Коррозия (лотинча cорригере – ўймоқ, емирмоқ) – 1) жисмлар (металлар, бетон, тош, ёғоч, баъзи пластмассалар ва бошқалар)нинг ташқи муҳит билан биологик, кимёвий ёки электр-кимёвий таъсирлашуви оқибатида емирилиши. Темир ва темир қотишмалари К.си занглаш деб ҳам аталади (яна қаранг Металлар коррозияси). Ҳимоя қопламлари (мас, лок-бўёқ материаллар) қоплаш, муҳитга ингибаторлар (мас, хроматлар, нитритлар, арсенитлар) киритиш, коррозиябардош материаллар ишлатиш йўли билан К.нинг олдини олиш мумкин; 2) тиббиётда – ўювчи моддалар таъсирида тўқималарнинг емирилиши; 3) геологияда – кимёвий ёки механиқ жараёнлар таъсирида тоғ жинсларининг емирилиши, каналлар, ўралар, ғорлар ва бошқа ҳосил бўлиши. Кимёвий К.да сувнинг кимёвий таъсирида жинслар сирти эрийди ва ейилади (ўйилади), механик К.да эса жинсларнинг сирти едирилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил