Кутаиси (грузинча: ქუთაისი; қад. грузин тилида "Кутатиси") — Грузиянинг ғарбидаги шаҳар. Имеретиянинг маъмурий маркази. Иқтисодий мавқеи ва катталиги жиҳатидан Тбилисидан кейин 2-ўринда туради. Риони дарёсининг ҳар иккала соҳилида, 150 м баландликда, жойлашган. Темир йўл стансияси Кутаиси шоссе йўллари орқали Тбилиси, Сухуми, Батуми ва Шимолий Кавказ (Осетия ҳарбий йўли) билан боғланган. Кутаисидан Тбилисигача 220 км, энг яқин денгиз порти Поти (100 км нарида). Майдони 70 км². Аҳолиси 147 635 киши (2014), асосан, грузинлар (99%). Шунингдек, грузин яҳудийлари, рус украин, арман, грек ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди.

Машинасозлик (автомобилсозлик, электромеханиқа, кичик габаритли тракторлар ва бошқалар), кимё, енгил, озиқовқат, қурилиш материаллари, ишлаб чиқариш корхоналари бор. 10 га яқин олий ўқув юрти (шу жумладан, университет, бир нечта хусусий олий ўқув юрти, диний академия ва бошқалар), умумий таълим мактаблари, лицей, гимвазия, коллежлар, 3 театр, филармония, тарих-этнография музейи, Кутаиси-Гелат музей-қўриқхонаси, бир қанча уймузейлар, телекомпаниялар, суратлар галереяси фаолият кўрсатади. Риони ва Гумати ГЕСлари қурилган. Машҳур Схалтубо курорти ҳам Кутаиси яқинида жойлашган.

Тарихий ва меъморий ёдгорликлардан қад. шаҳар қалъаси (миноралар, дарвозалар, қалъа девори), кўприклар, подшо саройи, черков ва мовастирлар, Имеретия подшоларининг қароргоҳи — "Окрос чардахи", Гегутидаги катта подшо саройи (ХВИИИ аср), Моцамет монастири (ХИ аср), Вардсихе (Родополис) шаҳрининг ҳаробалари, ХХ аср меъморий ёдгорликлардан Кутаиси давлат университети, давлат драма театри, ҳокимият бинолари, Риони дарёси кўприклари ва бошқа бор.

Кутаиси Колхида подшолигининг энг қад. шаҳри (милоддан аввалги ВИИИ—ИИИ асрлар). ВИИИ—Х асрларда Ғарбий Грузия (Эгрис-Абхаз давлати)нинг, 978—1122-йилларда бирлашган Грузия подшолигининг пойтахти. ХИИИ асрдан Имеретия подшолигининг маркази. ХВИИ асрнинг 60 йилларида туркларга қарам бўлган. 1810-йилда Россия босиб олган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил