Сиолковский Константин Эдуардович [1857.5(17).9, Рязан вилояти — 1935.19.9, Калуга] — авиация, аэродинамика ва ракеталар динамикаси соҳасидаги рус олими ва ихтирочиси; болалигида оғир касалликдан кейин кар бўлиб қолиб, ўқишни давом эттиролмаган. 1879-йилда ўқитувчилик унвонига имтиҳон топширган. Боровск (Калуга губерняси) даги уезд билим юртида математика ва геометриядан дарс берган (1880— 98). 1880-81 йилларда бу соҳадаги мавжуд ихтиролардан бехабар "Газлар назарияси" илмий ишини ёзиб, унда газлар кинетик назарияси асосларини тавсифлади. 1897-йилда Россияда биринчи аэродинамик труба қурган. Кейинроқ дунёда биринчи бўлиб ракета назариясига ва суюқ ёнилғили ракета двигатели назариясига асос солган. Илмий ишлари 3 муаммога: металл аэростат (дирижабл)ни илмий асослаш (1885— 92), аэропланнинг суйрилиги (1894-йилда эълон қилинган), сайёралараро ракеталар (1896-йилдан) га бағишланган. Учишда реактив ҳаракатдан фойдаланиш ғояси биринчи марта С. томонидан 1883-йилда баён этилган. С. 1903-йилда "Реактив асбоблар билан фазони тадқиқ этиш" асарида биринчи бўлиб ракета ҳаракати фазода ва тортишиш майдонида ўзгарувчан массали жисм ҳаракатига ўхшашлигини, сайёралараро алоқада ракеталардан фойдаланиш мумкинлигини асослаб берди. 1929-йилда "Космик ракета поездлари" асарида босқичли ракета ҳаракати назариясини яратди. Ерга сунъий йўддош бўладиган ракета масаласи билан биринчи бўлиб шуғулланди, Ердан ташқарида ст-ялар қуриш фикрини илгари сурди. Ойдаги кратерга С. номи берилган.