Константин Михайлович Симонов (1915.15(28).11, Петербург — 1979.28.8, Москва) — рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. Меҳнат Қаҳрамони (1974). М. Горкий номидаги Адабиёт институтини тугатган (1938). СССР Ёзувчилар уюшмаси бош котиби ўринбосари (1946—54), котиби (1954—59; 1967—79), "Новий мир" ("Янги дунё") журнали (1946 — 50; 1954—58) ва "Литературная газета", 1938; 195054) нинг бош муҳаррири. Иккинчи жаҳон урушига қадар Н. Островскийга бағишланган "Ғолиб" (1937), "Павел Чёрний", "Муз устидаги жанг" (1938), "Суворов" (1939) достонлари, "Чин инсонлар" (1938), "Йўлда ёзилган шеърлар" (1939) шеърий тўпламлари нашр этилган. 1939-йилдан уруш мавзуси Симонов ижодининг устувор йўналишига айланган ("Бир севги тарихи", 1940; "Шаҳримиздан чиққан йигит", 1941, песалар). Уруш мавзуси, айниқса, лирикасида катта маҳорат билан акс эттирилган ("Лирик кундалик"; "Сен билан ва сенсиз"; "Фронт шеърлари", 1942, тўпламлари). Симонов лирик шеърлардан ташкари, "Рус кишилари" (1942) ва "Шундай бўлажак" (1944) песалари, "Кунлар ва тунлар" (1944) қиссасини ёзган. Урушдан кейинги йилларда халқаро муносабатларнинг кескинлашиши Симоновнинг "Прага каштанлари тагида", "Рус масаласи" (1946) песалари ҳамда "Дўстлар ва душманлар" (1948) шеърлар китобида ўз ифодасини топган.

Константин Симонов

Симонов наздида уруш нафақат кишиларнинг инсоний фазилатлари, руҳий кучи ва иродаси учун, балки давлат ва сиёсий тузум учун ҳам даҳшатли бир синов бўлди. Аммо, агар давлат ҳам, сиёсий тузум ҳам туғилиш ва ўлишга маҳкум этилган экан, ер юзидаги бирдан бир абадий қадрият бўлиб қолади. Симонов ана шу ақидадан келиб чиқиб, умрининг сўнгги нафасига қадар уруш ва инсон мавзусига содиқ қолди ҳамда "Қуролдош дўстлар" (1952), "Тириклар ва ўликлар" (1959), "Солдат бўлиб туғилмайдилар" (1964) ва "Сўнгги ёз" (1971) роман трилогиясини яратди. Симонов шунингдек, "Бегона соя" (1949), "Тўртинчи" (1961, пъеса], "Ватан узра дуд" (1947), "Лопатиннинг ёзишмаларидан" (1957), "Урушдан кейинги йигирма кун" (1972), "Биз сен билан учрашмаймиз", "Шахсий ҳаёт, дегин" (1978) ва бошқа кўплаб қисса, очерк, публицистик мақолалар тўпламлари муаллифи. Унинг асарлари асосида филмлар суратга олинган. Симонов уруш қатнашчиларининг хотираларидан иборат Иккинчи жаҳон урушининг кўп серияли кино йилномасини яратган. 1958—61- йилларда Тошкентда яшаган. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа ўзбек ёзувчиларининг асарларини рус тилига таржима қилган, Мирзачўл ҳақидаги ҳужжатли филм ссенарийсини ёзган. Симоновнинг кўпгина асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

Манбалар

  • Кунлар ва тунлар, Т., 1948; Танланган шеърлар, Т., 1960; Солдат бўлиб туғилмайдилар. Т., 1971.

Адабиётлар

  • Финк Л., Константин Симонов, М., 1983.