"Лазги", "Ўзбекрақс" қошидаги Комилжон Отаниёзов номидаги "Лазги" ашула ва рақс ансамбли — Хоразм ашула ва рақс ансамбли. Ўзбек давлат филармонияси (Тошкент) қошида 1957-йил ташкил этилган. 1968-йилдан "Лазги" номида, 1991-йилдан Комилжон Отаниёзов номида, 1997-йилдан "Ўзбекрақс" таркибида. Асосчиси, бадиий раҳбари ва бош балетмейстери Г. Раҳимова. Кейинги раҳбарлари К. Отаниёзов (1958-59), О. Отажонов (1982-86 ва 1987-88), Р. Шарипова (1986-87), Р. Қурбонов (1988-йилдан). Ансамблнинг бош балетмейстери — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист З. Ғиёсова, етук ижрочилари — О. Отажонов, Г. Ёқубова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ф. Солиҳова, Ш. Султонов, И. Зарипова, М. Ойнақулова ва шунингдек, З. Ғаффорова, О. ва У. Суюнбоевалар ва бошқа ансамбл репертуари, асосан, Хоразм халқ қўшиқ ва рақслари ("Норим-норим", "Оразибон", "Оғажон", "Сурнай лазгиси", "Хива лазгиси"), машарабоз ўйинлари ("Чўгурма рақси", "Чоғаллоқ" ва бошқалар), шунингдек, замонавий қўшиқлар ("Ўзбекистон қизлари", "Хоразм пахтаси", "Менинг ёрим", М. Мирзаев; "Сен ва мен", "Келкел ёрим", "Хоразму Бухоро", О. Отажонов), ашула-рақс композициялари ва сюиталар ("Салом сизга Хоразмдан", К. Отаниёзов; халқ куйларидан тузилган "Лазги саломи", "Хоразм тўйи", "Хива сайили", "Арка момонинг ният китоби", "Оға қақир", "Ҳайрониман", "Мақом" ва бошқалар)дан иборат. "Лазги" ижро дастуридан ҳинд, араб, тожик, рус, туркман, қозоқ, озарбайжон, ажар, афғон, грузин, уйгур ва бошқа халқларнинг рақслари қам ўрин олган. "Лазги" Европа ва Осиё мамлакатларида гастролда бўлган. Корфагендаги Этнографик ансамбллар 8-фестивали дипломанти (Тунис, 1975), Иорданиянинг 1-даражали "Мустақиллик" ордени билан тақдирланган (1984).

Ботир Матёқубов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил