Косметика (юнонча. косметике – пардоз қилиш, безаш санъати) – кишилар қиёфасини хушрўйлаштириш чора тадбирлари ҳамда воситалари мажмуи.

Косметика жуда узоқ тарихга эга. Милоддан 200 йил аввал Мисрда пардоз учун ҳар хил материаллар ва дори-дармонлардан фойдаланишган. Пардоз воситалари тайёрлаш сир-асрорларини фақат табиблар билган. Косметика ХИХ асрга келиб илмий жиҳатдан ривож топди ва бора-бора тиббиёт ходимлари қўлига ўтиб тери, соч ва тирноқлар парвариши, бадандаги туғма ва кейин пайдо бўлган ҳар хил камчиликларни йўқотиш билан тиббиётнинг махсус бўлими – косметология шуғулланадиган бўлди. Косметика шартли равишда гигиеник, врачлик ва пардоз косметикасига бўлинади. Гигиеник косметика одамнинг табиий гўзаллигини сақлаб қолиш, тери касалликларининг олдини олиш ва унда юзага келадиган нуқсонларни бартараф этиш муложаларини амалга оширади. Юз терисини тўғри парвариш қилиш (юз терисини вақтида тозалаб туриш, массаж қилиш ва ҳоказо), косметик воситалар (упа, ёғупа ва бошқалар)дан билиб фойдаланиш, унга турли ажинлар тушиб, барвақт сўлиши, шунингдек, ҳуснбузар, сепкил тошиши, ҳар хил доғлар тушиши каби нохушликларнинг олдини олади. Юз терисини тозалаш зарурлиги ёки бунга ҳожат йўқлигини фақат косметолог врач ҳал қилади. Шифокорлик ёки даво косметикаси терини парвариш қилиш, унинг турли нуқсонларини йўқотиш, соч, оғиз бўшлиги, тирноқларни парваришлашнинг гигиеник ва даво тадбирларини ўз ичига олади. Тери барвақт сўлишининг олдини олиш ва даволаш учун косметолог шифокор маслаҳати билан массаж, маска, лосонлар, озиқлантирувчи кремлар, физиотерапевтик усуллар қўллаш тавсия этилади. Тери жуда бўшашиб, осилиб қолган ва кўп ажин тушган бўлса, жарроҳлик усули қўлланади. Врачлик К.си жуда қуруқ ёки ёғли тери, сепкил, соч касалликлари (қаранг Соч), ҳуснбузар, себореяни даволаш, хунук хол, чандиқ ва татуировкаларни, юздаги туғма ва шикастланиш натижасида ҳосил бўлган нуқсонларни йўқотиш чораларини ҳам кўради. Пардоз косметикаси ёрдамида нуқсонлар (чандиқ, хунук хол) беркитилади. Косметик воситалардан тўғри фойдаланиб, лаб, кўз, қулоқ кўринишларини хушрўй қилиш мумкин. Косметикадан хабарсиз кишилар маслаҳати билан ҳар хил крем, лосон ва бошқа пардоз буюмларини билар-билмас ишлатавериш ярамайди. Бу вақтидан илгари ажин тушишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун косметолог шифокор маслаҳатларига қатъий амал қилиш керак.

Адабиёт

  • Агафонов А. В., Косметика с грядок и полей, Т., 1998.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил