Leykoz
Лейкоз (лейкемия), оқ қон касаллиги — қон ишлаб чиқарадиган тўқималарнинг ўсма касаллиги, бунда кўмик зарарланади ва нормал қон ҳосил бўлиши жараёни бузилади. Қон яратувчи аъзоларда ёш патологик ҳужайра элементлари ўсиб кетади, лимфа тугунлари ва талоқ, катталашади, қонда ўзига хос ўзгаришлар содир бўлади[1]. Касаллик сабаби тўла-тўкис аниқланмаган. Лейкознинг келиб чиқишида вирусли, эндоген, кимёвий ва радиацион омиллар назариялари мавжуд. Ўткир лейкоз, сурункали миелолейкоз (миелоид туркумидаги ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши бузилади) ва бошқа шакллари фарқланади. Ўткир лейкозга интоксикация хос бўлиб, асосан, тана ҳарорати кўтарилади, оғиз бўшлиғи ва томоқда йирингли-ярали жараёнлар, қонсираш кузатилади, асаб системаси издан чиқиши мумкин. Қон таркиби ўзгариб, бунда нормобласт, эритобласт ва мегалобластлар сони кўпайиб кетади. Периферик қонда анемия, тробоцитопения, лейкограмма ўзгариши, қон яратилишининг тўсатдан тўхташи ва бошқалар кузатилади. Сурункали лейкоз белгилари дастлаб сезилмаслиги мумкин. Қуввацизлик, бош айланиши, кўп терлаш, апатия, бироз ҳарорат кўтарилиши рўй беради. Беморнинг суяклари зирқираб оғрийди, меъда-ичак фаолияти бузилади. Жигар, талоқ ва лимфа тугунлари катталашади. Оғирроқ (терминал) ҳолларда анемия, тромбоцитопения авж олади. Лейкоцитлар, хусусан, базофил ва эозинофиллар сони ортади. Қон ва суяк кўмигида етилмаган ёш бластлар, кўмик пунктатида қоннинг лимфоид элементлари гиперплазияси рўй беради. Қонда донадор лейкоцитлар кўпаяди, баъзан гемолитик синдром, гемолиз кузатилади. Давоси ўткир лейкозда ва сурункали лейкоз зўриққанда бемор касалхонада даволанади. Рентгенотерапия, қувватга киритадиган, камқонликка қарши дорилар буюрилади, қон қуйилади.
Ҳайвонларда ҳам қон ҳужайраларининг етилиш жараёни бузилиши (анаплазия) касаллиги кечади. Лейкоз билан қорамол, қўй, эчки, от, чўчқа, ит, мушук, паррандалар касалланади. Ҳайвонлардан кўпроқ сигирларда, паррандалардан товуқларда учрайди. Касалликка радиоактив нурлар, кимёвий омиллар, генетик бузилишлар, гормонлар балансининг бузилиши ва вируслар сабаб бўлиши мумкин. Касаллик ҳайвон соғлиғига кўринарли зарар етказмасдан ойлаб ва йиллаб давом этади. Кўпчилик ҳолларда битта ёки бир қанча лимфа тугунлари, талоқ катталашади, шунингдек, овқат ҳазм қилиш бузилишлари, ҳолсизланиш, ориқлаш, сигирларда сутининг камайиши ва шишлар пайдо бўлади. Паррандаларда, кўпинча, 4 ойликдан катта товуқлар, баъзан курка, ўрдак, ғоз ва бошқа касалланади. Қишлоқ хўжалигига қорамолларда учрайдиган энзоотик лейкоз (лимфолейкоз) ва ретравиридаэ оиласига мансуб вируслар қўзғатадиган турли лейкоз шакллари катта иқтисодий зарар етказади.
Ташхис клиник белгиларга ва лабораторияда қон анализларига қараб қўйилади. Олдини олишда соғлом хўжаликларда бу касалликдан ҳимоя чоралари кўрилади. Қорамоллар клиник-гемотологик текширувдан ўтказилади. Касаллик аниқланса, соғломлаштириш тадбирлари кўрилади[2].
Манбалар
- ↑ „Леукемиа“. НCИ (1980-йил 1-январ). — „Cанcер тҳат старц ин блоод-форминг тиссуэ, суч ас тҳе боне марроw, анд cаусес ларге нумберс оф абнормал блоод cеллс“. 2014-йил 27-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2014-йил 13-июн.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |