Консервация (лот. cонсерватио — сақлаш) — 1) тарихий ва маданий ёдгорликлар (меъморий иншоотлар, археологик топилмалар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, китоб, қўлёзма ва бошқалар)ни дастлабки ёки К.га тушган вақтдаги қиёфаси, чидамлилигини узоқ муддатга сақлашни таъминловчи чора-тадбирлар йиғиндиси. Реставрация билан узвий боғлиқ. Музей, кутубхона, архивларни иситиш, шамоллатиш, барча сақланаётган нарсалар учун мўътадил ҳарорат, намлик, ҳаво таркиби шаро-итларини яратиш орқали эришилади. Махсус тартибдаги сақлашда ҳавони тозаловчи филтрли витринадан фойдаланилади; буюмлар, санъат асарлари махсус жилд ва жавонларда сақланади. Ёғоч, мато, тери буюмларига кимёвий моддалар билан ишлов берилади, хом сопол, ёғоч буюмлар бўзилмаслиги учун махсус синтетик елимлар билан ишланади; ҳужжатлар, босма матнлар шаффоф қобиғ билан, металл, шиша, суяк буюмлар рангсиз лок билан қопланади. Меъморий обидаларнинг асоси, девори, гумбазлари мустаҳкамланади, ҳимоя қурилмалари барпо этилади;2) бирон-бир қурилиш ёки корхона ишининг муайян сабаога кўра узоқ муддатга тўхтатиб қўйилиши; 3) двигателлар, машиналар ва бошқа техника воситалари узоқ муддат ишлатилмай турганда уларни коррозиядан сақлаш учун кўриладиган тадбирлар (мас, мойлаш, нам ўтказмайдиган нарса билан ўраш ва бошқалар); 4) ёғоч материалларни чиришдан асраш, ҳашаротлар ва денгизда яшовчи ёғоч кемирувчиларидан сақлаш учун уларга махсус модда билан ишлов бериш. Ёғочни К. лашнинг энг самарали ва осон усули унга кимёвий моддалар шимдириш ва махсус пасталар суркашдир.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил