Кутубхоналараро абонемент— кутубхонада китобхонга хизмат кўрсатиш усулларидан бири; китобхонларнинг адабиётга бўлган талабини мақсадга мувофиқ турли кутубхоналар фондларидан ўзаро фойдаланиш асосида крндиришга асосланган. Энг йирик кутубхона ҳам ўз фондидаги адабиётлар билан китобхонлар талабини тўлиқ бажариш имкониятига эга эмас. Илмий ходимлар ва мутахассисларнинг тобора мураккаблашиб бораётган талабларини тўла қондиришда Кутубхоналараро абонемент муҳим ўрин тутади. Кутубхоналараро абонемент китобхонга у қаерда яшашидан қатъи назар турар жойига яқин кутубхона орқали республика кутубхоналари фондларидан фойдаланиш имконини беради. Кутубхоналараро абонемент тизими минтақавий тармоқлар услубида қурилган, унинг асосий бўлинмалари минтақалардаги марказлардир. Иш маъмурий ва фан тармоқдарига асосланган ҳолда ташкил этилган. Республикада Кутубхоналараро абонемент маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидир. Адабиётларга буюртмалар махсус талаб варақасига тўлдирилади. Республика кутубхоналарида бўлмаган адабиётлар Халқаро абонемент орқали чет мамлакатлар кутубхоналаридан олинади.

Тоҳир Шокиров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил