Литология (лито... ва логия) — чўкинди тоғ жинслари ҳақидаги фан. Чўкинди тоғ жинсларининг таркибий қисми, структура ва текстураси, физиккимёвий хусусиятлари, ҳосил бўлиш шароитлари ва ўзгариши жараёнларини ўрганади. Чўкинди жинслар ва улар билан боғлиқ бўлган ёки бирга учрайдиган фойдали қазилмаларнинг пайдо бўлишидаги шарт-шароитларни, уларнинг кон бўлиб шаклланиши ва жойлашиш қонуниятларини аниклаб, мамлакатнинг фойдали қазилмаларга бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш Л.нинг энг асосий вазифасидир. Л. петрография, геокимё, тектоника, минералогия, стратиграфия, гидрогеология, физика, математика, кимё, биология, океанология ва бошқа фанлар билан узвий боғлиқ.

Л. ХХ асрнинг 40-йилларидан А. П. Карпинский, В. И. Вернадский, Д. В. Наливкин, Н. М. Страхов, Л. В. Пустовалов, М. С. Швецов, Л. Б. Рухин каби бир қанча рус геологларининг олиб борган ишлари натижасида фан сифатида шакллана бошлади. Ўрта Осиёда Л. фани Ҳ.М.Абдуллаев, В.И. Попов, О. М. Акрамхўжаев, Ф. О. Мавлонов, А. Г. Бобоев, Н. П. Петров, Н. И. Гриндев, М. Эгамбердиев, 3. С. Иброҳимов, М. 3. Зокиров, К. А. Сотириади, М. О. Аҳмаджонов, Д. Эшниёзов ва бошқа бир қанча ўзбекистонлик олимларнинг, айниқса, нефтчи-литологларнинг кўп йиллик меҳнати туфайли сезиларли даражада тараққий этди. Баъзи олимларнинг фикрича, Л. бундан 40—50 йил муқаддам чўкинди жинслар петрографиясининг тараққиётидан келиб чиққан. Аслида эса, Л. биринчи марта 11 —ХИИ асрлардаёқ ўртаосиёлик буюк олимлар Ибн Сино ва, айниқса, Беруний асарларида шаклланган. Улар чўкинди жинсларнинг денгиз, кўл ёки қуруқликда пайдо бўлганлигини илмий жиҳатдан исботлаш учун қатламлар таркибидаги ўсимлик қолдиклари, тошга айланган ҳайвон танаси, чиғаноқлар, балиқ тангаси ва бошқа далиллардан геология тарихида биринчи марта фойдаланишган. Беруний Амударёнинг қад. ўзани ҳолатини ва Ганг дарёси делтасини ўрганиш ҳамда ўзининг Ҳинд океани ва Қизил денгиз қирғоқларидаги аниқ кузатишлари билан ўша замондаёқ "ёш фанлар" — литология ва палеогеографияга асос солган. Олимларнинг ҳисобига кўра, Ер пўстида мавжуд бўлган барча фойдали қазилмаларнинг қарийб 75% чўкинди жинслар билан бирга учрайди. Чўкинди жинслар, асосан, 4 хил йўл билан: шамол ёки сув билан денгиз, кўл ва океанларга келтирилган (чақиқ) жинсларнинг йиғилишидан; сув таркибидаги турли моддаларнинг ўзаро кимёвий реаксияга киришиб чўкишидан; ҳайвон ва ўсимлик қолдиқларининг чўкишидан; қуёш энергиясининг ўсимлик фаолиятига таъсири (фотосинтез) натижасида вужудга келган органик моддалардан ҳосил бўлади. Чўкинди жинслар пайдо бўлиши ва ҳаттоки шаклланиши жараёнида вулкан ҳаракати ва вулкан материалларининг мавжудлиги катта аҳамиятга эга. Чақиқ жинслар, ҳаво, шамол, сув, муз, температуранинг мунтазам ўзгариши ҳамда ўсимлик ва ҳай-вонларнинг таъсирида туб тоғ жинсларининг кимёвий, механик нурашидан пайдо бўлади. Туб тоғ жинсларининг нураш жараёни кўпинча фойдали казилма конларининг пайдо бўлишига олиб келади. Мае, нураш пўстида те-мир ва марганец "қалпоклари", дала шпатларининг кимёвий емирилишидан каолинит, латерит, боксит вужудга келади. Механик нураш жараёнида олтин, титан-магнетит, касситерит (қалай) сочилма конлари ҳосил бўлади. Бу конлар чақиқ жинслардан ташкил топган қумтош, гравелит, конгломерат каби терриген жинсларда йиғилади. Чўкинди жинслар пайдо бўлишининг турли босқичларида кимёвий йўл билан ранг-баранг минераллар шаклланади. Ўсимлик қолдикларидан торф, кўмир қатламлари; сув кўкатлари ва ҳар хил денгиз ҳайвон қолдиқларидан ҳосил бўлган органик моддалардан эса нефт, газ ва ёнувчи сланецлар пайдо бўлади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил