Лизосома (юнонча: λύσις [лисис] - эритиш, σώμα [сома] - тана) — ҳужайра органоиди, ҳужайра ичида озиқ ҳазм бўлишини таъминлайди. Замбуруғлар ва ҳайвонлар ҳужайрасида бўлади. Шакли пуфакчага ўхшаш, бир мембранали, диаметри 0,2—0,8 мкм. Мембранаси ва матриксида 20 дан ортиқ гидролитик ферментлар (фосфатаза, нуклеазалар, катепсин, коллагеназа, глюкуронидаза, глюкозидаза ва бошқалар) бор. Ферментлари кучсиз кислотали муҳитда фаол. Ҳужайрада ўнлаб Лизосома бор. Голжи аппаратида ҳосил бўлади. Дастлаб ферментлари пассив бўлиб, бир-ламчи Лизосома эндоцитоз пуфакчалар (фагосомалар) билан қўшилгач, уларнинг ферментлари фаоллашади ва ютилган озиқ моддалар ҳазм бўла бошлайди, яъни иккиламчи Лизосома — ҳазм вакуоллари шаклланади. Лизосома-ҳужайранинг ўзини ҳазм қиладиган бўлса (автолиз) автофагирловчи вакуоллар (автофагосомалар, ситолизосомалар) дейилади. Лизосома яхлит ҳужайра ёки ҳужайра оралиғи моддаларини чиқариб ташлаш (итбалиқлар думининг сўрилиб кетиши, тоғай ўрнида суяк ҳосил бўлиши, яллиғланган жойдаги тўқималарнинг емирилиши)да ҳам иштирок этиши мумкин. Иккиламчи Лизосомаларда озиқ моддаларнинг чала парчаланиб, қолдиқ моддаларнинг тўпланиб бориши ҳужайранинг қариганлигини кўрсатади. Ўсимлик ҳужайрасида Лизосомалар топилмаган.[1]

Ҳайвон ҳужайраси

Эукарётик ҳужайра органеллалари:
  1. Ядроча
  2. Ҳужайра ядроси
  3. Рибосома
  4. Весиcле
  5. Эндоплазматик тўр
  6. Голжи комплекси
  7. Cйтоскелетон
  8. Смоотҳ эндопласмиc ретиcулум
  9. Митохондрия
  10. Вакуолалар
  11. Cйтосол (органеллаларни о'з ичига олган суюқлик; ситоплазмани о'з ичига олади)
  12. Лизосома
  13. Cентросоме
  14. Плазматик мембрана

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил