Кумуш гол қоидаси — 2003-2004-йилларда футбол бўйича плей-офф босқичи ўйинларида асосий вақт (90 дақиқа) якунида дуранг қайд этилган тақдирда ғолибни аниқлаш мақсадида қўлланган усул. Ўйиннинг асосий вақтида дуранг натижа қайд этилса, учрашувда қўшимча вақт (15 дақиқадан иборат икки таймли) белгиланади. Қоидага кўра, агар жамоа белгиланган қўшимча бўлимда гол урса, бу ҳолатда илгари қўлланган „олтин гол“ қоидасидан фарқли ўлароқ, ўйин тўхтатилмайди, балки жорий бўлим охиригача давом этади, яъни гол белгиланган қўшимча вақтнинг биринчи ярмида урилса, тайм охирига етказилади ва иккинчи тайм ўтказилмайди. Ўйин тугаган ҳисобланади. Бироқ, қўшимча вақтнинг биринчи бўлим охирида ҳам ҳисоб ўзгармаса, қўшимча вақтнинг иккала бўлими ҳам тўлиқ ўйналади. Агар қўшимча вақтдан сўнг ҳам ҳеч бир жамоа гол ура олмаса ёки бир хил ҳисобда гол урилса, ғолиб пеналтилар серияси ёрдамида аниқланади.

2004-йилда футбол бўйича ўтказилган Европа Чемпионати кумуш гол қоидаси асосида ғолиб аниқланган ягона йирик турнир ҳисобланади. 2004-йил феврал ойида чемпионат баҳслари бошланишидан олдин футболда „икки бўлимли қўшимча вақт ва пеналти“ классик қоидаларига қайтиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ўша турнирда ўйин натижасига ўз таъсирини ўтказган ягона „кумуш гол“ нимчорак финал баҳсларидаги Греция — Чехия учрашувининг қўшимча вақти биринчи бўлимида киритилган. Бу голни грециялик Троянос Деллас қўшимча вақтнинг биринчи бўлими тугашига бир неча сония қолганида уради ва чехлар бу голга жавоб қайтаришга улгурмайди. Қизиғи шундаки, айнан Чехия терма жамоаси биринчи „олтин гол“ни ҳам ўтказиб юборган эди (Евро-1996 финалида).

Амалдаги кумуш гол қоидасига кўра, қўшимча вақтнинг иккинчи бўлимида киритилган гол ўйин натижасига таъсир қилмайди, яъни гол киритилиши билан ўйин якунланмайди, аксинча белгиланган вақтга қадар давом этади. Масалан, 2004-йилги футбол бўйича Европа чемпионатининг чорак финалида Англия ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда Руй Кошта 110-дақиқада инглизлар дарвозасига гол урганидан сўнг ҳам ўйин давом этган, 115-дақиқага келиб Френк Лемпард Португалия дарвозасини ишғол этган.

2004-йил феврал ойида ИФАБ Португалияда бўлиб ўтган Европа чемпионатидан сўнг олтин ва кумуш голлар қоидаларини ўйин қоидаларидан олиб ташлашга қарор қилди. 2006-йил Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатидан бери „олтин гол“ қоидаси қўлланилмайди[1]. Ўйин киритилган голлар сонидан қатъи назар, қўшимча вақтнинг охирига қадар(30 дақиқа) давом этади. Қўшимча таймлар якунида ҳам дуранг қайд этилса, ғолиб пеналтилар сериясига кўра аниқланади.

Манбалар