Линплеум структураси

Линолеум (лотинча: Линум — зиғир мато, полотно ва олеум — мой) — полимер рулон (ўрам) материал. Асосли (зиғир толадан тўқилган матоли, пергалинли ёки иссиқлик-товуш изолясияли) ҳамда асоссиз (бир ва кўп қаватли), поливинилхлоридли, глифталли (алкидли), коллоксинли (нитролинолеум) ва резинали (релин) хилларга бўлинади. Линолеум 1,5—4 мм қалинликда, эни 2 м гача, узунлиги 6—20 м бўлган рулон (ўрам) ва кўп рангли қилиб ишлаб чиқарилади. Бино ва автомобил полларига қоплаш ва б. мақсадларда ишлатилади.

Линолеум дастлаб 1864-йил Англияда ишлаб чиқарилган. У жут матога (асосга) ўсимлик (зиғир, кунгабоқар ва б.) мойи, пўкак кукуни ва б. қопланган глифталли материалдан иборат бўлган.

Линолеум текис асосга (тахта ёки семент полга, шпаклепкалаб текисланган автомобил полига) полимер мастика ёки махсус елим ёрдамида ёпиштирилади. Стандарт ўлчамли хоналарга мўлжаллаб муайян ўлчамда ишлаб чикариладиган яхлит поливинилхлорид линолеум гиламлари ҳам бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил