Корсаков псиҳози, Корсаков касаллиги, алкогол полиневретик псиҳози — алкоголдан сурункали заҳарланиш (сурункали интоксикация) оқибатида келиб чиқадиган руҳий касаллик. Рус психиатри С. С. Корсаков томонидан 1887-йилда аниқланган. Бунда Корсаков синдромига хос хотира бузилишлари билан бир қаторда ақл-фаросатнинг заифлашиши, мулоҳазаларнинг сусайиши, танқиднинг йў-қолиши кучайиб боради. Аммо шахсга хос бўлган сифатлар сақланиб қолади. Полиневрит белгилари эса парезлар, фалажлик, бир гуруҳ мускуллар атрофияси, сезги, пай рефлексларининг сусайиши ёки йўқолиши, нерв толалари бўйлаб оғриқ ва бошқа тарзида кечади.

Корсаков псиҳози алкоголни сурункали истеъмол қиладиган 50—60 ёшдаги кишиларда учрайди. Касалликдан фориғ бўлиш учун бемор спиртли ичимликдан бутунлай воз кечиши лозим. Асосан Б витамини, никотин кислотаси ҳамда ноотроп препаратлар қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил