Кунделик.кз (қозоқча: Күнделік.кз) — Қозоғистон бўйича ягона таълим интернет-портали. Кунделик.кз тизими давлат-хусусий шериклик асосида жорий этилган ва хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозирги кунда тизимда 6500 дан ортиқ мактаб рўйхатдан ўтган.

Кунделик.кз
Асл номи Күнделік.кз
Жорий ҳолати фаол
Сайт тури Рақамли таълим платформаси, электрон кундалик ва журнал
Қайси тилларда қозоқча, русча
Очилган санаси 2016-йил
Мамлакат  Қозоғистон
УРЛ кунделик.кз портал.кунделик.кз/в2 кунделик.кз

Ҳар ой порталга 4 500 000 дан ортиқ одам ташриф буюради, саҳифаларни кўришлар сони эса 350 миллиондан ошади (2023-йил феврал ойидаги Яндех. Метрика маълумотларига кўра)[1].

Тарихи

2016-йилда „Дневник.ру“ лойиҳаси раҳбари Гавриил Леви маълумотига кўра, Қозоғистон ҳудудида „Кунделик.кз“ таълим платформаси жорий этилди. Бугунги кунда лойиҳа расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, ушбу платформадан 6 мингга яқин мактаб ва қарийб 4 миллион фойдаланувчи фойдаланмоқда.

„Кунделик.кз“ни техник жиҳатдан Таълим ва фан вазирлиги эмас, балки лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида ишлаб чиқилган. „Кунделик“ лойиҳаси бош директори Мухтор Илиясовнинг айтишича, инвесторлар янги тизимни яратгани учун давлатдан умуман маблағ олмаган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа ўзини 11 йил ичида оқлайди. Вазирликнинг ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, кенг жорий этишдаги асосий мақсади — ўқитувчиларни қоғозбозликдан халос этиш ва Қозоғистонда рақамли таълим тизимини шакллантиришдир.

Қозоғистондаги ўқитувчиларнинг фикрича, „Кунделик.кз“ Россиядаги „Дневник.ру“ лойиҳасининг деярли айнан нусхаси ҳисобланади. Мухтор Илиясов эксклюзив интервюсида „Кунделик“ компаниясининг бир қисми россияликларга тегишли эканини тасдиқлаган[2].

Албатта, бошиданоқ компаниямизни қозоғистонлик компания деб айтиб келмоқдаман. Бироқ компаниямизнинг 45 фоизи Россиянинг „Дневник.ру“ компаниясига тегишли. Яъни, лойиҳанинг „юраги“, асосини ишлаб чиққан одамлар — россияликлар. Методика, уч тилдаги фаолияти, академик баҳолаш тизими ва дарслар сонини эса биз жорий этдик. Россияда ушбу лойиҳа устида 150 киши ишламоқда, шундан ўнлаб одамлар бизга ёрдам бериш учун ажратилган. Қозоғистон томондан эса ушбу лойиҳада ўн икки киши — ҳисобчи, юристлар ва операторлар ишламоқдамиз.

Фойдаланиш

Кунделик.кз тизимига рўйхатдан ўтиш аризасини фақат мактаб тақдим эта олади. Мактаб маъмурияти синфдаги ўқувчилар сони, уларнинг исм-фамилияси, ота-оналарнинг исм-фамилияси ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этиши керак.

Мактаб ўқувчилари ҳақидаги барча маълумотлар юборилгандан сўнг, „Кунделик“ муаллифлари уни беш кун ичида текширади ва ариза ҳақиқатан ҳам мактаб томонидан юборилганига ишонч ҳосил қилгач, маълумотларни тасдиқлаб, ариза юборган мактабга тизим администратори учун логин ва махфий парол юборади.

Тизим администраторини мактаб тайинлайди. Ушбу вазифа юклатилган администратор ташкилотнинг шахсий саҳифасини тўлдириб, ўқувчилар рўйхати, ўқитувчилар ва ота-оналар ҳақидаги маълумотларни тизимга киритади. Барча маълумотлар базага киритилгач, дарс жадвали ва бошқа академик маълумотлар тўлдирилади. Шундан сўнг администратор ҳар бир синф раҳбарига ўқувчилар ва ота-оналарнинг махфий паролларини тарқатади. Синф раҳбари эса ўз навбатида ҳар бир ўқувчи ва унинг ота-онасига алоҳида логин ҳамда махфий парол беради.

Ўқувчи, ота-она ва ўқитувчи логин ҳамда махфий паролни олгач, сайтдаги „Кириш“ тугмасини босиб платформага киради. Ўқитувчи ўқувчига баҳо қўяди ва уй вазифасини ёзади. Ота-она фарзандининг баҳоларини кўриши, дарс жадвали ва уй вазифалари билан танишиши мумкин. Ўқувчи эса фақат ўз баҳолари, ўқиётган синфининг уй вазифалари ва дарс жадвалини кўриш имкониятига эга[2].

Манбалар