Квинсленд — Австралия Иттифоқидаги штат. Материкнинг шимоли-шарқий қисмида ва қирғоққа ёндош оролларда жойлашган. Майдони — 1730,6 минг км2. Аҳолиси — 3,6 млн. киши (2001); 80% шаҳарларда яшайди. Маъмурий маркази — Брисбен шаҳри.

К.нинг шарқий қисмида Катта Сувайирғич тизманинг шимолий қисми жойлашган. Ғарбий қисми эса пасттекислик. Иқлими штатнинг шимолида субекваториал, жанубида тропик. Январнинг ўртача температураси 20—25°, июлники 15— 25°. Йиллик ёғин К.нинг шарқида 2000 мм, айрим жойларда 2500 мм гача, ғарби саванна ва чўллардан иборат.

К. ҳудудининг 2% дан кўпроғи ишланади. Деҳқончиликка яроқли ерлар, асосан, Тинч океан соҳилидаги камбар текисликда. Қишлоқ хўжалигида чорвачилик етакчи тармоқ. Штат мамлакатда тайёрланадиган жун, гўшт, сариёғ, пишлоқнинг катта қисмини етказиб беради. Соҳилда ананас, банан, манго ва б. тропик мевалар, шакарқамиш етиштирилади. Ғарбий қисмида буғдой ва маккажўхори экилади, сут чорвачилиги ривожланган. К. мис, боксит, рух ва қўрғошин, рутил, сиркон, тошкўмир, волфрам қазиб чиқаришда ҳамда олтин, нефт ва табиий газ олишда мамлакатда олдинги ўринларда. Мамлакатда қазиб олинадиган миснинг ярмидан ортиғи штат ғарбидаги Маунт-Айза конларидан олинади. Уран, калай, темир рудаси ҳам қазиб олинади. Машинасозлик, кемасозлик, кимё, озиқ-овқат ва б. саноат тармоклари ривожланган. Йирик саноат шаҳарлари: Брисбен, Гладстон, Таунсвилл, Маккай, Кернс[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил