Кушит тиллари — сом-хом тиллари оиласига мансуб. Шим.-Шарқий ва Шарқий Африкада тарқалган. Кушит тилларида сўзлашувчиларнинг умумий миқдори 25,7 млн. кишидан ортиқ. Кушит тиллари 5 гуруҳга ажратилади: 1) шим. кушит — Суданнинг шимоли-шарқи ва Эфиопиянинг шимолидаги бадавий тили; 2) марказий кушит — Эфиопиянинг шим. ва шим.ғарбидаги агав тиллари; 3) шарқий кушит — Эфиопиянинг жануби -ғарбидаги буржисидамо тиллари, Эфиопиянинг шим.-шарқидаги афарсахо тиллари, Сомалидаги, Эфиопия шарқи ва Кениянинг шимоли-ғарбидаги сомали тиллари, Эфиопия жануби ва Кения шимолидаги ғалла тиллари ва бошқа тиллар; 4) жан. кушит — Танзаниянинг шим. ва шим.шарқидаги пракв ва ара-маниқ тиллари; 5) ғарбий кушит ёки омот гуруҳи — Эфиопиянинг жан. ҳудудларидаги арибанва, тако, каффа, ямма, омето, воламо тилларидан иборат. Кушит тиллари ўзаро қариндош тиллар бўлганидан, уларнинг фамматик қурилиши ва луғат таркиби муайян умумийлик ва ўхшашликларга эга. Шу билан бирга, ундош фонемаларнинг миқдори ва сифати, келишиклар миқдори бўйича Кушит тиллари бир-биридан фарқ қилади. Кушит тилларидан фақат иккитаси ўз ёзувига эга: сомали тили (1973-йилдан, лотин алифбоси асосида) ва оромо тили (1977-йилдан, эфиоп алифбоси асосида).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил