Кулоллик, Кулолчилик — ҳунармандликнинг лойдан турли буюмлар тайёрлайдиган тури (терракота, сопол идиш, қурилиш материаллари ва бошқалар). Кулолчиликда асосий хом ашё — тупроқ. Келиб чиқиши ва таркиби турлича бўлган тупроқлардан турли хил кулоллик буюми ясаш жараёни.

Тайёрланиши

Кулолчилик маҳсулотлари тайёрланади. Лой қанча кўп пишитилса, сополнинг сифати шунча яхши бўлади. Кулолчиликда асосий қурол кулоллик чархи, уста унда идишлар тайёрлайди ва уларга шакл беради. Тайёрланган идишлар қуритилиб, хумдонда қиздирилади. Идишларнинг турларига кўра, хумдонлар ҳам турлича (катта-кичик) бўлиши мумкин. Сирланадиган идишлар сирланганидан сўнг яна бир бор хумдонда қиздирилади. Одатда, кулоллар маълум идишлар ишлаб чиқаришга бўйича ихтисослашган бўладилар (масалан косагар, кўзагар, кошинпаз, тандирчи ва бошқалар).

Тарихи

Қадимги тарих

Инсонлар кулолчилик билан неолит давридан бери шуғулланиб келади. Махсус лойли буюмлар қўлда ясалган, қуритиб оловда қиздирилган. Кулолчиликда ишлатиладиган тупроқ жаҳоннинг ҳамма ерларида мавжудлиги деярли ҳамма халқларда кулолчиликнинг кенг тарқалишини таъминлади. Кулолчилик билан дастлаб аёллар шуғулланган, кулоллик чархининг пайдо бўлиши билан эркаклар ҳам бу ишга жалб қилинган. Идишлар махсус ўчоқ ва хумдонларда пиширилган. Кулолчиликнинг содда усуллари Осиёнинг тоғлиқ ҳудудларида яшовчи халқларда ҳозир ҳам мавжуд. Неолит даврига оид қароргоҳларнинг қазиб топилган қолдиқлари ўша даврда идишларнинг таги учли қилиб тайёрланганлигини кўрсатади (идишлар ерга суқиб қўйилган). Энеолит даврида Шарқ мамлакатларида, Юнонистонда нафис сопол идишлар тайёрлаш, сополдан меъморликда фойдаланиш авж олади. Сирлаш усуллари кашф этилгач, кулолчилик буюмларининг бадиий қиймати оша борди.

Ўрта асрлар

(Афросиёб ва) Ўрта Осиёнинг бошқа ерларида топилган археологик қазилмалар ИХ—ХИИ асрларда кулолчилик бу ерларда анча ривожланганлигини кўрсатади, ХИИИ асрда мўғуллар ҳужумлари оқибатида нисбатан секин ривожланган кулолчилик 14—16 асрларда анча тараққий этди. Ўрта Осиёнинг бўлиниб кетиши ўзаро алоқалар сусайишини келтириб чиқарди, лекин ҳунармандчилик (айниқса, кулолчилик) ривожланишда давом этди. Турли жойларда кулолчиликнинг турлича услублари вужудга келди. Халқ усталари кўплаб идишлар тайёрлаш билан бирга уларни юксак дид билан безадилар. Россиядан кўплаб чинни маҳсулотлар келтирилиши Ўрта Осиё кулоллари бозорини бирмунча сусайтирди. Бироқ арзон сопол идишларга бўлган талаб, айниқса, меъморликда кулолчилик маҳсулотларининг кенг қўлланиши кулолчиликнинг узлуксиз ривожланишини тақозо этди.

Ўрта Осиёда, айниқса, ўзбеклар ва тожиклар яшайдиган жойларда кулолчилик тараққий этди. Қоратоғ, Панжакент, Самарқанд, Китоб, Шаҳрисабз, Ғиждувон, Хоразм, Тошкент, Ғурумсарой, Риштонда сопол идишларни сирлаб безатишнинг ўзига хос услублари вужудга келди. Бу марказларда тайёрланган кулолчилик буюмлари пишиқ, чиройли, нафис сири, кўркам нақшлари билан диққатни тортади.

ХХ аср

ХХ асрнинг 20-йилларидан кулоллар мехнатини ташкил этишга эътибор берилди. Тошкентда тажриба кулоллик, Самарқандда кулоллик устахоналари очилди, Тошкентда ўқув ишлаб чиқариш, бадиий КТИ ишга тушди (1932), қисқа муддатли курслар ташкил қилинди, кулоллар тайёрлаш, уларнинг малакаларини ошириш йўлга қўйилди. Т. Миралиев (Тошкент), Р. Эгамбердиев, А. Ҳазратқулов (Шаҳрисабз), Муҳаммад Сиддиқ, Усмон Умаров (Ғиждувон) сингари кулоллар ёшларга таълим берди. Кулолчиликни тадқиқ этиш, ривожлантириш ҳамда ёшлардан кулоллар тайёрлашда Ўзбекистон халқ рассоми Муҳиддин Раҳимовнинг хизматлари катта.

Археологик материаллар кулолчилик маҳсулотларининг асрлар давомида такомиллашиб борганини кўрсатади. Давр кулолчилик маҳсулотларига, унинг тури ва безакларига катта ўзгаришлар киритди. Ўтмишда тайёрланган шамдон, қорачироқ, сархона, жомашов, хум сингари сопол идишларга эҳтиёж қолмади. Гулдон, товоқ, лаган каби сопол идишлар ва буюмларга эҳтиёж катта. Меъморликда ҳам кулолчилик маҳсулотлари (кошин, парчин ва бошқалар) кенг кўлланилмоқда.

Сопол лаган (Х аср, Афросиёб). Будрочтепадан топилган сопол идишлар (Сурхондарё). Кулоллик буюмлари (ХХ аср).

Ҳозирги кунда бадиий безатиш усули, шакли ва тайёрланиш усулларига кўра қуйидаги кулолчилик мактаблари мавжуд: Фарғона (асосий марказлари — Риштон, Ғурумсарой), Бухоро-Самарқанд (асосий марказлари — Самарқанд, Ургут, Ғиждувон, Уба), Хоразм (асосий марказлари — Мадир, Каттабоғ қишлоқлари), Тошкент. Ҳар бир мактаб ўзининг ривожланиш ва ижодий тамойиллари, етакчи марказ ва усталари, ўзигагива хос хусусиятларига эга бўлиш билан бирга асосий бадиий умумийликни ҳам сақлаган.

Фарғона (Риштон)да кулолчиликнинг анъанавий бадиий ва ишлаб чиқариш усуллари қайта тикланди, ишкррли сир тайёрлаш йўлга қўйилди. М. Исмоилов, И. Комилов, У. Ашуров, У. Қосимов, Ш. Юсупов, А. Назиров, М. Саидов ва бошқа усталар яратган буюмлар (лаган, косалар, дон маҳсулотлари учун катта хумлар) шакл жиҳатидан ҳам, безак жиҳатдан ҳам рангбарангдир.

Ғурумсарой кулолчилик буюмларига безакнинг маҳобатли ойдинлиги ва соддалик хосдир, бу мактаб вакили уста М. Туропов сир тайёрлашдан тортиб то нақш чизишгача бўлган барча ишларни фақат анъанавий усулда бажарган, бу анъанани унинг шогирди В. Буваев ва бошқалар давом эттирмоқда, янги ижодий янгиликлар яратишда изланмоқда (жумладан, маҳобатли лаганлар ҳажмини кичрайтириш ва бошқалар).

Бухоро-Самарқанд кулолчилик мактаби буюмларининг жарангдор нафислигида қўрғошинли сир ва сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин тутади. „Афросиёб сополи“ анъаналарига асосланиб тайёрланилган буюмлар безагида ўсимликсимон нақшлар етакчилик қилади, ҳандасий нақшлар, ҳайвонлар тасвирлари кам ишлатилади. Улар, асосан, Ғиждувон кулолчилигида қўлланади. Ғиждувон, Шахрисабз усталари мўйқаламда ишласалар, Ургут, Денов усталари чизма нақшларни кўп қўллайдилар. Ғиждувонлик ака-ука Алишер ва Абдулла Нарзуллаевлар анъаналарни сақлаш, ривожлантириш ва ворисларга етказишда самарали меҳнат қилмоқда. Усталар идишлар тубига ҳайвонларнинг соддалаштирилган шакли ёки айрим қисмларини жойлаштирадилар („думи бургут“, „мурғи сафид“, „бойқуш“, „гули товус“ ва бошқалар), бу шакллар гулсимон нақшга ўхшаб кетиши билан диққатга сазовор. Нарзуллаевлар яратган буюмларда янгиликни ҳис қилиш, анъанавий шаклларга эркин муносабатда бўлиш каби хусусиятлар аниқ кўзга ташланади. Бухоро-Самарқанд кулолчилик мактаби бошқа мактаблардан сопол хуштак ўйинчойлар ишланадиган марказининг борлиги билан ажралиб туради. Ҳ. Рахимова анъаналарини унинг ўғиллари ва шогирди К. Бобоева давом эттирмокда, уларнинг ижодида анъанавийликни сақлаган ҳолда ўзига хос маҳорат ҳам кузатилади, бу рангларда, шакл мужассамотида, ечимнинг мукаммаллиги ва ўлчамларнинг барқарорлигида намоён бўлади.

Уста А. Мухторов ишидан намуна (1978, Самарқанд).

Хоразм кулолчилик мактаби ўзига хос бадиийлиги, безаклар ранги ва ишланиш услуби билан бошқа мактаблардан ажралиб туради; унинг миллий шаклли ўзига хос буюми бодиядир; нақш мужассамоти ҳандасий ва ўсимликсимон нақшлардан иборат, буюмнинг марказий қисмига арабеска гириҳ тушириш ушбу мактабга хос услублардан. Уста Р. Матчонов (Мадир қишлоғи) буюмларга тўқ ранг ишлатган, буюм безагида ҳаво ранг ёки рангнинг ўзига хос тўқ туси устунлик қилади. С. Отажонов (Каттабоғ қишлоғи) оқ ангобдан кўпроқ фойдаланади.

ХХ асрнинг 80-йилларида кулолчилик марказларида ишлар бирмунча сусайди. 1990-йилларда Ўзбекистонда анъанавий қадриятларга эътиборни қаратилиши бу соҳанинг ривожланишини таъминлади. Ўзбекистон Республикасида анъанавий амалий санъат асарлари кўргазмаси (Республика ярмаркаси)га асос солинди. 1995-йилдаги 1-Республика ярмаркасида (БМТнинг 50 йиллигига бағишланди) барча кулолчилик мактабининг вакиллари иштирок этди. Усталардан Р. Зуҳуров (Денов), М. Туропов (Ғурумсарой), И. Комилов (Риштон), Алишер ва Абдулла Нарзуллаевлар (Ғиждувон), Намоз ва Нўмон Облокуловлар (Ургут), Р. Матчонов (Хоразм), А. Рахимов (Тошкент) махсус тайёрланган „Уста гувоҳномаси“га сазовор бўлди.

Ўзбекистонда мустақилликдан сўнг

1997-йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатни янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони барча соҳалар қаторида кулолчилик анъаналарини ривожланишига самарали туртки бўлди.

Адабиёт

  • Разводовский В., Опит исследонания гончарного и некоторих других кустарних промислов в Туркестанском крае, Т., 1916;
  • Рахимов М. К., Вародниэ традиции в современной художественной керамике Ўзбекистова, Т., 1964;
  • Пугаченкова Г. А., Рем пел Л. И., Очерки искусства Средней Азии, М., 1982;
  • Ўзбекистон санъати, Т., 2001.