Кузги шудгор - тупроқнинг нам кўп сақланадиган ҳайдалма қаватини кузда юмшатиш; келаси йил баҳорида экинлар экиш учун ерни кузда ҳайдаш. Бунда тупроқнинг юза қатламидаги структурасиз қавати тубига тушиб, юза қаватда структура бир оз тикланади. Тупроқ-иқлим ва ташкилий-хўжалик шароитларга қараб шудгорлаш усуллари ҳамда турлари ўзгариб туради. Кузги шудгор деҳқончиликда қадимдан муҳим аҳамиятга эга бўлгани сабабли ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда" халқ мақоли яратилган. Ҳозирги Кузги шудгор ерга ишлов беришнинг асосий усули ҳисобланади.

Култивация, суғориш каби экинлар парваришига қаратилган тадбирлар шудгорнинг устки қатламини жуда кукунлаштиради, пастки қатлам эса 1,5— 1,6 г/см3 гача зичлашади. Ҳайдалма қатламда муайян юмшоқлик (1,1 — 1,3 г/ см3 ) яратиш учун ер кузда шудгорланади. Кузги шудгор — зараркуванда ва касаллик манбалари, бегона ўт уруғларига қарши курашнинг энг таъсирчан воситаси; ер чуқур ҳайдалганда тупроқнинг юза қаватидаги зараркунандаларнинг личинка ва ғумбаклари нобуд бўлади, тупроқнинг чуқур қатламларида қишлаётганлари эса ер устига чиқади ва ноқулай шароит таъсирида қирилади ёки уларни қушлар териб ейди. Ҳайдалган ерда кузги ёғинлар яхши сингади. Кузги шудгор да кўкламдаги дала ишлари тиғизлиги камаяди, шунингдек, энг қисқа афотехника муддатларида экиш учун далани эрта баҳор ҳамда экишдан олдин тайёрлашга қулай шароит яратилади. Шунингдек, тупроқда аэроб бактерияларнинг ҳаёт фаолияти натижасида ўсимлик ўзлаштирадиган озиқ моддаларнинг тўпланишига яхши таъсир кўрсатади.

Кузги шудгор муддатини тўғри белгилаш катта аҳамиятга эга; у октабр— ноябрда ўтказилганда энг юқори самара беради. Ўзбекистоннинг жан. зоваларида Кузги шудгор бир оз кечроқ ҳам ўтказилади. Бу муддатларда ҳайдалган ер суғорма деҳқончилик учун муҳим бўлган тупрокдаги нам заҳирасини яхши сақлашга, ёғин-сочиндан унумли фойдаланишга имкон беради. Кузги шудгор да тупроқ яхши уваланади, кесак кўчмайди, дала сатҳи текис чиқади. Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг суғорма деҳқончилик минтақаларида шудгорлашдан олдин ер ҳайдашга тайёрланади, яъни мавсумий суғориш шохобчалари текисланади; экин поя ва қолдикдари йиғиб олинади, органик ўғитларнинг тўлиқ йиллик миқдори ва фосфорли ўғитларнинг 70% солинади; бегона ўтлар илдизпояси 15—18 см чуқурликда қирқилиб, махсус қуроллар билан тирмаланиб, даладан чиқариб ташланади. Тупроқ намлиги максимал дала нам сиғимига нисбатан 40—60% бўлганда ер сифатли ҳайдалади. Шунингдек, ёғин-сочин кам зоналарда ернинг юза ҳайдалма қатлами кузга бориб қотиб қолган бўлса, ҳайдашдан 8— 10 кун олдин ер суғорилади ва ҳоказо Типик сур тупроқ ҳамда ўтлоқи-ботқоқи тупроқли ердар кузда 30—35 см, ирригацион оқизиқлар қалин бўлган ўтлоқи тупроклар 40 см чуқурликда ҳайдалади. Шудгорлаш сифати, шудгор чуқурлиги, тупроқнинг яхши увоқланганлиги, шудгор сатҳининг текислиги ва ҳоказо катта аҳамиятга эга (яна к,.Ер ҳайдаш). Бугунги кунда мотокултиваторлар ёрдамида агротехник тадбирларни ўтказиш бир мунча осонлашди. Шунинг учун юқори ҳосил олиш учун ҳамда даромад манбаини яратиш учун мотокултиваторлардан кенг фойдаланиш тавсия этилади.

Собиржон Азимбоев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил