Lashkar qushbegi
Лашкар қушбеги (Лашкар бекларбеги) (?—1842) — Тошкент ҳокими (1810—1840). Давлат арбоби ва саркарда. Қўқон хонлигида турли йилларда девонбеги, қушбеги ва бекларбеги лавозим ва унвонларида бўлган.
Читрол вилоятидан чиққан эроний қуллардан. Қўқон хонлиги даврида юқори лавозимларни эгаллаган. 1809-йилда Олимхон Тошкентни босиб олгач, Лашкар қушбегини девонбеги лавозимида шаҳар ҳокими этиб тайинлаган.
1810-йил Олимхон ўлдирилгач, тахтга ўтирган Умархонни Тошкент зодагонлари совғалар билан дабдабали кутиб олишган. Лашкар девонбеги ва унинг ўғиллари хон томонидан алоҳида тақдирланган. Хон унга қушбеги унвонини берган.
1816-йил Туркистон шаҳрини Умархон томонидан эгалланишида Лашкар қушбеги муҳим рол ўйнаган. Лашкар қушбеги қозоқлардан ташкил топган қўшини билан 1818-йилда Умархоннинг Ўратепа ва Жиззахга (1819) қилган юришида қатнашган.
1830-йил сентабрда Лашкар қушбеги 15 минг қўшини билан Муҳаммад Алихоннинг Қашқарга қилган юришида иштирок этган. Қўқон қўшини Шарқий Туркистондаги Янги Ҳисор, Ёркенд, Хўтан шаҳарларини эгаллаб Оқсув ва Учтурфонга қадар етганлар, кўп қийинчиликлардан сўнг Қашқар вилоятидаги Гулбоғни қамал қилишган. 3 ой давом этган қамалдан сўнг, кўп сонли Хитой қўшини яқинлашаётганидан хабар топган қўқонликлар 70 минг қашқарликни ўзлари билан олиб қайтганлар. Лашкар қушбеги уларнинг бир қисмини Тошкентга келтириб жойлаштирган (шаҳарнинг Қашқар маҳалласи номи шундан).
1841-йилда Қўқонда умумхалқ қўзғолони бошланган. Халқ айбдорларни жазолашни сўраб турган вақтда, хоннинг қабулида Тошкентдан келган Лашкар қушбеги бўлган. Хон Гадойбой парвоначи билан Лашкар қушбегидан ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам халқни тинчлантиришни сўраган. Хоннинг ўзи эса қочган. Лашкар қушбеги ва Гадойбой парвоначи халққа сохта ваъдалар бериб тинчлантирганлар. Шу вақтда Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Насруллоҳ Қўқонга юриш қилгани ҳақида хабар келган. Халқ ўз кучини шаҳарнинг мудофаасига йўналтирган. Лашкар қушбеги 1842-йил Бухоро амирлиги ҳумдори Амир Насруллоҳ Қўқонни эгаллаган пайтда ўлдирилган.
Лашкар қушбеги Сирдарё бўйларида Қўқон хонлигига қарашли бўлган Чўлоқ, Сўзоқ ва Оқмачит қалъаларига асос солган. Унинг даврида Тошкентда кенг кўламда ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилган (Бекларбеги мадрасаси, Қўқон ўрдаси, Лашкар қушбеги саройи ва бошқалар қурилган). Янги маҳаллалар (Қашқар маҳалласи, Қушбеги, Девонбеги ва бошқалар) вужудга келган. Шаҳар мудофаа деворлари таъмирланиб янги дарвозалар (Қашқар, Қўқон, Қўймас) ўрнатилган, шаҳар ҳудуди кенгайтирилган. Лашкар қушбеги Анҳор каналининг чап соҳилида (тахминан ҳозирги "Анҳор" кафеси ўрни ва унинг ён атрофида) янги Ўрда қурдирган.[1]
Манбалар
Адабиётлар
- Бейсембиев Т.К., "Та’рих-и Шах-рухи" как исторический источник, Алма-Ата, 1987;
- Материали по истории Средней и Сентралной Азии Х—ХИХ вв., Т., 1988;
- История Ўзбекистана, Т., 1993. Машҳура Шарипова
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |