Kosmokimyo
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Космокимё (космос ва кимё) — космос жисмларининг таркиби, элементларнинг оламда тарқалиш қонуниятлари, коинот моддаларининг ҳосил бўлишида атомлар миграцияси ва мужассамлашуви жараёнларини ўрганадиган фан. ХХ аср нинг 2-ярмидан ривожлана бошлади. Техниканинг ўсиши, сунъий йўлдош ва ракеталар кашф қилиниши кимё фанининг янги йўналишига асос солди. Олимлар қуёш спектрларини таҳлил қилишиб, унда 69 та кимёвий элемент борлигини аниқлашди. Қуёшнинг асосий моддаси водород-гелий газ сфераси бўлиб, унда доимий давом этувчи реаксия ҳисобига улкан энергия ҳосил бўлади. Аниқланишича, шу энергиянинг нур кўринишидаги 5 триллиондан бир қисмигина Ер куррасига, қолган қисми Коинотдаги ўзга сайёралар ва бўшлиқларга тарқалади. Қуёшдаги учувчан элемент ва моддалар таркибига водород, азот, метан, карбонат ангидрид ва сув, учмайдиганларга эса даврий системадаги кўпгина элементлар билан бир каторда оксидлар, сулфидлар, шунингдек, силикатлар киради. Кремний, темир, магний, калсий, алюминий, титан ва никел бирикмаларининг миқдори кўпроклиги аниқланган. Қуёшда учрайдиган элементлар ва улар бирикмаларининг таркиби Коинотнинг ҳозиргача ўрганилган барча сайёралари таркибига анча яқинлиги маълум бўлди. Катта ва митти юлдузлар, метеорит ва кометаларда ҳам шундай кимёвий таркиб бирлиги қонуниятлари мавжуд. Айниқса, Ер ва Ойда бўлган бир қатор элементлар изотопларининг метеоритларда топилган элементлар изотоплари билан ҳамоҳанглиги Қуёш системасида ягона ядровий жараёнлар рўй берганлигини исботлайдиган омил эканлигини кўрсатди. Олинган радиоизотоп таҳлиллар Қуёш системасидаги қатти қ фазали бирикмалар бундан 4— 5 млрд. йил аввал ҳосил бўлганини исботлади. Бундай қаттиқ жисмлар Коинот моддасининг чуқур фраксияланиши оқибатида ўзидаги водород, инерт газлар, азот, углерод, олтингугурт, хлордан озод бўлади. Қуёшдан анча узоқда жойлашган гигант сайёраларгина Қуёш газларидан баъзиларини ўзида ушлаб қолади. Ерга ва Ойга тушган метеоритларнинг кимёвий таҳлили улар таркибида магний ва калсийли силикатлар, темир ва титанли қотишмалар, темир сулфидли, темиртошли моддалар борлигини кўрсатди. Метеоритларда 2-даражали аралашмалар сифатида графит, мураккаб таркибли углеродли молекулалар, карбидлар, фосфидлар, металларнинг нодир сулфидлари, титан, хром ва кремний нитридлари топилган.
Умуман, метеоритларнинг катта гуруҳини хондритлар деб аташ кабул қилинган. Хондритли метеоритлар турли пишиклик ва мустаҳкамликка эга бўлиб, ахондритлар эса улардан кристалл панжараларининг тузилиши билан фарқланади ва ердаги вулқон жинсларини эслатади.
Ой юзаси қора-қўнғир материал билан қопланган бўлиб, нурнинг 7% ини қайтаради, холос. Ер йўлдоши қизил рангни кўпроқ, кўк ёки бинафша рангни эса камроқ қайтаради. Шунинг учун Қуёш нуридан фарқли ўлароқ Ой зангорироқ ранг билан товланади. Ой юзасида оқ қумли жойлар, қора сланецли майдонлар, ундаги турли жинслар таркибида эса кўпгина кимёвий элементлар, жумладан, кислород, кремний, темир, ишқорий ва ишқорий-ер металлар, углерод, азот, лантанидлар, актинидлар, симоб ва бошқа борлиги аниқланган.
Сайёралар ички ва ташқи сайёраларга бўлиб тадқиқ қилинади. Ички сайёраларга Ой, Меркурий, Венера, Ер ва Марс, ташқиларига Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун, Плутон ва кичикларига хондритли астероидлар киради. Улар таркиби ва хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади, аммо битта қонуниятга бўйсуниши тажрибалар ёрдамида исботланган. Қуёшга яқинроқ масофада жойлашган Меркурий жуда катта зичликка эга бўлгани учун атмосферадан маҳрумдир. Аксинча, ўзининг катталиги ва зичлиги билан Ерга яқин ва унинг "синглиси" деб аталувчи Венера кучли атмосфера билан ўралган. Унда карбонат ангидрид кўплиги махсус асбоблар ердамида ўлчанган. Юпитерда массаси жиҳатидан 78%, Сатурнда 63% водород бор. Уран билан Нептуннинг зичлиги юқорироклиги сабабли уларда водород миқдори камроқ. Билвосита олинган тажрибаларкатта саераларда гелий миқдори анча кўплигини кўрсатди. Мазкур саераларда газ ёки мўз ҳолатидаги аммиак ҳам учраши исботланган. Бу кагга сайёралар таркиби Қуёш таркибига яқинлигидан далолат беради.
Адабиёт
- Войткевич Г. В., Федорова Н. Е., Химические элементи в солнечной системе, М., 1973; Ахмеров К,., Космосдаги кимёвий жараёнлар, Т., 1979.
Қудрат Ахмеров.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |