Laringit
Ларингит (ларинго юнонча – яллиғланиш) – ҳиқилдоқ шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Ўткир ва сурункали хиллари бор. Ўткир ларингит кўпинча катар, грипп, кизамиқ, скарлатина, кўкйўтал ва бошқа, шунингдек, бутун организмнинг совқотиши, овоз бойламларига зўр келиши (бақириб гаплашиш), муздек ёки жуда иссиқ овқат истеъмол қилиш, тамаки чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш натижасида рўй беради. Ўткир ларингитда бемор томоғи қуриб, қирилиши, тирналишидан шикоят қилади; йўтал тутади, товуши бўғиқ, дўриллаган ёки бутунлай чиқмай қолади, баъзан ютинганда оғриқ пайдо бўлади. Ўткир ларингитнинг катарал, диффуз, геморрагик, флегмоноз ва бошқа шакллари фарқ қилинади.
Кўпинча, болаларда (хусусан, 6—8 ёшгача бўлган болаларда ўткир ларингитнинг сохта круп (бўғма) шакли учрайди. Бу, одатда, экссудатив диатез ва бошқа аллергик касалликларга мойил болаларда кузатилади. Ўткир катарал ларингит тезда тузалиб кетиши, диффуз-геморрагик шакли эса оғирроқ кечиб, узоқ, давом этиши мумкин. Флегмоноз ларингитда беморнинг аҳволи мушкуллашади, ҳарорати кўтарилади, ҳиқилдоқ соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, ютиниш қийинлашади ва ҳоказо.
Ўткир ларингитнинг бот-бот қўзиб туриши ва уни яхши даволамаслик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, овозни зўриқтириб қўйиш (ўқитувчилар, лекторлар, ашулачиларда) ва бошқалар сурункали ларингитга сабаб бўлади. Сурункали ларингит билан оғриган беморнинг товуши хириллаб бўғилади, тез толиқади, кўпинча йўталиб туради. Давоси : касалликнинг хили ва кечишига қараб физио-терапевтик муолажалар, доривор моддалардан ингалясия буюрилади, организмни чиниқтириш, касбга оид зарарли моддаларни йўқотиш тавсия этилади[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |