Levit
Левит (ибр. „Ва-йикра“[1]) — яҳудийлик динининг муқаддас манбаси саналган Тавротнинг (Мусонинг беш китоби) учинчи китоби бўлиб, 27 бобдан иборат. Левит яҳудийлар ҳаётининг диний ва ибодатга боғлиқ жиҳатларига бағишланган бўлиб, одатда Талмуд адабиётида торат коханим номи билан келган. Левитда яҳудийлик ахлоқий асослари, диний кўрсатмалар, гуноҳларнинг каффорати, ейиш таъқиқланган нарсалар, таъқиқланган никоҳлар, диний маросимлар, байрамлар ва қурбонликларга оид масалалар ёритилган. Левитнинг жуда оз қисми қиссалардан иборат бўлиб, қолгани Синай тоғида худо Мусо орқали руҳонийларга етказган кўрсатмалардан иборат[2]. Бироқ унда берилган кўрсатмаларнинг бир қисмигина руҳонийларга тааллуқли бўлиб, қолган катта қисми эса бевосита Исроил халқига тегишли. Кўрсатмаларнинг аксарияти умумий характерга эга бўлиб, қолгани Исроил халқининг Мисрдан чиққанидан сўнг чўлда дарбадар кезиш шароитида ёки Эрец-Исроилдаги ҳаёт шароитида амалга ошириладиган кўрсатмалардан иборат.
Левитда Сонлар китобида берилган Левитларга оид қонунлар баён этилмаган. Левит китоби Чиқиш китобининг давоми сифатида эътироф этилади. Сонлар китобида скиния қуриш тарихи батафсилбаён этилган бўлса, Левит китобида эса ушбу скинияда бажариладиган маросимларни адо этиш шартлари берилган. Левит китоби яҳудийларнинг қурбонлик қилишлари лозимлиги ҳақидаги қонун билан бошланади (1-5 боблар). Ундан сўнг руҳонийларга қурбонлик амалини тўғри бажариш бўйича кўрсатмалар берилган (6-7 боблар). 8-10 боблар эса Чиқиш китобининг бевосита давоми бўлиб ҳисобланади. 11-17 боблар эса пок ва нопок нарсаларни (пок ва нопок ҳайвонлар, тананинг ритуал тозалиги, турар жойни тозалаш ва ҳоказо) ажратиб олишга оид қонунларга бағишланган бўлиб, ундан сўнг бир қатор кўрсатмалар берилган. Ушбу кўрсатмаларнинг мақсади эса фақат тозаликдан иборат бўлмай, балки яҳудийлар ҳаётининг муқаддаслиги масаласини ҳам ўз ичига олади (18-20 боблар). 19 боб эса Исроил фарзандларини муқаддаслаштирувчи ахлоқий кўрсатмаларга оид маълумотларни жамлаган. 21-22 бобларда кохенларнинг муқаддас эканликларига оид кўрсатмалар баён этилган. 23-бобда эса шанба куни ва умумий миқдори 7 та бўлган байрамларнинг муқаддаслиги баён этилган. 24 бобда скиниядаги тартиб ва кофир кимсани қатл этиш ҳақида баён этилган. 25-боб мамлакатнинг муқаддаслигига бағишланган бўлса, 26-боб эса Қонунга итоат этувчи кимсаларни мадҳ этиш, унга итоат этмайдиган кимсаларни эса лаънатлашдан иборат. Сўнгги 27-боб эса „Мана, Худо Синай тоғида Исроил фарзандлари учун Мусога туширган насиҳатлар“, деган жумла билан якунланган. Левит китобида келтирилган кўрсатма ва қонунларнинг асосий моҳияти яҳудийларнинг худо томонидан буюрилганидек поклик ва муқаддасликка риоя қилишларига қаратилган. Шунинг учун ҳам кохенлар, Исроил халқи, Исроил замини, шанба ва байрамларнинг муқаддаслигига оид маълумотлар Левит китобида қизил сиёҳ билан ажратиб ёзилади. Унда Аарон фарзандлари, яъни руҳонийларга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра кохен қурбонлик қилади ва Исроил билан унинг худоси ўртасида воситачи вазифасини бажаради[3].
Руҳонийларнинг асосий вазифаси яҳудийларга „муқаддас нарсани муқаддас бўлмаган нарсадан, пок нарсани нопок нарсадан ажратиб олиш“ни ўргатишдан иборат. Бу яҳудийларнинг гуноҳ ва нопоклик билан булғанишлари натижасида ибодатхоналарнинг ҳаром бўлиши ҳамда худо ўз халқини ташлаб кетишининг олдини олиш учундир. Умуман олганда, Левит китобида яҳудийлар учун нафақат амалларга оид ахлоқий меъёрлар, балки яқин кишисини севиш, қалбда ҳасад сақламаслик каби эзгу интилишлар ҳам баён этилган. Левит китобининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда одоб-ахлоқ ва ибодат меъёрлари бир-биридан ажратиб кўрсатилмаган, улар ўртасида чегара мавжуд эмас. Тадқиқотчи Ю. Велхаузеннинг фикрига кўра, Левит китоби нисбатан кечроқ, яъни Иккинчи ибодатхона даврининг дастлабки босқичида вужудга келган. Левит китобининг яҳудийлик учун муҳим манба эканлиги унда ушбу динда мавжуд 613 буйруқдан 247 таси жам бўлганлиги билан изоҳланади. Шунингдек, Левит китобига бағишлаб кўплаб талмудлар ёзилган. Левит китоби мактабларда дарслик сифатида ўтилган биринчи Библия китоби ҳисобланади[4].
Манбалар
- ↑ Берлин & Бреттлер 2014, с. 193.
- ↑ „Тҳе Тҳирд Боок оф Мосес, Cаллед Левитиcус“. Тҳе Библе: Аутҳоризед Кинг Жамес Версион. Охфорд Библиcал Студиэс Онлине, Охфорд Университй Пресс. 2023-йил 12-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 5-сентябр.
- ↑ Горман, пп. 4–5, 14–16
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 272.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.