Конструктивизм (лот. cонструcц — қуриш, ясаш) — ХХ асрнинг 20-йиллари санъат ва адабиётда вужудга келган оқим. Дастлаб меъморликда қурилиш техникаси ва технологияси ютуқлари таъсирида юзага келди ва ривожланди. К. бадиий лойиҳалаш (дизайн)ни шаклланишига ҳар тарафлама имкон яратди. К. тарафдорлари атроф муҳитни „кўриш“ вазифасини илгари сурдилар. Қурилган бино ва яратилган буюмларни содда ва ихчам, қулай ва мақсадга мувофиқ бўлишини эътироф этдилар. Меъмор ва рассомлар ҳамкорликда одамлар яшайдиган муҳитни яратиб, уларнинг кайфияти, меҳнат фаолиятига таъсир этиш мумкин деб билдилар. К. назариётчилари инглиз Ж.Рескин, У.Моррис, америкалик Х.Гринуа, Л. Х. Салмив, австриялик О.Лоза, франсуз О. Перре, Ле Корбюзе, немис меъморлари В. Гропиус, Х.Меер, россиялик ака-ука Веснинлар, М.Гинзбург ва бошқаларнинг амалий ва назарий қарашларида шу йўналиш ғоялари ўз аксини топди. Европа, Америка, Осиёда кенг ёйилиб „халқаро услуб“ даражасига кўтарилди. Ўзбекистонда меъморлардан Г. П. Бауэр, Г. М. Сваричевский, С. Н. Полупанов ва бошқа К. услубини кенг қўллашга ҳаракат қилишган.

Тасвирий ва амалий санъатда идиш, мебел, жиҳозларнинг янги нусхалари, газламалар учун расмлар яратилди, кийимларнинг янги ва қулай шакллари ишлаб чиқилди, К. графика ривожи, китоб иши, ҳарф териш ва бошқаларда муҳим аҳамият касб этди. Театр декорациясида анъанавий безаклар ўрнига саҳнадаги ҳаракат мазмунига хизмат қиладиган „дастгоҳ“лар яратилди. Ўзбекистон тасвирий санъатида В.Уфимсев ижодида К. таъсири кузатилади, 60—70-йилларда плакат жанрида кенг қўлланди. К. кридалари Ф. Кагаров, И.Абдуллаев, Ҳ.Ҳасанов ва бошқа ижодида ўз аксини топди.

Адабиётдаги К. дастлаб Россиядаги „сўл“ оқим — футуризм ичида намоён бўлди. 1924—1930-йилларда конструктивистларнинг адабий маркази гуруҳи мавжуд бўлиб, унга И.Селвинский, К.Зелинский, В.Инберг, Э.Багрицкий, Б.Агалов ва бошқа кирган эди. К. вакиллари бадиий асарга „конструксия“ сифатида қараб, образнинг ҳар бир унсурига „маъно юклашга“ ҳаракат қиддилар. Бу амалда схематизмга, шиор ва реклама услубига олиб келди. Мумтоз мероснинг аҳамиятини етарли баҳоламаслик К.ни футуризм билан яқинлаштирди. Конструктивизмга мойиллик 20-йилларда Шокир Сулаймон, Ғайратий каби ўзбек шоирларининг ижодида ҳам сезилган. Конструктивистларнинг адабий маркази жамоатчиликнинг қаттиқ танқидига учради, фаолиятини 1930-йилда тугатди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил