Leptospirozlar
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Лептоспирозлар — одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир инфексион касаллик. Зооноз (ҳайвон орқали юқадиган) касалликлар гуруҳига киради. Лептоспиралар қўзғатади, уларнинг 10 дан ортиқ серологик гурухлари мавжуд. Лептоспиралар нам шароитда узоқ яшайди, паст ҳароратга чидамли. Касалликнинг табиий, хонаки ва аралаш ўчоқлари бор. Табиий ўчоқларда, асосан, кемирувчилар, уй шароитида эса қорамол ва қўй-эчкилар, чўчқа ҳамда каламуш ва сичқонлар инфексия манбаи ҳисобланади. Инфексия касал ҳайвондан одамга бевосита мулоқотда (ҳайвонларга тегинганда) ёки тери, шунингдек, ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали юқади. Касаллик шартли равишда сариқлик билан кечадиган (Вейл-Василев касаллиги, уни биринчи бўлиб кашф этган немис олими А.Вейл ва рус олими Н. П. Василев шарафига номланган) ва сариқсиз хилларга ажратилади. Сариклик билан кечадиган лептоспирозлар тўсатдан қалтириш, ҳарорат кўтарилиши, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади, дам-бадам иситма тутиши ушбу касалликка хос. Мускулларда кучли оғриқ, баданда майда тошмалар бўлади. Буйрак, жигар, баъзан қон томирлар зарарланади. Касалликнинг 4-кунига келиб бадан сарғаяди. Сариқсиз лептоспироз (сув иситмаси) да ҳам иситма чиқади, мускул ва бўғимлар оғрийди, лекин бадан сарғаймайди, касалликнинг бу шакли бир қадар енгил кечади, деярли асорат қолмайди.
Ҳайвонлардан қорамол, қўй, эчки, от, туя, чўчқа, ит, мушук, парранда, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчиларда учрайди. Касаллик камқонлик, сариқлик, ёппасига бола ташлаш, шиллиқ пардалар ва терига қон қуйилиши, некроз билан кечади. Лептоспирозлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида учрайди. Касалликнинг яширин даври 2—20 кун. Қорамол, қўй, эчкиларда касаллик жуда ўткир ривожланиб, иштаҳа йўқолади, ҳолсизланади, нафас олиши ва юрак уриши тезлашади, иситма кўтарилади ва 1—2 кундан кейин ҳайвон ўлади. Касалликдан тузалган ҳайвонларда узоқ муддатли иммунитет пайдо бўлади.
Даволаш
Аввал ташхис эпизоотологик маълумотлар, клиник белгилар, серологик усуллар ва лаборатория текширувига асосан қўйилади. Даволаш режаси касалликка қарши гипериммун зардоб ва стрептомицин, тетрациклин ишлатилади. Олдини олиш учун кемирувчиларга қарши кураш, махсус эмлаш, ветеринария-санитария тадбирлари, дератизация ишларини кўриш лозим[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |