Kuril orollari
Курил ороллари — Камчатка яримороли ва Хоккайдо (Япония) ороллари оралиғидаги ороллардир. Охота денгизини Тинч океандан ажратиб туради. Россия Федерациясининг Сахалин вилояти таркибида. Узунлиги қарийб 1200 км. Майдони 15,6 минг км². Параллел ороллар — Катта Курил ороллари ва Кичик Курил оролларидан иборат. Катта Курил ороллари 3 гуруҳга: жанубий (Кувашир, Итуруп, Уруп ва бошқалар), ўрта (Симушир, Кетой, Ушишир ва бошқалар) ва шимолий (Ловушки, Шиашкотан, Онекотан, Парамушир ва б.) гуруҳларга бўлинади. Оролларнинг кўп қисми тоғлик (баландлиги 2339 м. гача). 160 вулкан, шулардан 40 га яқини ҳаракатдаги вулқонлар, иссиқ минерал булоқлар мавжуд. Кучли зилзилалар бўлиб туради. Жанубий оролларда ўрмонлар бор, шимолий ороллар тундра ўсимликлари билан қопланган. Балиқ (кета ва бошқалар) ва денгиз ҳайвонлари (нерпа, сивуч ва бошқалар) овланади. Кувашир оролида Курил қўриқхонаси жойлашган.
Курил ороллари тўғрисидаги илк маълумотларни 1697-йилда рус сайёҳи В.В. Атласов маълум қилди. 1855-йилдаги Россия-Япония шартномасига кўра, Итуруп оролидан шимолдаги барча Курил ороллари Россиянинг мулки деб эълон қилинди. 1875-йилдаги Россия—Япония шартномасидан кейин эса улар Япония бошқарувида бўлди. 1945-йилдаги Крим конференсияси карорига биноан, СССР тасарруфига ўтди, 1945-йилнинг август ойида, СССР—Япония уруши жараёнида совет қўшинлари томонидан эгалланди.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |