Lison ut-tayr
Лисон ут-тайр (араб. – „Қуш тили“) – Алишер Навоийнинг достони, ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тилининг муҳим ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Асар 1498 – 99-йилларда форс шоири Фаридиддин Атторнинг „Мантиқ ут-тайр“ асари таъсирида ёзилган. Навоий асар сюжети ва бош ғоя хусусида Атторга издошлик қилган. „Лисон ут-тайр“ – фалсафий достон бўлиб, шоир унда мажозий образлар, қаҳрамонларнинг саргузаштлари орқали тасаввуфий ғояларини ифодалаган. Навоий асарда Худо ташқарида эмас, сенинг ўзингда, деган фикрни олға суради. Шу йўсинда инсонни улуғлайди, унинг камолотга эришиш йўлини юксак шеърий маҳорат билан баён этади. Асарнинг барча ғояси одамнинг тарбиясини кўрсатишга қаратилган.
„Лисон ут-тайр“ достони 3598 байтдан (176 кичик бобдан) иборат бўлиб, аруз вазнининг рамали мусаддаси мақсур (фоилотун – фоилотун – фоилон) вазнида ёзилган. Асардаги боблар алоҳида эпизодлардан, савол-жавоблардан, кичик ҳажмли ҳикоя ва масаллардан ташкил топган. Асардаги ҳикояларда Навоий буюк ҳикоянавис сифатида кўзга ташланади. [1]
Ше'рий баён
Бир куни гулистон, бўстон, ўрмон, денгиз ва биёбон қушлари мажлис тузадилар. Мажлисда қушлар ўрин тополмай, пароканда бўлишади. Шунда Ҳудҳуд уларга бир йўлбошчи керак эканлиги, унинг номи Семурғ эканлиги ҳақида хабар қилади. Барча қушлар Семурғ ҳузурига йўл олишади. Йўлда улар: Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру Фано водийларини босиб ўтишади. Бу водийларда улар турли хил қийинчиликларга дуч келишади. Сафар давомида турли хил қушлар, турли хил вазиятларда сафарни тарк этишади ва ҳалок бўлишади. Якунда Фақру Фано водийсига етиб келган 30 нафар қуш ўзларининг „Симурғ“ эканлигини англаб етишади. Улар фано йўлини босиб ўтиб, боқийликка эришади. Ҳар бир Водий баёнидан сўнг ибратли ҳикоятлар келтирилган. Асардаги энг узун ҳикоят „Шайх Санъон“ ҳақидаги ҳикоятдир.
Адабиёт
- Шарипов Ш., Алишер Навоий „Лисон ут-тайр“ достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари, Т., 1982;
- Султонмурод О., Нақшбанд ва Навоий, Т., 1996.[2]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |