итал. cонсерваторио — бошпана) — махсус мусиқа ўқув юрти. Турли йўналишлардаги мусиқа ижрочилиги, композиторлик ва мусиқашунослик соҳалари бўйича муайян тизимда таълим беради. Даставвал Италияда етим ва қаровсиз болаларга мўлжалланган бошпана — К. (биринчиси Неапол, 1537) деб аталиб, унда турли ҳунарлар қатори мусиқа (асосан, қўшиқчилик) ҳам ўқитилган. ХВИИ аср охиридан Италия К.лари профессионал мусиқачиларни тайёрлайдиган муассасаларга айланган. Замонавий ўқув юрти сифатида К.лар Европада ХВИИИ аср охиридан ташкил этила бошланди (Стокголмдаги Қирол олий мусиқа мактаби, 1771; Париждаги Мусиқа ва декламация К.си, 1795 ва бошқалар). Баъзи чет эл мусиқа олий ўқув юртлари — академия, олий мактаб, институт деб ҳам аталади (мас, Бағдод нафис санъатлар академияси, Қоҳирадаги Араб мусиқаси института ва бошқалар). Аксарият Европа ва Америка К.ларида фақат ижрочи (созанда, хонанда, дирижёр) ва композиторлар таълим олишади. Мусиқашунослар эса университетларнинг мусиқа факултетларида тайёрланади. Ўзбекистонда дастлаб Туркистон халқ К.си (1918), 1934-йилдан Олий мусиқа мактаби, 1936-йилдан Тошкент К.си, 2002-йилдан Ўзбекистон консерваторияси фаолият кўрсатади. Мазкур К. мамлакатнинг мусиқа ижрочилиги, бастакорлик ва мусиқашунослик соҳаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг асосий маркази сифатида миллий санъатнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил